Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:06

Ўзбекистонда инфляция даражаси келаси йили қитъада энг юқори бўлади


Ўзбекистондаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи аҳоли реал даромадига нисбатан бир неча баробар тезлик билан ошиб бормоқда.
Ўзбекистондаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи аҳоли реал даромадига нисбатан бир неча баробар тезлик билан ошиб бормоқда.

Ўзини истеъмол бозорлари бўйича стратегик тадқиқотлар жабҳасида дунëнинг етакчи гуруҳи деб тақдим этган Euromonitor International Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги инфляция даражасига оид ҳисобот ва башоратига жиддий шубҳа билдирди. Гуруҳга кўра¸ бу йил ва келаси йилги инфляция даражаси ҳукумат айтаëтганидан камида икки марта баландроқдир.

13 ноябрь куни Ўзбекистон парламенти қабул қилган 2015 йилги давлат бюджетида келаси йилги инфляция даражасининг 5¸5-6¸5 фоиздан ошмаслиги “реалистик тахмин” сифатида тасдиқланди. Ҳукумат таъкидича¸ 2014 йилда инфляция кўрсаткичи 6¸8 фоиздан ошмаган.

Озодлик билан суҳбатда Euromonitor International таҳлилчиси энг камтар ҳисоб-китобда 2014 йилда Ўзбекистондаги инфляция 10 фоиздан кам эмаслигини айтади:

- Биз тадқиқотларимиздаги рақам ва башоратларни нафақат ҳукуматлар¸ балки Халқаро валюта жамғармаси каби йирик молиявий тизимлар¸ шунингдек¸ мустақил таҳлилчилардан ҳам оламиз. Шу боис 2014 йилда Ўзбекистондаги инфляция даражаси 10 фоизни¸ келаси йили эса¸ 11¸2 фоизни ташкил этади деган рақам ва фаразлар¸ имкон қадар объектив таҳлилга асосланган¸ дейди Euromonitor International гуруҳининг етакчи таҳлилчиларидан бири Анна Соловьëва Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда таҳлилчи¸ Ўзбекистондаги асл инфляция даражаси бу рақамлардан баландроқ эканини ҳам тан олади:

- Ҳақиқий рақамлар бундан баландроқ бўлиши мумкин. Зотан бозорни ҳукумат тўлиқ назорат қилиши боис¸ ҳақиқий рақамларни аниқлашнинг имкони йўқ. Ҳақиқий рақамларни эса Ўзбекистон ичкарисида яшовчилар яхши биладилар¸ деб қўшимча қилади Соловьëва.

Истеъмол маҳсулотлари ва хизматлар нархининг ўсиб боришини англатувчи инфляция даражаси сўмнинг бу маҳсулот ва хизматларни сотиб олиш қурбига қараб белгиланади. Ўзбекистонликлар эса ўз чўнтакларидаги сўмнинг бозорда тобора камроқ нарса сотиб олаëтганини яхши биладилар.

Озодликнинг асосий истеъмол моллари ва хизматлар бозоридаги нархлар динамикасига бағишланган сўнгги кузатишларида ўзбекистонликлар жорий йилда гўшт, гуруч, ўсимлик ёғи, кийим-кечак ва қурилиш моллари нархининг 20-30 фоизга қимматлаганини реал бозор манзарасида тасдиқлаб берган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаров озиқ-овқат бозоридаги инфляциянинг айни кунларда ҳукумат ва Euromonitor International келтирган рақамлардан ҳам бир неча баравар баландлигини айтади:

- Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича инфляция 30-40¸ ҳатто 50 фоизгача чиқиши мумкин йил давомида. Бу ҳукумат нархлар ўсишини қаттиқ назорат қилаëтган бир вазиятдаги аҳвол. Ҳозир булар яна ғирромликка ўтиб олди. Нархни ушлаш учун сифатни йўқотаяпти. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган кийим-кечак¸ этикеткада кўрсатилган размердан кичик. Ëки нонни олинг. Нархни ушлаб қолиш учун¸ нон оғирлигини қарийб икки баробарга енгиллатиб юборди. Лекин бунақа ғирромлик узоққа бормайди. Нархлар ўсиши келаси йилда яна ҳам кучаймай қолмайди¸ дейди ўзбекистонлик бу кузатувчи.

Ўз исми келтирилишини истамаган ўзбекистонлик бошқа бир иқтисодчи¸ мамлакатдаги инфляция даражаси баланд эканини тасдиқлай туриб¸ келаси йилги кўрсаткичнинг янада баланд бўлишини башорат қилади:

- Инфляция Ўзбекистонда доимий равишда юқори даражада бўлган¸ айниқса¸ мустақилликнинг дастлабки йилларида бу яққол сезилган.

Бугунги кунда олдинги йиллардагидай бўлмаса ҳам¸ инфляция юқори. Асосан бу истеъмол маҳсулотлари инфляциясида яққол намоëн бўлади. Чунки бу асосан долларнинг курси билан боғлиқ. Биз жуда кўп нарсаларни импорт қиламиз¸ маиший моллардан тортиб озиқ-овқат товарларигача. Улар нархи эса долларга бевосита боғлиқ. Долларнинг нархи кўтарилса¸ автоматик равишда товарлар нархи ҳам кўтарилади.

Доллар қурби бугунги кунда деярли барча дунё валюталарига нисбатан ошиб бормоқда. Бу АҚШ иктисодиёти¸ шунингдек нефт нархининг тушаётгани билан боғлиқ. Яна бир муҳим фактор эса. мамлакатга келаëтган валюта оқимининг камайишидир. Россияга машина экспорти 35% тушиб кетди. Валюта қанча кам бўлса¸ унга бўлган талаб ҳам шунчалик ортади¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик суҳбатлашган Euromonitor International таҳлилчиси¸ расмий Тошкент ўз молия-пул сиëсати¸ қолаверса бутун иқтисодий сиëсатини қайта кўриб чиқмаса¸ инфляция кучайишини тўхтатиб бўлмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар эса¸ иқтисодий-молиявий ислоҳотлар учун сиëсий ҳокимият ўзгариши зарурий шарт эканини урғуламоқда.

XS
SM
MD
LG