Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:44

Тожикистонлик имом бангфурушликда гумонланмоқда


Қўрғонтепадаги Абубакр Сиддиқ жомеъ масжиди.
Қўрғонтепадаги Абубакр Сиддиқ жомеъ масжиди.

Тожикистон Гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш агентлиги Қўрғонтепа шаҳридаги жомеъ масжиди имоми Абдулло Асламовни қорадори сотганликда гумонлаб қўлга олди.

Агентлик матбуот котиби Хушнуд Раҳматуллоевнинг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 36 ёшли имом Абдулло Асламов қорадорини Қўрғонтепа шаҳар Абубакр Сиддиқ номидаги жомеъ масжидининг ўзида сотган бўлиши мумкин, деган гумондалар.

Тожикистон Гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш агентлиги ўтказган амалиёт натижасида имомнинг ёнидан тўртта вазелин идишида афюн топилган.

Раҳматуллоевга кўра, дастлабки тергов чоғида қўлга олинган имом Асламов ўзи ҳам қорадори истеъмол қилгани, уни бошқа одамларга ҳам сотгани аниқланган.

13 октябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатлашган имом ноиблари Қори Абдулло қорадори сотаётганда қўлга олингани ҳақидаги хабардан танг қолганини айтганлар. Уларга кўра, Абубакр Сиддиқ жомеъсида 2007 йилдан буён имомлик қилиб келаётган Қори Абдулло ўзи яшайдиган Вахш туманининг Тошработ жамоатида қўлга олинган. Ноиблар имомнинг афюн истеъмол қилган ёки сотган бўлиши мумкинлиги ҳақида биринчи марта эшитаётганларини эътироф этганлар.

Тожикистон Гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш агентлиги маълумотига кўра, амалиёт чоғида жомеъ имомига қорадори етказиб берганликда гумонланган бошқа икки шахс ҳам қўлга олинган. Агентлик матбуот котиби Хушнуд Раҳматуллоев Абубакр Сиддиқ жомеъ масжиди имоми Хатлон вилоят Дин ишлари қўмитаси ходимларидан бири берган маълумотга асосан ушланганини маълум қилган. Бу манбадан олинган маълумотларга кўра, давлатдан 800 сомоний (тақрибан 155 АҚШ доллари – таҳр.) маош олиб ишлаётганига қарамай, Абдулло Асламов бир ўрам қорадорини 120 сомонийдан (тақрибан $24) сотиб олиб, уни 150 сомонийдан (тақрибан $30) сотиш билан шуғулланиб келган.

Ҳозирда имомга нисбатан “гиёҳванд моддалар ёки психотроп моддалар ноқонуний савдоси” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, бу иш юзасидан гумонланаётганларнинг ҳар уччаласи ҳибсхонада сақланмоқда.

Бу Тожикистонда дин арбобининг бангфурушликда гумонланиб қўлга олиниши бўйича илк ҳолатдир. Бунгача руҳонийларнинг аёллар устидан зўравонлик қилиш сингари жиноятларда гумонланиб қўлга олингани қайд этилган.

Айни пайтда экспертлар дин арбобларининг жиноятга алоқадорлиги доим ҳам далил-исботга эга бўлавермайди, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг мулоҳазасича, бундай уринишлар кўпинча аҳолининг дин ва руҳонийларга нисбатан ихлосини бироз совутиш учун диний арбоблар обрўсини тўкиш мақсадида амалга оширилади. Сўнгги йилларда, гувоҳлар эътирофича, Тожикистонда аҳолининг Ислом динига бўлган қизиқиши сезиларли даражада кучайган.

XS
SM
MD
LG