Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:53

AI Россиядаги қатағонга қарши ҳафталик ўтказади


Шу йилнинг 6 октябридан 12 октябригача Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Россияда кучайиб бораётган қатағонларга қарши чиқаётган одамлар билан бирдамлигини намойиш қилиш учун акциялар ҳафталигини ўтказмоқчи.

Ҳафталик доирасида Бельгия, Ҳолландия, Франция, Чехия, Польша, Финляндия, Украина ва Россиядаги фаоллар “Жим турма!” деган шиор остида Россия фуқароларининг асосий эркинликлари чекланишига қарши намойишлар, перформанслар, флешмоблар ўтказиши, хатлар ёзиши ва петициялар имзолаши кутилмоқда.

- Янги репрессив қонунларни қабул қилиш, бўҳтон кампанияларини ўтказиш ва ўзгача фикрлиларни таъқиб қилиш орқали Россия расмийлари инсонларнинг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини, ҳам Интернетда, ҳам жамоатчилик орасида ўз фикрини очиқ айтиш ҳуқуқини, норозилик билдириш ҳуқуқини, ўзингнинг ким эканингни билдириш ҳуқуқини поймол қилмоқда, - деди Amnesty International ташкилотининг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Сергей Никитин.

Ҳуқуқ фаоллари ҳафталик тадбирлар орқали Россияда мустақил оммавий ахборот воситалари вакилларининг қўрқитилаётгани, таъқиб қилинаётгани ва ҳатто ўлдирилаётганига, ноҳукумат ташкилотларининг жаримага тортилаётгани ва фаолиятини тўхтатишга мажбур қилинаётганига, одамларнинг жамоат жойларида норозилик билдириш ҳуқуқи бўғилаётгани, норозиларнинг ҳибсга олиниб, адолатсиз судланаётганига, гомофобик қонунлар орқали жинсий озчилик вакилларининг таъқиб қилинаётганига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш ниятидалар.

Тадбирлар ҳафталиги Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган россиялик журналист Анна Политковская ўлдирилган куннинг (2006 йилнинг 7 октябри) саккиз йиллигига тўғри келмоқда. Журналистнинг ўлдирилиши билан тергов диққат билан ва тўлақонли ўтказилмаган, мазкур қотиллик буюртмачилари ҳалигача топилмаган.

Жаҳон ҳамжамиятини россиялик фаоллар билан бирдамлик намойиш қилишга ундаган Amnesty International турли мамлакатларидаги оммавий ахборот воситаларини 7 октябрь куни оммавий ахборот воситаларига қарши Россияда амалга оширилаётган репрессияларни ёритувчи мақолалар чоп этишга чақиради. Бу газета ва журналларда чиққан мақола саҳифаларидан ясалган гулчамбар ўша куни Анна Политковская ишлаган “Новая газета” таҳририятига етказиб берилиши режаланган.

- Политковская ўлими ортида турганларнинг топилмагани Россияда ҳукмрон бўлган жазосизлик муҳитидан далолатдир. Анна иши мамлакатда фуқаролик жамияти бошига ёғилган қатағонларнинг рамзига айланиб қолди. Хатарли бўлишига қарамай, Россияда яшаётган кўплаб одамлар айрим пайтларда иши ва ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда, расмийларни очиқ танқид қилишда давом этмоқдалар. Бу акция орқали биз чекловларга қарши курашишда ва адолатсизлик ҳақида очиқ гапиришда давом этаётган одамларнинг жасоратига тасанно айтмоқчимиз, - дея таъкидлади Сергей Никитин.

Европанинг турли мамлакатларида ўтказиладиган ҳафталик чоғида Россиядаги фуқаролик жамиятига бирдамлик изҳор қилган бутун дунё одамлари фотосуратларидан иборат мозаика яратиш, қўлларига плакатлар тутган манекенлар намойишини ўтказиш, ижтимоий тармоқларда турли акциялар уюштириш кўзда тутилган.

Тадбирлар ҳафталиги олдидан - сентябрь ойи бошида Amnesty International ташкилоти бош котиби Салил Шетти Москвага келиб, ноҳукумат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашган ва уларга бирдамлик изҳор қилганди.

- 25 йил аввал Берлин деворининг қулаши шарқий Европа халқлари учун янги даврни – сўз ва йиғилиш эркинлиги даврини бошлаб берганди. Россиядаги одамлар учун булар эндигина эришилган эркинликлар эди, бироқ сўнгги пайтларда, айниқса 2012 йили Владимир Путин қайта президент бўлганидан кейинги даврда уларга нисбатан қилинган хуружлар бу эркинликлардан яна ва тез орада мосуво бўлиш мумкинлигини англатади. Аммо [Россияда буларга қарши] жим туришни истамайдиган одамлар ҳали ҳам бор ва бизнинг бирдамлигимиз улар учун дастак муждасидир, - деганди Салил Шетти.

XS
SM
MD
LG