Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:39

Душанбеда хотинини ўзини ўлдиришига сабабчи бўлган эр судланди


Шаҳло Рустамхўжаева (ўртада) эрнинг зулмига чидай олмай ўз жонига қасд қилган.
Шаҳло Рустамхўжаева (ўртада) эрнинг зулмига чидай олмай ўз жонига қасд қилган.

Душанбе шаҳрининг Жиноят ишлари бўйича Шоҳмансур туман суди 25 яшар хотинини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган Икром Сатторовни уч йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Суд бундай ҳукм учун аёлнинг ўлими олдидан ёзган сўнгги мактуби ва унинг баданида қолган калтак изларини асос қилиб олди.

Озодлик мухбири билан бўлган аввалги суҳбатларида хотини Шаҳло Рустамхўжаевнинг ўз жонига қасд қилишида айби йўқлигини таъкидлаб келган душанбелик 32 ёшли Икром Сатторов Тожикистон Жиноят Кодексининг 109-моддаси, яъни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишда айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан уч йилга озодликдан маҳрум этилди.

Айблов хулосасида айтилишича, Икромнинг хотинига мунтазам зуғум ўтказиб келгани оқибатида аëл ўз жонига қасд қилган. Суд ҳукмига кўра бу айблов ҳужжат, далил ва гувоҳлар кўрсатмаси билан асосланган.

Суд ҳукм чиқаргунга қадар Икром Сатторов очиқда бўлган ва суд залининг ўзида ҳибсга олинган.

Суд Икромни хотини Шаҳло Рустамхўжаевани ўз жонига қасд қилишда айбдор деб топган бўлса ҳам, лекин унинг ўзи Озодлик билан бўлган суҳбатда ҳеч қачон хотинига зуғум қилмаганини ва уни ҳаддан ортиқ яхши кўрганини айтган. Икромга кўра, хотини ўлганидан сўнг унга яшашнинг қизиғи қолмаган.

Шаҳлонинг эри Икром Сатторов.
Шаҳлонинг эри Икром Сатторов.

Шаҳлонинг яқинлари Икромнинг бу даъволарини асоссиз деб билиб, суд мажлисида унга қарши кўрсатма берганлар.

25 яшар Шаҳло Рустамхўжаеванинг жасади жорий йилнинг 20 август куни Шоҳмансур туманидаги ўзи ишлайдиган “Фариде” гўзаллик салонида соч қуритадиган аппаратнинг симига осилган ҳолатда топилган эди.

Жасаднинг ёнидан топилган мактубда ўз яқинларига мурожаат қилган Шаҳло ўз жонига қасд қилишига эри сабабчи эканлиги, ўлимидан сўнг икки нафар боласини эрига бермаслигини илтимос қилган.

Суд Шаҳло баданида калтакланишдан қолган излар ва шу мактуб асосида ҳукм чиқарган.

Шаҳлонинг опаси Марҳабо Рустамхўжаеванинг айтишича, бу оиладаги жанжалларнинг сабаби Икромнинг иккинчи хотини борлиги билан боғлиқ бўлган:

“Синглимга уйланишидан олдин унинг бошқа хотини ҳам бўлган экан. У синглим билан Москвада эканлигида Шаҳлони уйидан ҳайдаб чиқарган эди. Ўша пайтда Москвада ҳайдовчилик қилаётган отам кундуз кунлари Шаҳлони ўзи билан бирга олиб юрар, кечқурун эса танишларининг уйида қолар эди. Оқибатда отам Шаҳлони олиб уйга қайтди”, деди Марҳабо.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар куни Тожикистонда бир аёл ўз жонига қасд қилади. Тожикистон ИИВ маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ўз жонига қасд қилган 318 шахснинг 153 нафари аёллардир.

XS
SM
MD
LG