Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:56

Sugar Monitoring: Ўзбекистонда шакар қимматлашига мураббо сабаб эмас


Ўзбекистон бозорларида шакар нархи саксон фоизга қимматлаб, Тошкент дўконларида бир кило шакар 4500-5000 сўмга чиқди. Москвадаги Sugar Monitoring таҳлил гуруҳига кўра, Ўзбекистонда шакар бизнеси президент маъмуриятига яқин бир ховуч одамларнинг қўлида қолаётгани боис, энг истеъмолбоп маҳсулот нархи сунъий тарзда кўтарилиб бормоқда.

Ўзбекистон бозорларида апрель ойи бошларида килосини 2800-3000 сўмга олиш мумкин бўлган шакар бугунги кунда 4500-5000 сўм (қора бозор курсида 1.5 АҚШ доллари, Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курсда қарийб 2,5 АҚШ доллари)дан сотилмоқда.

Ўзбекистонда шакар нархи сўнгги уч ой ичида қарийб саксон фоизга қимматлади.

Хусусан, Тошкент дўконларида сотилаëтган бир килограмм шакар нархи шу кунларда Хитой ва Украинадаги нархдан бир баробар, Россиядаги нархдан эса ярим баробарга қимматдир.

Шакар нархининг муттасил ўсиб боришини Ўзбекистон расмийлари изоҳлашмаяпти.

Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқариш бўйича монопол корхона ҳисобланган “Хоразм шакар” заводи раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда шакарга давлат белгиланган нарх кўтарилганини рад этди.

- Бизда шакар ошмаган. 2 минг 800 сўмдан сотиляпти. Дўконларни ҳам бугун эрталаб мониторинг қилдик, шу нархда сотиляпти, - дея изоҳ беришга уринди "Хоразм шакар" корхонаси вакили.

Аммо, сўнгги 2-3 ойдан буён 2 минг 800 сўмлик арзон шакарни дўконлардан топиш имконсиз бўлиб қолгани ҳақида Озодликка кўплаб мурожаатлар келмоқда.

Одатан, оддий одамлар шакар нархининг айнан апрель ойидан оша бошлагани сабабларини мамлакатда бошланадиган одатий мураббо мавсумига боғлайди.

- Компот, мураббо мавсуми бошланганига шакар анча тортилиб қолди, - дейди жумладан тошкентлик Адҳамжон.

Лекин, МДҲ маконида шакар бозоридаги аҳволни кузатадиган Россиядаги Sugar Monitoring маркази таҳлилчиси Евгений Иванов Ўзбекистонда шакар нархининг ошиши сунъий ташкил қилинадиган жараён экани ҳақидаги хулосасини илгари суради.

Sugar Monitoring таҳлилчисига кўра, Ўзбекистонда шакар бизнеси президент маъмуриятига яқин бир ҳовуч одамларнинг қўлида, бозорда шакар оқимини шу гуруҳ назорат қилади ва шакар нархини ҳам шу гуруҳ белгилайди.

- Ўзбекистонда шакар бозори монополлаштирилган. Жуда қаттиқ монополия мавжуд. Бу мамлакатда эркин шакар бозори йўқ, бўлмаган ҳам. Бозорни президент маъмуриятига яқин одамлар назорат қилади. Аввал, президентнинг қизи Гулнора Каримовага яқин одамлар бошқарган бўлса, ҳозир ҳам бу монополия президент маъмуриятига яқин одамлар қўлида. Бу гуруҳ бозорда хоҳлаганини қилади. Четдан олиб келинадиган ва мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариладиган шакар оқимини тўлиқ назорат қилади. Бошқа ширкатлар ўзларича мамлакатга шакар олиб келиб сотолмайди, - дейди Евгений Иванов.

Маълумки, Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган шакарнинг ярми четдан хомашё сифатида, ярми тайёр маҳсулот сифатида сотиб олинади.

Sugar Monitoring таҳлилчиси Евгений Ивановга кўра, Ўзбекистонда шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 700 минг тоннани ташкил қилади.

- Ўзбекистон ўзида истеъмол қилинадиган шакарнинг ярмини, яъни 350 минг тоннасини хомашё сифатида четдан сотиб олади ва Хоразмдаги заводда қайта ишлайди. Қолган 350 минг тоннасини тайёр маҳсулот сифатида МДҲ мамлакатлари, жумладан Беларус, Озарбайжон, шунингдек Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби узоқ хориж давлатларидан импорт қилади. Ҳозир Ўзбекистон ўзида иккинчи шакар заводини қуриб, четдан шакар импортини камайтириш ҳаракатида, - дейди Иванов.

Ангрен махсус индустриал ҳудудида қурилаётган шакар заводи ишга туширилса, Ўзбекистон 2016 йилдан бошлаб шакар импорт қилишни буткул тўхтатиши мумкин.

Ангрендаги заводнинг суткасига 1000 тонна шакар ишлаб чиқариши режаланган.

Аммо, мамлакатда шакар бозори алоҳида шахслар монополиясидан чиқмас экан, бу муаммо ҳал бўлмайди, деб ҳисобламоқда москвалик таҳлилчи.

- Токи Ўзбекистонда шакар тижорати монополиядан қутилмас экан, ўзбекистонликлар учун арзон шакар орзу бўлиб қолаверади, - дейди Sugar Monitoring таҳлилчиси Евгений Иванов.

Шакар ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларига монополия ўрнатилганини ўзбек расмийлари инкор қилади ва шакар нархининг ортиб кетганини талабнинг ортиши билан изоҳлайди.

XS
SM
MD
LG