Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:40

Фермер: Банк пулимизнинг 40 фоизини асоссиз олиб қолаяпти


Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги фермерларнинг 60 фоизга яқини Халқ банкидаги пулининг 40 фоизини ололмаётгани, қолган қисми эса пластик карточкага туширилаётганидан норози бўлаётгани иддао қилинди. Бироқ Халқ банки раҳбарияти айни пахта теримида фермерларга пул берилмаётганига оид иддаоларни рад қилди.

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидан OzodMikrofonга боғланган фермер Иззатилла Соатов (фермернинг исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди – таҳр.) Халқ банкининг туман бўлимидан фермерлар ўз пулини олишда қийналаётганини иддао қилди.

- Фермерман. Халқ банки бўлимига бораяпмиз. Бир миллион сўм ойлик бергин десак, бўлди бераман лекин 400 минг олиб қоламиз, 600 минг пластикка солиб берамиз, деб шарт қўяпти. Тўрт-беш ойдан бери аҳвол шу, дейди зафарободлик фермер.

Унга кўра, банк раҳбарияти фермерларнинг аксарига шундай шарт қўйгани сабабини “банк харажатлари кўплиги” билан изоҳлаган.

- 10 миллион сўм беринг десангиз, олти миллион беради, тўрт миллиони уларга қолади. Хоҳласанг қил, хоҳламасанг қилма, дейди. Энди зарур бўлганидан кейин қиламизда. 30 фоиз қилинглар, десак кўнмайди, 40 фоиз дейди. Тўғри келса қил, бўлмаса қўй, деб жавоб беради, деб иддао қилди фермер.

Иззатилла Соатовга кўра, Зафаробод туманида фаолият юритиб келаётган 170дан ортиқ фермернинг қарийб ярми айни муаммога дуч келмоқда.

Халқ банкининг Зафаробод тумани бўлимидан пул олишга қийналаётган маҳаллий фермерлар банк раҳбарияти ўз ходимларига нисбатан чора кўришига ишонмаслиги боис уларга шикоят қилишни лозим топмаганлар.

Соатов агар банкдан пул олиш билан боғлиқ вазият ўзгармаса, зафарободлик фермерлар прокуратурага мурожаат қилишга қарор қилганини қўшимча қилди.

Бироқ Халқ банкининг ўзини Зафаробод туман бўлими раҳбари муовуни Наби Қурбоналиев деб тақдим қилган мулозими маҳаллий фермерлар иддаосини қатъиян инкор қилди.

Қурбоналиев Озодлик билан суҳбатда Халқ банки фермерларга пул бераётгани, агар бирор ходим фермерга таъмагирлик қилаётган бўлса, унга нисбатан кескин чора кўрилишини таъкидлади.

- Менга ўша одам келсин. Юзма-юз ўтириб гаплашайлик. Олдимга келиб шундай-шундай иш қилибсан деб менга айтсинчи?! Мижозларнинг нима иши бўлса ёрдам қилганмиз. Бундан кейин ҳам ёрдам берамиз. Бундай ортиқча гап гапирмай келсин. Нима муаммоси бўлса, банк раҳбари бор. Раҳбарга ёки менга мурожаат қилсин. Муаммони ечиб берамиз. Агар бошқа ходимларимиз шундай қилган бўлса, биз унга чора кўрамиз. Мен бирорта одам билан бундай гаплашмаганман. Менга келиб иддаосини исботлаб берсин. Мен фуқаролар, мижозлар билан ишламайман, дея таъкидлади Халқ банкининг Зафаробод тумани раҳбари муовини.

Жиззахлик фермер Мамиржон Азимов Озодлик билан суҳбатда Жиззах вилоятида банк ходими пластик картага пулни ўтказиб бериш эвазига пулнинг 40 фоизини олиб қолиш шартини қўйгани ҳақида биринчи марта эшитаётганини айтди.

- Жиззах вилоятининг Жиззах туманида фермер бўлиб ишлаганман. Банк билан ҳамма вақт мулоқотда бўлиб келганмиз. Лекин бирор марта банк харажатлари учун 30 ёки 40 фоизини ушлаб қоламан, қолганини пластикка тушириб бераман ёки нақд қилиб бераман, деган гап биз ишлаб турган пайтда умуман бўлмаган. Банк ходими қандай қўрқмасдан туриб очиқдан-очиқ жиноятга қўл уриши мумкинлиги мени хайрон қолдираяпти, дейди жиззахлик собиқ фермер.

Фермер ва тадбиркорлар банкдан пул олишда муаммоларга дуч келишлари, хусусан, пластик картадаги пулни нақд чиқариб олиш учун “ўртакашлар” ёки банк ходимларига 10 фоиз миқдорида пул тўлашга мажбур бўлаётганидан шикоят қилиб келади.

Озодлик айни мурожаатга оид тафсилотларни ўрганишга уринишда давом этмоқда. Янгиликларни сайтимизда кузатиб боринг!

******************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ҳам ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG