Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:02

Бухородаги Atlantis pool аквапаркида 10 яшар қиз чўкиб ўлди


4 август куни Бухорода Atlantis pool аквапаркида 10 ёшли қизча 1 ярим метрлик бассейнга чўкиб ҳалок бўлди. Бухоро шаҳар прокуратураси ҳодиса юзасидан тергов бошлади ва аквапаркни вақтинча ёпиб қўйилди. Очилганига энди 3 йил бўлган бу аквапарк шаҳарнинг энг гавжум дам олиш масканига айланиб улгурган эди.

Бухоролик Сабина исмли 10 ёшли қизча аквапаркнинг катталар учун мўлжалланган 1 ярим метр чуқурликдаги ҳовузга тушиб, чўкиб кетди.

Бахтсиз ҳодисани тасдиқлаган Atlantis pool аквапарки ходимлари Озодлик билан суҳбатда қизча ўлими учун масъулиятни унинг онасига юклади.

- Бизда иккита ҳовуз бор. Бири болалар учун, яна бири катталар учун мўлжалланган. Бу қизча болалар ҳовузида чўмилаётган бўлган. Онаси катта бассейнда бўлган. Кейин қизча шу икки ҳовузнинг ўртасидаги зинапоядан ўтиб катта ҳовузга тушиб қолган. Онаси ҳам қарамаган. Қандайдир сонияларни ичида қизча сувга чўкиб кетган. Кейин қутқарувчиларимиз кўриб қолиб, қизни сувдан чиқариб олишди. Қизчага шу ерни ўзида биринчи ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг уни касалхонага олиб кетишди. Кейин билсак қизча оламдан ўтган экан, - деди исмини ошкор қилмаётганимиз Atlantic pool аквапарки ходими.

Лекин, қизча чўкиб кетгунига қадар бассейндаги хавфсизликка масъул қутқарувчилар қаёққа қарагани ҳақидаги саволни парк ходими очиқ қолдирди.

Озодлик марҳум қизчанинг онаси билан боғлана олмади.

Ҳозир Бухоро шаҳар прокуратураси бу юзадан тергов олиб бормоқда ва парк ходимлари очиқ қолдирган бир қатор саволлар - 10 яшар қизча қандай қилиб чуқурлиги бир ярим метр бўлган катталар ҳовузига ўтиб қолган, аквапарк қутқарувчилари нима сабабдан буни вақтида пайқамаган ва ҳалокат олдини олмаган, сузишни билмайдиган қизчага нега хавфсизлик чамбарагисиз ховузга тушишига рухсат берилди, каби саволларга жавоб изламоқда.

Тергов боис, Atlantis pool аквапарки вақтинча ёпилди.

2011 йилда очилган Atlantis pool аквапарки кунига икки юз одамга хизмат кўрсатади. Бухородаги энг йирик бу аквапаркда шу пайтгача бунақа бахтсиз ҳодиса қайд этилмаган эди.

- Бу ҳолат бизни яна ҳам хушёр торттирди. Вазиятни ўрганиб чиқиб, аквапаркда хавфсизлик чораларини яна ҳам кучайтирамиз, - деб ваъда қилмоқда Atlantic pool маъмурияти.

XS
SM
MD
LG