Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:31

Хориждан мажбуран қайтарилган мардикорлар ишсизлар сафини тўлдирмоқда


Сўнгги ойларда хориждан меҳнат муҳожирларининг оммавий қайтиши кўпайиши ортидан янги муаммолар юзага келмоқда. Иш йўқлиги боис одамлар ноқонуний йўллар орқали пул топишга ҳаракат қилаётгани, жойларда жиноятчилик кўлами ҳам ошаётгани кузатилмоқда.

Бухорода мардикорлар қайтгач жиноятчилик ошди

Бухоролик блоггер Нафисанинг айтишича, мардикорларнинг қайтиши билан ортидан шаҳарда ноқонуний таксичилар ва маршрутка ҳайдовчилари сони кўпайиб кетган:

- Ҳозир шаҳарда ноқонуний таксистлар кўпайган. Айнан қайтиб келган мигрантлар ҳисобига кўпаймоқда. Таксистлар кўпайгани учун тушум камайиб кетган. Бозорда валютчиклар кўпайиб кетган. Бухоро марказидаги "Критий" қора бозорда валютчикларнинг кўпчилиги Россиядан қайтиб келган ва кетолмай юрганлар. Кўпчилигида запрет бор. Депорт қилинган Россия федерациясидан. Бундайлар ҳозир жуда кўпайиб кетган. Айниқса, Бухоро, Навоий, Самарқандда,- дейди бухоролик блоггер Нафиса.

Суҳбатдош муҳожирлар армиясининг қайтиши ортидан Бухорода жиноятчилик кўлами ҳам ошганини айтади:

- Ҳозир ҳамманинг оғзида шу гап. Россиядан қайтганлар "мошенник"чилик қилиб, одамларни чув тушираётган экан. Анов куни доллар бозорига чиқсак, кимнидир пулини олиб қочибди. Қайтиб келганлар кўпайиб, бекорчиликдан мана шунақа холатлар кўпаяпти, - дейди бухоролик блоггер Нафиса.

Депорт қилинган мардикор ишсиз қолаяпти

Сўнгги ойларда Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея каби мамлакатларда меҳнат қилаëтган ўзбек мухожирларининг уйларига оммавий қайтиши кузатилмоқда.

Маълум бўлишича, уларнинг аксари ўзлари яшайдиган мамлакатларда миграция қонунларини бузгани учун депорт қилинган ўзбекистонликлар.

Наманганлик Муҳиддинга кўра, қайтиб бориши тақиқланган меҳнат мухожирлари Ўзбекистонда иш тополмай қийналаяпти:

- Қайтиб келиб, тўрт ойдан бери ишсиз ўтирибмиз. Бир икки сўм билан қайтганмиз. У ҳам тугаб қоляпти. Нима қилишимизни билмаймиз, - дейди Россиядан депорт қилинган наманганлик Муҳиддин.

Кейинги ойларда Россия ҳукумати муҳожирлар сонини камайтириш мақсадида мардикорлар, жумладан, ўзбекистонликларни оммавий равишда депортация қила бошлади.

Бухоролик Маъруф ҳам Россиядан депортация қилинган минглаб ўзбекистонликнинг бири:

- Москвада қурилишда 12 йил ишладим. Уч ой аввал паспортга депорт печатини босиб, мени Ўзбекистонга қайтариб юборишди. Беш йилгача Россияга киролмайман. Ҳозир ишсиз қолдим. Бола-чақани боқиш керак. Машина олиб, вақтинча таксичилик қилиб турамиз, бошқа нима ҳам қиламиз, - дейди Маъруф.

Самарқанднинг Қўшробод қишлоғилик Зафар эса Россиядан ўтган ой муддати ўтган паспортини алмаштиргани келиб, Ўзбекистондан қайтиб кетолмаяпти:

- Паспортим муддати ўтяпти. Янги биометрик паспорт олиш учун келгандим. Ҳозир янги паспорт беришмаяпти. Қайтиб келганларни шунақа қилиб сарсон қилишяпти. Бу ерда иш йўқ. Россиядан қайтиб келганларни юбормаслик учун атайлаб шундай қилишяпти, менимча. Мендан уч-тўрт ой олдин келганлар ҳам паспортини ололмаяпти, - дейди Зафар.

Жиззахлик Миродил 14 йил Жанубий Кореяда ишлаб, уч ой олдин Ўзбекистонга депорт қилинган.

- Ўзбекистон ташқи миграция бўйича агентлиги кўмагида беш йилга контракт бўйича Кореяга кетгандик. Беш йил ишладик. Муддат ўтганидан кейин, ёқиб қолиб ўша ерда қолдик. Тўққиз йил нелегал бўлиб ишлаганимдан сўнг августда бизни депорт қилиб юборди. Ҳозир қайтиб келганимиздан сўнг агентликдан хат олдик. Жарима тўлашимиз керак экан. 14 минг доллар жарима белгилашган. Шартномани бузиб, Кореяда ноқонуний қолиб кетганимиз учун, шунақа жарима белгилашган. Ҳозир ўзи Ўзбекистонга қайтганимиздан сўнг иш тополмаяпмиз, устига мана буни тўлайсан, деб бизга хат жўнатяпти, - дейди Миродил.

"Дангаса"ларни қайтариш кампанияси

Айни пайтда вилоятларда ташқарига чиқиб кетган ўзбекистонликларни қайтариш тадбирлари давом этмоқда. Милиция нозирлари ва маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг ота-оналарига босим қилмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йили чет давлатларда ишлаб юрган юртдошларини "дангасалар" деб атаган эди.

- Ҳа, Ўзбекистонни ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ, барака топгур!... Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб шарманда қилади ҳаммамизни, деган эди Ислом Каримов.

Ўзбекистон президентининг ушбу баёноти ортидан меҳнат мухожирларини Россиядан қайтариш бошланди.

Келаси йилдан эса Россияга бориш учун Ўзбекистондаги идоралардан рухсат олиш керак бўлади.

Тошкентда 26 ноябрда ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро комиссияси йиғинида ўзбекистонликларни Россияда уюштирилган тарзда ишга жойлаштириш масаласи кўтарилди.

“Энг муҳими, ҳар бир ишчи бирон мамлакатга йўл олишидан аввал қўлида аниқ бир корхона билан имзоланган шартномаси бўлиши шарт”, - деган айни йиғинда қатнашган Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов журналистларга.

Агар мазкур келишув кучга кирса, Россиянинг ваколатли органлари Ўзбекистоннинг тегишли идоралари билан ишчилар сони масаласида олдиндан келишиши лозим бўлади.

2009 йилдан бери ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сон жиҳатдан Россиядаги хорижликлар орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Россияда 2 миллион 700 минг, норасмий манбаларга кўра, камида 5 миллион ўзбекистонлик муҳожир бор.

XS
SM
MD
LG