Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:44

Ўзбекистон аэропортлари ва чегараларида Эболага қарши назорат кучайтирилди


Тошкентнинг халқаро аэропортида ҳар бир йўловчини тиббий кўрикдан ўтказувчи ва масофадан туриб иситмасини ўлчайдиган махсус тепловизорлар ўрнатилди.

Шундай ускуналар билан Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Навоий шаҳри аэропортлари ҳам жихозланди.

Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегара масканларидан мамлакатга ўтаётган ҳар бир йўловчи ҳам текширилмоқда.

Мазкур чоралар Ўзбекистонга Эбола вирусининг кириб келиши олдини олиш мақсадида кўрилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғи Комил Муҳаммедов Озодлик билан суҳбатда касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиши эхтимоли борасида ортиқча хавотир йўқ эканини айтди.

Жаноб Муҳаммедов четдан ҳар қандай юқумли касаллик, жумладан, Эбола вирусининг ҳам кириб келишини олдини олиш учун аэропорт ва чегара масканларида назорат кучайтирилганини билдирди.

- Ҳозирги пайтда Африкада тарқалган ва кенг тарқалиш хавфи бор бўлган бу вирус назоратини олиб бориш учун бизда ҳар бир чегара масканида, жумладан, аэропорт, вокзал ва чегарадан автотранспорт ўтиш жойларида санитария –назорат пунктлари бор. Ҳар бир гумон қилинган шахс ўша пунктдан ўтаётганда иситмаси текширилиб, агар нимадир гумон қилинса, дарров изоляция қилиниб, тегишли тадбирлар ўтказилади. Халқаро аэропортларимизда тепловизорлар ўрнатилган. Чегара масканларимизда ҳам масофадан иситмани ўлчайдиган мосламалар бор. Ҳозир бу касалликни мамлакатга киришини олиш учун барча чора тадбирлар кўрилган, - деди Муҳаммедов.

Ўзбекистоннинг кўпгина аэропортларида шубҳали кўринган йўловчилар ҳар доимгидек текширилмоқда. Ҳозирча аэропортда Эбола касаллиги берадиган аломатлар билан ҳеч ким қайд этилмаган.

Яқинда Ўзбекистон ҳукумати расмийлари Эбола вирусининг мамлакатга кириб келиши олдини олиш мақсадида ўз фуқароларини ушбу вирус тарқалган мамлакатларга сафар қилишини чеклади.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик ўчоғи саналган Либерияда Эбола тарқалиши пасая бошлаганини билдирмоқда.

Шу кунга қадар Эбола вируси дунёда беш мингдан зиёд одам ёстиғини қуритди.

XS
SM
MD
LG