Лондоннинг реконструкция қилинган "Уэмбли" стадиони 2020 йилда бўладиган футбол бўйича Европа чемпионатининг ярим финал ва финал ўйинларига мезбонлик қилади.
УЕФА ижроия қўмитасининг 19 сентябрь куни Женевада бўлиб ўтган йиғилишида Евро 2020 футбол ўйинларини 13та шаҳарда ўтказишга келишиб олинди.
Озарбайжон пойтахти Боку ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳарлари, шунингдек, Германиянинг Мюнхен ва Италия пойтахти Рим шаҳарлари чорак финал ўйинлари ва учтадан гуруҳ ўйинларига мезбонлик қилади.
Кейинги босқичга чиққан 16та терма жамоалар ўртасидаги ўйинлар Шарқий Европадаги Бухарест ва Будапешт, Ғарбий Европадаги Копенҳаген, Амстердам, Дублин, Билбао, Брюссел ва Глазго шаҳарларида ўтказилади.
Шарқий Европадаги Беларус, Болгария ва Македония пойтахтлари Минск, София ва Скопье шаҳарлари ҳамда Қуддус, Стокҳольм ва Кардифф Евро 2020 футбол ўйинларига мезбонлик қилишга мушарраф бўлмади.
Одатда Европа чемпионати битта ёки бир нечта давлатда ўтказиб келинган.