Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:28

OzodMaktub: Ҳаёт-мамот синови ва ҳокимият малайига айланган ўқитувчилар


Рус тилидан имтиҳон топшириш учун келган меҳнат муҳожирлари Санкт-Петербургдаги тест марказида.
Рус тилидан имтиҳон топшириш учун келган меҳнат муҳожирлари Санкт-Петербургдаги тест марказида.

Озодликка мактуб ёзган одам бисёр. Бу хатларнинг аксарияти шахсий характерга эга бўлиб, уларни эълон қилиб, сиз азиз муштарийнинг қимматли вақтингизни олиб ўтирмаймиз. Аммо таҳририятимизга келган мактублар орасида ижтимоий аҳамиятга эга ёки кўпчиликка фойдаси тегиши мумкин бўлганлари ҳам борки, уларни ОзодМактуб рукни остида пешма-пеш чоп қилиб бормоқдамиз. Бугун ҳам шу каби мактублардан иккитасини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

“Ҳаёт-мамот синови”дан ўтдим

Салом, Озодлик радиоси. Авваламбор сизларга ўзбек муҳожирларига бераётган ҳуқуқий ёрдамларингиз учун катта раҳмат айтмоқчиман.

Мен Санкт-Петербургда 9 йилдан буён меҳнат муҳожири бўлиб келаяпман.

Яқинда рус тилидан тест синовларидан ўтиб, сертификат олиш учун УФМСга бордим. Таниш УФМС ходими орқали 2000 рубль тўлаб, барча ҳужжатларимнинг нусхасини топшириб, “Единый центр документов” деган давлат тасарруфидаги фирмадан йўлланма олиб, белгиланган бинога эрталаб соат 10 да кириб бордим. Йўлланмани кираверишдаги махсус қўриқлаш ходимига кўрсатиб, рўйхатга исм-шарифимни ёздим.

Кўп кутишга тўғри келмади. Тест маркази ходими рўйхатни ўқиб, 10 тача одамнинг паспортини текшириб, тест хонасига киритди, кейин тартиб-қоидаларни тушинтирди. Муомаласи ўта маданиятли эди, “ким тушунмаса, мени чақирсин, жараён мобайнида тушунтириб беришим мумкин”, деди.

Тестга келсак, ҳаммаси компьютерлаштирилган, саволлар унчалик қийин эмас ўқимишли одамга, лекин кўпчилик ўқимишли бўлмаганларга анчагина мураккаб бўлиши ажабланарли эмас.

Тест-имтиҳон 3 бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бирига 15 дақиқадан - жами 45 минут вақт ажратилган экан. Имтиҳон вақтида саволларга тез жавоб берилса, “кейингиси” деган тугмачани босиб, вақтини қисқартириб кетиш мумкин экан.

Топширувчилар миллатлари ҳар хил. Хуллас, имтиҳон бошланди. Ҳамма саволларга жами 12 минут ичида жавоб бериб, тугатганимни билдириб, қўлимни кўтардим. Мени экзаменатор чақириб, “сиз тестдан ўтдингиз, 4 кундан кейин сертификат олиш учун келинг, табриклайман” деб, хонадан чиқариб юборди.

Чиқишим билан тестдан ўта олмай, иккинчи марта бахтини синаш учун келган турли миллатдаги муҳожирлар мени ўраб олишди. “Бир мартада топширдингизми?” деб, юзларида ҳайронлик ифодаси билан сўраб-суриштиришди.

Тест синовларидан икки марта ўтишга рухсат берилар экан. Ҳар сафар алоҳида пул тўланар экан. Бу бечоралар Россияда қолиш, муҳожирликдаги ҳаётини давом эттириш учун бахтларини яна бир марта синаб кўриш учун умидланиб келган одамлар экан.

Энди хотима қилиб, тест тўғрисидаги қонун ҳақида ўз фикримни айтсам. Агар Россияда 2015 йил 1 январидан барча меҳнат муҳожирлари ишлашга рухсатнома ёки патент олиш учун рус тилини билиш сертификатини кўрсатиши шарт бўлса, ўрта осиёлик мигрантларимиз қарийб 60-70 фоизи 2015-16 йиллар орасида уйларига қайтиб кетишади, чамамда. Чунки ёнимда ўтириб, мен билан бирга топшираётганларнинг аҳволини кўриб, жуда ачиндим.

Агар кейинги йилдан рус тилидан ташқари яна Россия тарихи ва Россия конституцияси бўйича имтиҳон ҳам қўшилса, ҳаммаси деярли тамом деяверинг.

Ёзганларимдан хулоса шуки, сертификат беш йилга бериладиган бўлса, иложи борича тез кунларда - бир имтиҳонлик пайтида топшириб қутилиш керак. Ёки ҳозир ватанда юрган муҳожирларимиз келмай қўя қолсинлар бу ёқларга.

Юқорида мен иштирок қилган жараёнда мени ҳайрон қолдиргани шуки, тест синов марказида ҳамма жойда кузатув камераси бор ва УФМСнинг порахўр, ҳаммани жеркувчи ходимлари йўқ (имтиҳон олувчилар - университет домлалари). Энг қизиғи, ҳар жойда ҳозир ўзимизнинг ўзбегу тожик ўртакашлар бу ерда йўқ. Худди Европага бориб қолгандай бўлдим, тавба (тилга олган кишиларим бу ер ҳозир ва келажакда яна бир энг ёғли жой бўлишини ҳали уйлашмаган ёки иложини қилишолмаган, менимча).

Шуларни ўйлаб, тестдан муваффақият билан ўтганимдан хурсанд бўлиб, “Худога шукур” деб, кўтаринки кайфиятда иш жойимга йул олдим. Чунки бу синов энди ҳар биримиз учун ҳаёт-мамот синови бўлиб қолди, десам ҳам муболаға қилган бўлмасам керак.

Ҳурмат билан Жулқунбой.

“Маҳаллий ҳокимиятнинг малайига айланиб қоляпмиз”

Ассалому алайкум, Озодлик радиоси!

Мен Хоразм вилояти Ҳазорасп туманиданман. Тумандаги мактаблардан бирида раҳбарман.

Ҳозирги кунда байрам яқинлашгани туфайли бизни туманимизнинг марказий жойларини маблағ сарфлаб, ободонлаштиришга мажбурлашяпти. Бир-икки кун бўлса, майли эди - ҳар кун шу аҳвол.

Мактаб директорлари ўзларининг чўнтагидан брусчатка қилиш учун боғларга бириктирилди. Директор ўринбосарларига эса шу боғларни гулзор қилиш, байроқчалар билан безаш топширилди.

“Бу ишларни қилмайман” дейдиганлар бўлса, маориф мудирамиз Зулфия Қурбонова томонидан қаттиқ ҳақоратланиб, “ишдан бушайман” мазмунидаги ариза ёздирилади. Маҳаллий ҳокимиятнинг малайига айланиб қоляпмиз.

Бундан ташқари, ҳар куни катта магистрал йўлга ўқитувчиларимизни чиқаришимизни сўрашади. Ўқитувчилар йўлга чиқишдан безор. Йўлга чиқишса, ўзлари ўқитган ўқувчилари чангитиб ўтиб кетишади.

Мактабларни кўришга комиссия келгудек бўлса, маориф мудирамиз мактабларга солиқ солади 100-200 минг атрофида.

Мен бу мактубимни юборишга истиҳола қилиб тургандим. Кеча қўшнимнинг телефонидан ҳамшираларни янги қурилаётган уйларда ғишт ташишга мажбурланаётганини ўқиб қолиб, “бизнинг ҳам арзимизни эшитадиган инсон топилармикан” деган мақсадда мактуб йўллаяпман. Ушбу мактубимни чиқарсангизлар, сизлардан миннатдор бўлардик!

Ҳазорасплик ўқитувчи

XS
SM
MD
LG