Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:55

Каримов Путиндан “ориентир”ни аниқлаштиришни сўради


Душанбедаги Путин-Каримов учрашуви. Сурат Кремль расмий сайтидан олинди.
Душанбедаги Путин-Каримов учрашуви. Сурат Кремль расмий сайтидан олинди.

ШҲТ Душанбе саммити доирасида россиялик ҳамкасби билан учрашган Ўзбекистон президенти Путинга йиғилиб қолган саволларга юзма-юз ўтириб жавоб топиш ва “қандайдир ориентир”ни ҳис этиш учун тез-тез учрашиб туришни тавсия қилди. Айни пайтда бу учрашувдан сўнг 12 сентябрь кунги саммит йиғинида Каримов Украинага нисбатан ўз “ориентир”ини эълон қилди ва Киев раҳбариятини Москва билан бевосита музокара бошлашга чақирди.

Каримов “ярим соат” учун ўпка қилди; Путин “дангаса”ларни айблади

12 сентябрь куни Душанбеда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо олти давлат – Россия¸ Хитой¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

ШҲТ Душанбе саммити
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:05 0:00

Мазкур саммит арафасида Ўзбекистон президенти россиялик ҳамкасби билан учрашди.

11 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия президентлари учрашувининг жамоатчилик учун очиқ қисми стенограммаси Кремль расмий сайтида эълон қилинди.

Президентлар учрашувини Путин қисқа¸ одатий дипломатик протокол тилида бошлаган бўлса¸ Ислом Каримов гапни ўзбекча мулозаматдан бошлаб¸ унинг остига яширинган гина-кудурат тўкиб солди:

“Владимир Владимирович, мен бугунги учрашувимиздан самимий хурсандман.

Бу йилги шиддатли воқеалар режа ва учрашувлар¸ ҳатто ўтган йилларда мунтазам ўтказиб келинган олдиндан режаланган учрашувлар жадвалини ҳам суриб юборди. Очиқ айтаман¸ жуда кўп саволлар тўпланиб қолаëтган ҳозирги шароитда¸ бу саволлар эса¸ учрашиб¸ фикр алмашишга арзигулик¸ учрашувларимиз янада қадрлироқ бўлиб қолди.

Ростини айтсам¸ Сизнинг фикрингизга яна бир бор қўшиламан¸ бизнинг учрашувларимиз шахсан менга яхши озуқа беради. Бу учрашувлар орасидаги вақт чўзилиб кетса¸ мен қандайдир ўзимни йўқотиб қўя бошлайман. Қандайдир ориентирни ҳис қилиш учун сиздан жавоб сўрашни истаëтган саволлар бор.

Яшириб ўтирмайман¸ Россия биз учун стратегик партнëрдир. Муносабатларимиз ҳақида гапирганда шунчаки расмиятчилик учун бу иборани ишлатадиган одамлар шуни унутмаслигини истардим. Бунинг моҳияти¸ авваламбор тез-тез маслаҳатлашиб туриш¸ карахтликка тушиб қолмаслик¸ ориентирни йўқотмаслик учун саволларга кўпроқ жавоб топишни англатади¸ деб ўйлайман.

Шу жиҳатдан қарасак¸ бизнинг мунтазам учрашувларимиз ҳақиқатда мунтазам бўлиши керак. Саволлар бўлса¸ уларни сўраш ва жавоб олиш¸ керак бўлса¸ муҳокама қилиш керак. Балки бу саволларни муҳокама қилиш ҳар доим ҳам ëқимли бўлмас¸ лекин мен бехабарликда изғиб¸ ахборотни чекка-чеккалардан изламаслик учун бу масалаларнинг очиқ гапирилишини истайман.

Бугун одам¸ қўпол қилиб айтганда¸ ëлғон-яшиқ таъсирида узоқ қолиб кетиши мумкин. Ҳақиқий ахборот юзма-юз гаплашганда олинади. Қачонки савол бериб¸ унга жавоб оларкан¸ одам ўзини яхшироқ тушуниб¸ биринчи навбатда ориентир топади.

Шунинг учун ҳам ўта бандлигингизга қарамай¸ менга айтишларича¸ бугунги учрашувга фақат ярим соат вақт ажратганингизга қарамай¸ бу учрашувлар¸ ярим соатгина бўлса ҳам¸ жуда кўп савол тўпланиб қолгани учун¸ менга икки баравар фойдалидир. ШҲТ “дала”сида учрашаëтганим учун сиздан миннатдорман. Бу мутлақ ўз вақтида ўтаëтган учрашув¸ ҳатто айтган бўлардим¸ айни муддаодир. Раҳмат.”

Ислом Каримовнинг бундай кўп маъноли гинасига жавобан Путин:

- Сиз айтган ярим соат ҳақида биринчи марта эшитаяпман. Афтидан¸ ҳамкасбларимиз¸ дангаса одамлар¸ ўзларининг ишлагилари келмаган. Сиз билан орамизда ҳеч қандай вақт чеклови ҳеч қачон бўлмаган¸ ҳозир ҳам йўқ¸ бундан кейин ҳам бўлмайди¸ деди Кремл раҳбари.

Путиннинг бундай мулозаматига қарамай¸ ШҲТ саммитини ëритган Озодлик мухбири Фахриддин Холбековнинг айтишича¸ бу учрашув узоқ чўзилмаган.

- Учрашув¸ билишимча¸ узоқ чўзилмади. Уни ташкиллаштиришга алоқадор расмийларга кўра¸ анча ланж ўтган. Жиддий гаплар айтилмаган. Коридордаги гапларга қараганда¸ Путин Каримовдан қаттиқ ранжиган. Бу нарсани президентлар учрашувдан сўнг журналистлар олдига чиққанда ҳам ҳис қилиш мумкин эди. Орада қандайдир кескинлик бор эди¸ дейди Озодлик мухбири.

Каримовнинг кириш сўзи шарқона мулозаматдан бошқа нарса эмас

Путин ва Каримовнинг ШҲТ саммити доирасида ўтказган учрашувида айтилганларни шарҳлаган Москвадаги Карнеги таҳлил маркази раҳбари¸ таниқли шарқшунос Алексей Малашенко шундай фикрда:

- Ислом Абдуғаниевич жуда ақлли¸ шарқона ва советча одам. Жуда кўп ҳолатда у бир нарсани қилиб¸ ўйлаб туриб¸ бошқа нарсани айтади. Шу боис¸ унинг Путин билан Душанбедаги учрашувда айтган гапларини¸ Россияга нисбатан кўрсатган “нафис муҳаббати” у Россия ўзини Украинада қандай тутаëтганини мутлақ қўлламаëтгани¸ Путин ташаббуси билан тузилган иттифоқларга мутлақ қўшилишни истамай келаëтгани учун берилган шунчаки компенсация деб қабул қилиш керак¸ дейди россиялик сиëсатшунос Алексей Малашенко Озодлик билан суҳбатда.

Каримовнинг биргина кириш сўзида уч марта “ориентир”ни аниқлаб олиш кераклиги ҳақидаги таъкиди¸ россиялик таҳлилчи фикрича¸ биринчи галда¸ Россиянинг Украина можаросидаги ролига тааллуқлидир:

- Каримовнинг ориентир ҳақидаги гаплари¸ менга¸ Илҳом Алиев¸ Серж Саркисян ва Путиннинг Сочидаги учрашувини эслатди. Путин Саркисянга қараб “Қани очиғини айтингча¸ ишлар қалай ўзи?” деганда Саркисян унга жавобан “Сиз ҳам бизга Украинада нима қилаëтганингизни очиқ айтиб беринг!” деди. Каримов ҳам “ориентир”ни аниқлаштириб олайлик¸ дер экан фақат бир нарсани – Украинадаги вазиятни назарда тутаяпти. Бу гапнинг тагида ҳам¸ устида ҳам “Жаноблар¸ Украинада ҳаддиларингдан ошиб кетдинглар. Биз сизларга умуман ишонмай қўйдик. Украинада қилаëтганларингиз постсовет ҳудудида сизларга обрў келтирмади. Украинада катта ғалабага эришдик¸ деб ўйлашга ошиқманглар. Ғарбни йўқотиб бўлдинглар¸ энди Шарқдан ҳамкор топиш ҳам жуда осон бўлмайди” деган нозик мужда ëтибди¸ дейди россиялик сиëсатшунос ва шарқшунос Алексей Малашенко.

Каримов Украинага ëндашувида собит

12 сентябрь куни ШҲТнинг асосий йиғинида қатнашчилар Украинадаги вазиятни тилга олдилар¸ Душанбе декларациясига ҳам бу можарони ҳал қилишга оид ўз тавсияларини киритдилар.

Ўз нутқида Ислом Каримов Ўзбекистон ҳукуматининг 4 март куни бу можаро юзасидан эълон қилган таклиф-тавсиясини “энг мақбул ечим” дея тилга олди:

- Биз 5 сентябрь куни Минскда Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича эришилган келишувни қўллаймиз. Можарони ҳал этишнинг энг самарали йўли Украинадаги қарама-қаршиликни тўхтатиш бўйича тўғридан-тўғри музокара жараëнини ўтказиш¸ ва Украина ва Россия ўртасида тинчликка эришишдир. Агар Украина томони ўзини объектив тутмоқчи бўлса¸ тўғридан-тўғри музокараларга эришиш лозим. Мен бошқа ечимни кўрмаяпман. Украина муаммоси юзасидан бўладиган ҳар қандай музокара жараëнида Россиянинг узоқ асрлар давомида шаклланган асл манфаатлари инобатга олиниши керак. Бу халқлар узоқ асрлар бўйи бирга яшаб келди ва яан узоқ асрлар бирга яашйди. Ишончим комилки¸ улар тинчликда яшайдилар¸ деди Душанбе саммитидаги чиқишида Ислом Каримов.

“Украина можароси ечимида Россия манфаатлари инобатга олиниши керак” деган баëнотга алданиб¸ Ислом Каримов Путинга ëн босди дейиш нотўғри бўлади¸ деб шарҳлайди Ўзбекистон президентининг ШҲТ саммитидаги бу баëнотини Алексей Малашенко:

- Путингаям¸ Медведевгаям ҳаммаси кундек равшан – Ўзбекистон Россия-Украина можароси юзасидан БМТда ўтказилган бирор йиғинда Россияни қўлламади. Қўлламайди ҳам. “Россия манфаатлари инобатга олинсин”¸ деган мутлақ аксиома даражасидаги гап¸ Ислом Каримовнинг ўз қатъий сиëсатини озгина хаспўшлаш учун қилаëтган яна бир шарқона мулозамати¸ холос¸ дейди Москвадаги Карнеги маркази директори Алексей Малашенко.

XS
SM
MD
LG