Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:28

Урганч аэропорти МДҲда "энг яхши" деб топилди


Россиянинг “Аэропорт” фуқаро авиацияси уюшмаси бош директори Виктор Горбачёв Озодлик билан суҳбатда Урганч халқаро аэропорти МДҲ ҳудудидаги 25 аэропорт орасида ўтган йилнинг энг яхши аэропорти, деб топилганини айтди. Айни пайтда Урганч аэропорти орқали учган йўловчилар ижтимоий тармоқлар орқали мазкур аэропортда хизмат кўрсатиш даражаси қониқарли эмаслигидан шикоят қилмоқдалар.

Ўзбекистоннинг Урганч халқаро аэропорти Россиянинг “Аэропорт” фуқаро авиацияси уюшмаси тарафидан “МДҲ мамлакатлари ичида 2013 йилнинг энг яхши аэропорти”, деб топилди.

Бу ҳақда Озодликка мазкур уюшма бош директори Виктор Горбачёв маълум қилди.

- Биз ҳар йили йилнинг энг яхши аэропорти номинацияси бўйича МДҲ мамлакатлари орасида танлов ўтказиб борамиз. У ерда учта номинация бор. Шу номинациялардан бири бўйича Урганч ғолиб бўлди, - деди Виктор Горбачёв.

Танловда МДҲ ҳудудидаги 100 мингдан 500 минггача йўловчига хизмат кўрсатадиган аэропортлар қатнашган.

- Танловда МДҲнинг Россия, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Ўзбекистон каби мамлакатларидан жами 25 та аэропорт қатнашди. Урганч аэропорти ўзида ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бу номинацияда ғолиб бўлди. Яъни аэропортга хизматни такомиллаштириш учун 2013 йилда катта миқдорда сармоя ётқизилган, аэровокзал таъмирланган, - деди Аэропорт” фуқаро авиацияси уюшмаси бош директори Виктор Горбачёв.

Эслатамиз, ўтган йили Урганч халқаро аэропортининг янги терминали ишга туширилган. Янги терминал соатига 300 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга экани айтилади.

Терминалда 200 кишига мўлжалланган VIP и CIP заллари ва Duty-free дўконлари бор. Айни пайтда Урганч аэропорти орқали учган йўловчиларнинг ижтимоий тармоқлар, жумладан, Facebook, Twitter орқали бу ерда хизмат кўрсатиш даражаси қониқарли эмаслигидан шикоят қилган ҳолатлар ҳам бўлган.

Урганч аэропортида йўловчиларни "мясорубка"дан ўтказишади

Озодликка WhatsApp орқали Урганч аэропортида соатлаб давом этадиган божхона текширувлар ҳақида шикоят қилган хоразмлик йўловчилардан бири халқаро мақомга эга мазкур аэропортда хориждан келаётган ва хорижга жўнаб кетаётган йўловчилар божхона кўригидан "гўштмайдалагичдан ўтказилгандай” қаттиқ текширувдан ўтказилишини айтган.

- Худди мясорубкадан ўтказгандай, бирма-бир текшириб ўтказишади. Йўловчилар икки-уч соатга қолиб кетишади. Шунинг учун мен доим Урганчга борадиган бўлсам, Москвадан тўғри Урганчга учадиган рейсга билет олмайман, Тошкент орқали учадиганига оламан, - деб айтган Россияда ишловчи Озодлик муштарийларидан бири.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатига кўра, ўтган йили Урганч аэропорти 143 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатган. Уларни учдан бир қисми хорижлик сайёҳлардир.

Келаси йилдан Урганчни Европанинг учта йирик шаҳри билан боғловчи рейслар очилиши кутилаяпти.

Урганч аэропорти халқаро аэропорт мақомига эга бўлиб, унинг қўналғасига А-310, Боинг-767, 757, 747, RJ-85, Ту-154, Ил-76, Ил-96 каби катта учоқлар бемалол қўниши мумкин.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар камлиги боис дабдабали аэропортларнинг қурилиши ўзини оқламайди.
XS
SM
MD
LG