Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Россия “Лада” машиналарини Ўзбекистон бозорига киритмоқчи


Тошкентда “Лада” автомобил салонининг расмий очилиши маросими бўлиб ўтди. Мазкур салонда ҳозирча Россиянинг АвтоВАЗ заводларида ишлаб чиқарилган уч турдаги автомобил сотувга чиқиши режаланган. Айни пайтда Россия машиналарининг Ўзбекистон бозорида харидоргир бўлишига шубҳа билдирилмоқда.

5 сентябрь куни маҳаллий ахборот агентликлари Тошкент шаҳрининг Мирзо-Улуғбек туманидаги Қорасув - 6 манзилида “Лада” автосалонининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтганини маълум қилди.

Хабарга кўра, ўзбекистонлик автоҳаваскорлар “Лада” автосалонидан Лада Калина русумидаги машинани сотиб олишлари мумкин.

Бироқ Лада Приора ва Лада Гранта русумидаги автомобиллар октябрь ойидан бошлаб сотувга чиқарилиши режаланган.

Хабарларга кўра, “Лада”нинг сўнгги модели Лада Веста эса ҳозирча Ўзбекистонга олиб келинмаган.

Тошкентдаги Восток Рус Авто салонининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда салонда фақат УАЗ автомобиллари сотилишини айтди:

- Бизда Лада йўқ, фақат УАЗ машиналари бор. Ҳозир Тошкентда “Лада”ни ҳеч ким сотмаяпти. Одамлар у машинага ишқибоз бўлмаса керак. Чунки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар Ладага қараганда яхши. Бензин сарфлаши, техник жиҳатдан, ҳамма томондан яхши. Ҳар бир одам машина олаётган пайтда биринчи бўлиб юришига аҳамият берадику. Бизнинг машиналар уларникига қараганда юмшоқроқ юради. Бизнинг машиналарнинг ходовойлари ҳам яхши. Бизлардан “Лада”ни бир-бир адашиб сўраб қолишмаса, лекин ҳеч ким сўрамайди, - дейди автосалон ходими.

Тошкентдаги автомобилга техник хизмат кўрсатиш маркази ходими Баҳодир Озодлик билан суҳбатда “Лада” автомобилларига ўзбекистонликлар орасида қизиқиш катта эмаслигини айтди:

- Худди олдингидек, “Лада”га руслар қизиқади. Мисол учун мен, ўзимизнинг машиналарга нисбатан “Лада”нинг сифатини пастроқ деб биламан. Ўзбекларга маҳаллий Шевролет автомобиллари ҳар томонлама яхшироқ. Россиянинг янги келадиган машиналарини билмайман, аммо олдингиларининг салонлари тақир-туқур бўлгани учун одамлар ёқтирмасди. Мен ҳам Россиянинг “Лада”сини минганман. Шовқини кўпроқ машина,- дейди Баҳодир.

Тошкентда сотилиши режаланган Лада Приора, Лада Гранта ва Лада Веста автомобилларининг энг қиммат нархлари 14 - 16 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Баҳодир фикрича, бу Россия автомобиллари учун қиммат нарх. Чунки GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар “Лада”га нисбатан ҳар томонлама устун:

- Техник томондан, менимча, “Лада” тезроқ бузилади. Аввал ҳам Жигулининг ходовойи Нексияга нисбатан тезроқ кетар эди. Россия машиналари ёнилғи кам сарфламайди. 100 километрга 8-10 литр бензин кетади. Бизада чиқаётган Кобалт, Спарклар 100 километрга 7-7,5 литр бензин сарфлайди. Бу жуда зўр,- дейди суҳбатдош.

Баҳодир Россияда ишлаб чиқарилган “Лада” автомобиллари Ўзбекистон бозорида катта келажакка эга эмас деган фикр билдирди:

- Бизнинг бозорга кираверсин. У ёғини кўрамиз. Агар моторини кучли қилиб чиқарган бўлса, балки кимларгадир ёқар. Буни вақт кўрсатади. Келиб сотиб кўришсин. Шахсан мен Россия машинасини олмайман,- деди тошкентлик Баҳодир.

Ҳозир GM Uzbekistan қўшма корхонасида йилига 250 минг дона автомобил, хусусан, Nexia, Cobalt, Lacetti, Malibu, Gentra, Matiz, Spark ва Damas русумидаги автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.

Уларнинг аксари Россияга экспорт қилинади. Айни пайтда, ўзбек автомобилларининг Россиядаги нархи Ўзбекистонда маҳаллий аҳолига сотилаëтганидан қарийб бир ярим баравар арзон эканлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG