Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:56

Тошкентда мол гўшти қимматлади, шакар нархи барқарор


Пойтахтдаги дўкон ва супермаркетларда мол гўшти қимматлаб бир килоси 25 мингдан 39 минг сўмгача сотилмоқда. Гўшт нархи ошгани об-ҳаво иссиқлиги учун мол камроқ сўйилаётгани билан изоҳланмоқда. Айни пайтда, бир неча ҳафта олдин ур-йиқитларга сабаб бўлган шакар ҳамма дўконларда навбатсиз 3200 сўмдан сотилмоқда.

Тошкентлик уй бекаси Барнохон опа Озодлик билан суҳбатда мол гўштининг нархи сўнгги 10-15 кун ичида ошганини айтди.

- Лаҳм мол гўшнинг килосини 33 минг сўм деяпти. Мол гўштининг дўкон ва супермаркетлардаги нархи шунақа. Бозорда нарх 27 ёки 28 минг сўмдир. Бирибир қимматда, дейди Барнохон опа.

Пойтахтдаги “Макро” супермаркетларидан бирининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда мол гўштининг шу кундаги нархи ҳақида буларни айтди.

- Гўштнинг ҳар-хил томонлари бор. Шунинг учун бир кило гўшт 25 мингдан 39 минг сўмгача сотиляпти, дейди “Макро” ходими.

Озодлик боғланган “Корзинка” супермаркетининг ходимларидан бири бир кило мол гўшти 25 мингдан 41 минг сўмгача бўлган нархда сотилаётганини айтди.

- Грудинка бор, 25990 сўм. Мол гўштининг энг қиммат жойи 40 990 сўмгача, деди “Корзинка” супермаркети ходими.

Мол гўшти нархи нимага ошган, деган саволга иккала дўкон ходими улгуржи савдода нарх ошган бўлса, дўконда ҳам нарх ўз-ўзидан ошишини урғулади.

Ёз чилласида гўшт нархи ошади

Тошкентлик уй бекаси Маҳбуба опа ёз чилласида гўшт нархининг ошиши ҳар йили кузатиладиган ҳолат эканини айтди.

- Олдингига нисбатан гўшт нархи ошган. Ҳозир кун иссиқ бўлгани сабабли мол камроқ сўйилади. Бозорда гўшт туриб қолса, тез айнаб қолади. Шунинг учун ҳар йили чиллада гўшт озгина тортилади. Кўпчилик хўл мева ейди. Рўза пайтида ҳам гўшт кўп кетмайди, дейди Маҳбуба опа.

Хайит байрами арафасида шакар бемалол

Гўшт қимматлашидан олдин Ўзбекистон бўйлаб шакарнинг нархи ошиб кетди.

Супермаркетларда 2800 сўмдан арзон шакар олиш учун ўнлаб одам навбатда тургани акс этган фотосуратлар Озодликка етиб келди. Айрим вилоятлар бозорларида бир кило шакар 8000 сўмгача сотилди.

Шакар маҳсулоти бозорида барқарорликни таъминлаш, юзага келган вазиятни юмшатиш ва истеъмолчилар ўртасида шов-шувларга барҳам бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси чакана савдо дўконларида сотилаётган бир килограмм шакарнинг максимал нархи учун 3 минг 200 сўмдан ошмаслигини белгилаб қўйди.

Барнохон опа ҳозир пойтахт дўконлари ва бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи турғун эканини шакар нақд пул ва пластик картага бир хил нархда сотилаётганини айтди.

- Дўконларда ҳеч қанақа камчилик йўқ. Ҳозир ҳамма ёқ тўлиб-тошиб Хайит байрами арафасида ҳамма нарса жойида. Фақат гўштла озгина қиммат бўлиб кетди демасак. Шакар ҳамма жойда бемалол бўлиб қолди. Ҳаммаёқда бир хил нарх. 3200 сўм. Ҳукумат қарор чиқарган экан. Нақд пулга ҳам пластикка ҳам шу нарх. Навбат йўқ. Ҳамма ёқда бемалол бўлиб қолди болам, дейди тошкентлик уй бекаси Барнохон опа.

XS
SM
MD
LG