Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:14

Обама: Нормандия ишғоли инсоният тарихини белгилаб берди


АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама.

Жума куни Францияда Иккинчи жаҳон уруши пайтида Иттиофқчи қўшинлар Нормандияга тушишининг 70 йиллиги катта тантана билан нишонланди. Дунё етакчиларини бир жойга тўплаган тадбирда чиқиш қилган АҚШ Президенти Барак Обама 70 йил аввал 150 минг қўшиннинг бир фронт бўлиб Франция шимолий соҳилига тушгани нафақат уруш, балки инсоният тарихида бурилиш ясаганини таъкидлади.




Президент Барак Обама ўша ҳодисалардан 70 йил ўтиб ҳам Америка Европа минтақаси ва дуёнинг бошқа жойлардаги иттифоқчиларининг озодлиги борасида олган мажбуриятларига содиқ қолгани ҳақида гапирди.

- Бу ғалабадан қанчалик фарҳлансак-да, бу ерда шунчаки бу ғалабани хотирлагани тўпланганимиз йўқ. Дунё қанчалик бундан миннатдор бўлса-да, келтирган қурбонликларимизнигина хотирлаётганимиз йўқ. Биз Америка ва иттифоқчиларимиз энг қийин ва таҳликали дамларда нега озодликнинг тирик қолиши учун шунчалар фидокорлик қилганини эслаш учун тўпландик. Биз буни амлга оширган эркагу аёлларнинг ҳикоясини эслаш учун тўпландик, токи бу хотира келажак авлодлар учун муқаддас бўлиб қолсин, деди Обама.

Нормандиянинг америкалик қўшинлар дафн қилинган қабристони олдида гапирган АҚШ президенти 1944 йил 6 июнида Омаҳа соҳилидан бошланган ишғол нафақат Иккинчи жаҳон урушида, балки “бутун инсоният тарихида бурилиш ясади”, дея таъкидлади.

- Нормандиянинг Омаҳа соҳили – демократия палцдарми бўлган. Ўша урушдаги ғалабамиз нафақат асрни белгилаб берди, балки ундан кейинги авлодларнинг хавфсизлиги ва равнақини белгилаб берди. Эски ғанимларимизни янги иттифоқчиларимизга айлантира олдик. Биз янги дунё ясадик. Бу континент халқлари билан девор қулаб, Темир парда олиб ташлангунига қадар узоқ давом этган курашда бирга турдик. Ғарбий Европадан Шарққача, Жанубий Америкадан Жануби-Шарқий Осиёгагача 70 йил давомида демократия ҳаракати тарқалди. Авваллари фақат қўрқув жилови остида яшаган халқлар озодлик неъматларини тата бошлади, деди АҚШ президенти.

Обама чиқиш қилган Франциянинг Кольвадос вилоятида жойлашган қабристонда Нормандияга иттифоқчи қўшинлар тушиши операциясида ҳалок бўлган 10 мингга яқин АҚШ аскари дафн қилинган.

Бу операция Нормандиянинг Омаҳа соҳилига қўшинларнинг тушиши билан бошланган. 6 июнь куни бу воқеаларнинг хотирланиши муносабати билан Омаҳа соҳилида байроқлар тушурилди. АҚШнинг 29-пиёда қўшинлар дивизияси фаҳрийлари бу тадбирларда қатнашди.

Франция Презденти Франсуа Олланд маросим очилишида сўз олиб, ўз мамлакати АҚШ аскарлари келтирган қурбонликларни унутмаслигини билдирди. Икки мамлакат халқларининг дўстлиги “нафрат ва зулмга қарши инсон ҳуқуқларининг қудратини кафолатлайди”, деди Олланд.

Нормандиядаги тантанали маросимда Россия Президенти Владимир Путин ҳам иштирок этмоқда. Байрам тадбирига Британия, Германия, Канада ва Украина етакчилари ҳам ташриф буюрган.

Бу сафарги байрам маросими Москваинг Украинадаги ҳатти-ҳаракатлари боис Россия билан Ғарб ўртасига совуқчилик тушган пайтга тўғри келмоқда. Нормандия воқеаларини хотирлаш тадбири икки томон ўртасидаги тарангликни бироз юмшатишига умид билдирилмоқда.

Тадбир олдидан Франция раҳбари Олланд Парижда Обама ва Путин билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Британия ва Германия етакчилари ҳам хотирлаш маросими баҳонасида Украина бўҳронини муҳокама қилгани Путин билан алоҳида учрашиб олди.

Нормандия тадбирлари давомида АҚШ ва Россия раҳбарлари ўртасида учрашув режалаштирилмаган.

Путиннинг Нормандияга ташриф буюрган Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко билан учрашиши ҳам режалаштирилгани йўқ.

Лекин Путин шу ҳафта бошроғида Франция радиосига берган интервьюсида Нормандия тадбирларида қатнашадиган давлат раҳбарлари билан учрашишдан қочмаслигини таъкидлаган эди.

Катта Еттилик давлатлари етакчилари жорий ҳафтада Брюсселда учрашиб, Россиянинг Украинадаги ҳатти-ҳаракатларига жавобан Кремлга нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласини муҳокама қилди.

Дунёнинг энг саноатлашган етти давлати етакчилари икки кунли саммит якунида Путинни Украинадаги бўҳронни ҳал этиш йўли ўлароқ, Порошенко билан мулоқотга киришишга чақирди.
XS
SM
MD
LG