Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:32

Ўзбекистонлик зиёратчиларни Ҳажга жўнатиш бошланди


Душанба куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 499 кишидан иборат биринчи гуруҳи Ҳаж амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига учиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича Давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, жорий йилда ҳам ўтган йилардаги каби Ўзбекистондан Ҳажга борувчилар сони 5200 кишини ташкил қилади.

Зиёратчилар 15 сентябрдан 26 сентябргача Ўзбекистон Миллий авиаширкати томонидан Мадинага етказилади. Зиёратчиларни Саудия Арабистонига олиб бориш ишлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Андижон, Фарғона ва Урганч аэропортларидан амалга оширилади.

Ҳажга кетаётган ҳар бир зиёратчига Ҳаж амаллари ва ибодатларини тушунтирувчи махсус видеоматериаллар ҳамда брошюралар тарқатилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳожиларга Саудия Арабистонида хизмат кўрсатиш учун 25 кишилик ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Бундан ташқари 30 шифокор ва 10 нафар миллий таомлар тайёрловчи ошпаз ҳам зиёратчилар хизматида бўлади.

“Ўзбекистонлик ҳожилар Мадинада 3 тун ва 4 кун давомида ибодатда бўладилар. Улар Мадинада “Жулнар таййиба” меҳмонхонасига жойлаштирилади. Мазкур меҳмонхона Мадинадаги ибодат жойидан 100 метр узоқликда жойлашган”, -дейилади Ўзбекистон Дин ишлари бўйича Давлат қўмитаси тарқатган маълумотномада.

Маккада эса ўзбекистонлик зиёратчилар “Аброж Муҳаммадия” меҳмонхонасида яшайдилар. Бу меҳмонхона ибодат жойидан 4,5-5 километр узоқликда жойлашган. Шунингдек, мазкур ҳудудда ўзбекистонлик ҳожилар учун 24 соат давомида хизмат кўрсатадиган овқатланиш жойи ҳам ташкил этилган.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича Давлат қўмитасига кўра, бу овқатланиш жойида ўзбекистонлик зиёратчиларга уюштирилган ҳолатда уч маҳал иссиқ овқат берилади. Зиёратчилар бу ерда 24 соат давоимда иссиқ чой билан таъминланади.

Хабарларда айтилишича, ўзбекистонлик зиёратчилар Макка ва Мадинада яшайдиган меҳмонхоналардаги ҳар бир хонада телевизорлар мавжуд ва улар орқали Ўзбекистон миллий телеканали ва ўзбек тилида кўрсатувлар берувчи бошқа телеканалларни кўриш мумкин.

Ўзбекистонлик ҳожиларни ибодатлар тугаганидан сўнг ватанига қайтариш ишлари 9 октябрда бошланиб, 26 октябрда якунланади.

Айни пайтда Озодликнинг Ўзбекистондаги манбалари ҳамда ҳаж зиёратига бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар Ҳажга бориш учун ҳукумат томонидан бир қатор тўсиқлар қўйилгани, бунинг ортидан Ҳаж масаласига ҳам коррупция аралашаётганидан шикоят қиладилар.

ЎзбекистондаҲаж зиёрати учун ҳукумат белгилаган ўта чекланган квота боис, 2006-2008 йилдан буён Ҳажга бориш учун навбат пойлаётган мусулмонлар бор.

Бу эса ноқонуний йўллар билан бойлик орттирмоқчи бўлган товламачиларга қўл келмоқда. Масалан, шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расмий нашри бўлган “Ҳуқуқ” газетаси Фарғона вилоятида Ҳаж зиёратига кетиш истагида бўлган фуқароларга рухсатнома олиб бериш учун пора олган сохта прокурор - Бахтиёр Ахунов қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Бахтиёр Ахунов ўзини вилоят прокурори деб таништириб, зиёратга кетмоқчи бўлган кишилардан 1000 АҚШ долларини пора сифатида талаб қилган.

XS
SM
MD
LG