Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Пахта мавсуми қурбонлари сони тўққиз нафарга етди


Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида пахта теримига чиқарилган аёлнинг уйда ёлғиз қолган икки ёш боласи ёнғин қурбони бўлди. Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманига пахта теримига жўнатилган Гулистон Давлат университетининг иккинчи курс талабасини юқори курс талабалари уриб ўлдириб қўйгани иддао қилинди. Бу билан Озодлик хабар топган бу йилги пахта қурбонлари сони 9 нафарга етди.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Тоза-Амиробод овул фуқаролар йиғинига қарашли “Истам-Туркман” фермер хўжалигига пахта теримига мажбуран сафарбар этилган аёлнинг (маълум сабабга кўра аёлнинг исм-шарифини ошкор этмаяпмиз – таҳририят) икки фарзанди ёнғиндан чиққан тутунга димиқиб ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган элликқалъалик манбага кўра, эри Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган аёл беш яшар қизи ва уч яшар ўғлини уйида ёлғиз қолдириб, пахта теримига чиқишга мажбур бўлган:

“Бу аёл ҳар куни икки боласини ўзи билан олиб пахта теримига чиққан. Ўша куни "комиссия бор", деб фермер болаларни олиб чиқишни ман қилган. Она болаларини уйга қамаб, ўзи пахтага кетган. Уйда овқат пишириладиган электр печкани ўчириш эсидан чиққан. Печка тагидаги тахта ёниб, уй тутунга тўлган. Болаларнинг каттаси эшикни очишга ҳарчанд уринган, эплолмаган. Оқибатда иккиси ҳам тутундан димиқиб ҳалок бўлган”, деди манба.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган бошқа элликқалъаликка кўра, аёл пишиб туриш учун электр печкага овқат қўйиб кетган:

“Бу аёлни эрталаб пахтага чақириб олиб кетишган. Болаларини устидан қулфлаб кетиб юборган. Қўшнилар уйдан тутун чиқаётганини кўриб қолишган ва ойналарни синдириб киришган. Тутун билан тўлиб турган уй ҳаво кириши билан ёна бошлаган. Иккинчи бор бир амаллаб уйга кирган эркаклар икки болани олиб чиқишган. Лекин уларнинг жони аллақчон узилиб бўлган экан”, дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, пахта мавсуми бошлангандан буён уйда ўтирган аёлларни пахтага мажбурлаб чиқариш ҳар куни давом этмоқда:

“Бизда ҳар куни участковой мелиса, битта мулла ва овул фуқаролар йиғинидан бир киши уйма-уй юриб аёлларни пахта теримига мажбуран олиб чиқишади. "Агар чиқмасанг болангнинг нафақасини кесамиз", деб таҳдид қилишади. Бу аёлда ҳам айб бўлиши мумкин, лекин унинг болалари пахта балосининг қурбони бўлди”, деди суҳбатдош.

Қорақалпоғистон ички ишлар вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Гулистонлик университети талабаси пахтада нобуд бўлди

Гулистон давлат университети физика-математика факультетининг пахта теримига сафарбар этилган иккинчи курс талабаси, 19 ёшли Шамсиддин Бобосаидов 2 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида вафот қилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган талабалардан бирининг ёзишича, Шамсиддин талабалар ўртасида чиққан жанжал қурбони бўлган:

“Шамсиддин биз билан иккинчи курсда ўқирди. Бизда дедовшина авжига чиққан. Юқори курс талабалари биринчи курсларни уриб ишлатади. Шамсиддин уларнинг гапига кирмагани учун кечқурун калтаклашган. Эртаси куни далада ҳушидан кетиб йиқилиб қолган. Касалхонада ўша куни жон берган. Кеча жанозаси бўлди”, деди талаба.

Гулистон давлат университетининг исми сир қолишини сўраган бошқа бир талабаси ҳам шундай воқеа бўлгани тасдиқлади:

“Биз Сардоба деган жойда пахта тераяпмиз. Домлалар ва милиция бу ишни бости-бости қилишга ҳаракат қилаяпти. Талабаларга бу ҳақда бир оғиз ҳеч кимга ҳеч нарса деманглар, деб буйруқ берган”, деди талаба.

Бироқ исми сир қолишини сўраган университет ўқитувчиси Шамсиддин Бобосаидовнинг талабалар томонидан калтаклаб ўлдирилганини инкор қилди:

"Ҳеч қанақа дедовшина йўқ. Шамсиддинни ҳеч ким калтакламаган. Ўзи далада йиқилиб қолиб жон берган. Айтишларича тили орқасига кетиб қолиб, нафаси бўғилиб қолган", деди ўқитувчи.

Озодликнинг Сирдарё вилоят прокуратурасида ишлайдиган манбаси Шамсиддин Бобосаидовни ўлганини Озодликка тасдиқлади.

“Бола болницада ўлган. Калтаклангани милицияда қайд қилинмаган. Сўнгги хулосани судмедэкспертиза беради. Бу ҳақда бошқа ҳеч нарса айтолмайман”, деди манба.

Жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган ўлимлар сони тўққизтага етди.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов 28 сентябрь куни ўзини осди.

25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани Қиёли қишлоғида яшовчи 57 яшар Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди.

23 сенятбрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.

20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG