Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ бизнес шериклари, Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакяннинг суд ҳукми юзасидан шикоят аризалари қондирилмади.
Би-би-си манбаларининг билдиришича, шу ой бошида Тошкент апелляция маҳкамаси Мадумаров ва Авакянга қарши июл ойида чиқарилган узоқ муддатли қамоқ жазоларини ўзгаришсиз қолдирган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси 18 июль куни эълон қилган хабарномага кўра, Гаянэ Авакян, президент қизининг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва яна 11 шахс билан бирга Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан шу йилнинг 24 май куни узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
Озодлик бир неча норасмий манбадан олган хабарларга кўра, суд ҳакамлари Рустам Мадумаровни 10 йил, Гаянэ Авакянни 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.