Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:11

Нуристонлик ишчилар: Пластикдаги ойликни олишга на банк бор, на банкомат!


Банкоматларнинг Нуристон шаҳарчасида йўқлиги ва вилоят шаҳарларидаги бор банкоматларда ҳам нақд пулнинг йўқлиги мижозларни айланма йўллар орқали иш битиришга мажбур қилмоқда
Банкоматларнинг Нуристон шаҳарчасида йўқлиги ва вилоят шаҳарларидаги бор банкоматларда ҳам нақд пулнинг йўқлиги мижозларни айланма йўллар орқали иш битиришга мажбур қилмоқда
Қашқадарё вилоятининг Нуристон шаҳарчасида жойлашган Толимаржон иссиқлик электр станциясининг OzodMikrofonга боғланган ишчилари пластик карточкадаги маошни маҳаллий дўконлар ва Paynet тармоғи орқали 13-15 фоизлик хизмат ҳақи эвазига нақдлаштиришга мажбур бўлаётганидан арз қилди. Ишчиларнинг айтишича, шаҳарчада на банк ва на банкомат бор. Банкка иши тушганлар 50 километр олисдаги Қаршига боришга мажбур.


Толимаржон иссиқлик электр станциясининг ишчилари Озодликка ёзган мактубида нақд пул етишмовчилигидан шикоят қилди:

“Маошларимиз юз фоиз пластикка тушади. Шаҳарда ҳам, ИЭСда ҳам нақд пул қиладиган бирорта банкомат йўқ. Бор пулимизни 14-15 фоиз ҳисобига дўкон ёки пайнетлардан нақдлаштиряпмиз. Ёмон алам қиляпти, нега биз тер тўкиб топган маошимизнинг бир қисмини бекордан бекорга беришимиз керак экан? Ўлиб қоладими ИЭСга битта банкомат ўрнатиб қўйишса?!” деб ёзади станция ишчиларидан бири.

Озодлик нақд пул муаммосига доир бу ҳолатни ўрганиш давомида Толимаржон ИЭСи ишчилари ва раҳбарияти билан боғланди.

Исми сир қолишини сўраган ишчилардан бирининг айтишича, шаҳарчада бирор банк филиали ва банкоматнинг йўқлиги уларни жуда оғир аҳволга солиб қўйган:

- Ишчиларимиз жуда тўғри мактуб ёзган экан. Халқ қийналиб кетди. Маошлар юз фоиз пластикда, лекин ҳамма жой ҳам пластикни қабул қилмайди. Станцияга битта банкомат ўрнатиб беришса, ҳеч бўлмаса, 20-30 минг сўм оладиган қилиб қўйишса ҳам майли. Шу ҳам йўқда. Шаҳарчамиздаги ҳамма дўконлар ҳам пластикка ишламайди, ишлайдиганлари баъзи пайтларда маошнинг 13-15 фоизни олиб қолиб, қолганини нақд пул қилиб беради. Қолган пайтда 50 километр йўл босиб Қаршига боришга мажбурмиз. Ўшанда ҳам бир миллиондан 150 минг сўм олиб, кейин нақд қилиб беришади, - дейди станция ишчиларидан бири.

Ишчининг айтишича, улар кўп ҳолатларда нақд пули бор танишларининг кўмагига таянади:

- Масалан, бир танишим нақд пули бору ўшани бозорда ёки заправкада ишлатмоқчи. Мен ундан илтимос қиламан, биродар ўша нарсангни пластик орқали мен олиб берай, нақд пулни менга бер деб, - дейди ишчи.

Толимаржон Иссиқлик электр станцияси мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда нақд пул тақчиллиги уларга боғлиқ эмаслигини айтди:

“Биз ойликларни тўлиқ пластикларга ўтказиб беряпмиз. Уни нақд пул қилиб бериш банкларнинг вазифаси”, деди станция мулозимларидан бири.

Ўзбекистон Марказий Банкининг Қашқадарё вилояти бўлими раиси ўринбосари Абдумажид Яҳёев Озодлик билан суҳбатда нақд пул таъминотида камчиликлар борлигини тан олар экан, бу борадаги камчиликларга тез орада барҳам берилишини айтди:

- Тўғри пластик карточка билан боғлиқ муаммолар бор. Буни инкор қила олмайман. Мен ўзи кеча бу ерда иш бошладим. Мен бу масалани бир ўрганиб чиқай, вазият билан танишай. Имкони борича муаммони ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиламиз,- деди Абдумажид Яҳёев.

Ўзбекистонда пластик картага ўтказилган маош, нафақа ва пенсияларни банклардан нақд пулда чиқариб олиш йиллардан бери давом этиб келаётган муаммо.

Банклар ва банкоматларда нақд пул етишмаслиги боис, фуқаролар пластик картага ўтказилган ойлик ва пенсияларини ўртакаш корчалонларга 10 фоиздан 20 фоизгача ҳақ бериб, нақд пулга айлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG