Линклар

Бир маҳаллада кетма-кет бўлган 11 ўғирлик Россиядан қайтаëтганлардан қўрқув уйғотди


Ўғрилар нишонига айланган Беруний маҳалласи Самарқанднинг машҳур Сиëб бозорига туташ.

Озодликка ўз манбаларидан маълум бўлишича¸ Самарқанд марказидаги Беруний маҳалласидагиларнинг кўпчилиги айни кунларда ўз уйида яшамайди – уларнинг кўпи Россия ëки бошқа хориж давлатига ишлашга кетган¸ қолганлари эса¸ маҳаллада на свет ва на газ йўқлиги сабаб¸ қишлаш учун бошқа жойда кун ўтказмоқда.

Озодлик суҳбатлашган шу маҳалла фаолларидан бири¸ кимлардир дала ҳовлисига кетиб¸ ўтин-кўмир ëқиб қишлаëтгани¸ бошқалар эса¸ газ таъминоти заиф бўлса-да¸ узилмаган шаҳарнинг кўп қаватлик уйларида яшаб¸ ҳовли-жойидан кунора хабар олиб туришини айтади.

- Аввалига маҳалладаги уйларга ўғри оралагани ҳақида хабар эшитдик. Кундузлари бориб уйдан хабар олиб турдик. Лекин 1 январь куни борсак¸ дарвозани бузмасдан¸ уйга ўғри тушганини кўрдик. Тахминимизча¸ ўғрилар томдан ошиб кирган. Ҳар бир хонага қулф ўрнатиб¸ ҳаммасини ëпиб кетган эдик. Эшикларни бузмасдан¸ ойналарнинг михчаларини олиб¸ уйга киришган. Пул йўқ эди¸ лекин тилла тақинчоқлар бор эди. Ҳамма ëқни тит-пит қилиб¸ фақат тиллаларни олиб кетишган. Бу бир кишининг иши эмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Эртасига қўшнининг уйини ҳам ўғри босди¸ дейди Беруний маҳалласидаги туналган ҳовлилардан бирида яшовчи самарқандлик.

Уйини ўғри урган самарқандликларнинг айтишича¸ дарҳол милицияга мурожаат қилишганига қарамай¸ ўзларини Янги йил арчасини қўриш билан банд эканини иддао қилган ички ишлар ходимлари¸ воқеадан уч кун ўтиб ўғирлик жойига келган. Келгач¸ "сизлар ўғирлик жойига кириб¸ нарсаларга тегиб¸ изларни йўқотибсиз¸ деб бизларни уришди"¸ дейди туналган уй эгаларидан бири:

- Ўғриларни топамиз¸ дейишдан бошқа гап йўқ. Лекин ўғрилик тўхтагани йўқ. Кеча пешинда маҳалламизда яна бир хонадонни тунаб кетишди. Уларникидан ҳам бир неча минг доллар¸ тиллаларни олиб кетишган. Йиғлаб ўтирибди. Қизиғи¸ ўғрилик куппа-кундузи¸ уйда одам бор пайтида бўлган. Тахминимизча¸ бу ишларни биладиган одамлар қилаяпти. Маҳалладагилардан кимдир аралашган бунга. Ўғри тушган 11 та ҳовлининг 9 тасида одам турмайди – ë чет элда¸ ëки квартирада совуқдан жон сақлаб ўтирибди. Шу одам доим турмайдиган хонадонларга ўғри тушаëтганидан¸ кимдир уларга маълумот бераëтганини тахмин қилаяпмиз¸ дейди суҳбатдош.

Беруний маҳалласида икки ҳафта ичида 11 та ўғирлик содир бўлганини эътироф этган шаҳар ички ишлар бошқармасидаги манба¸ ҳар бир иш юзасидан жиноий иш очилганини билдирди. Расмий манбага кўра¸ ҳозирда ўғирликда гумонланган бир неча киши ҳибсга олинган ва тергов ишлари бормоқда.

Озодлик мухбири суҳбатлашган самарқандликлардан бирига кўра¸ бу ўғирликлар ҳақида шаҳар оммавий ахборот воситалари лом-мим деб хабар бермаëтганига қарамай¸ аҳоли орасида тарқаб бўлган ва жиддий хавотир уйғотган:

- Ҳозир участка нозирлари уйма-уй кириб¸ эҳтиëт бўлинглар¸ кундузлари ҳам уйингизни қулфлаб ўтиринглар¸ деб юрибди. 14 январь куни маҳаллаларда катта мажлислар бўлиб¸ ички ишлар ходимлари вазият ҳақида аҳоли билан гаплашар экан. Ҳозир ҳамма хавотирда¸ дейди самарқандлик суҳбатдош.

Унинг таъкидича¸ маҳалла фаоллари ва нозирлар аҳолини Россиядан меҳнат муҳожирларининг оммавий қайтаëтгани жиноятчиликнинг ошишига олиб келиши ҳақида очиқ огоҳлантирмоқда.

- Кеча бизникига ҳам мелиса келиб¸ Россиядан массовий қайтиш бўлаяпти¸ энди бохабар бўлиб туринглар. Яқинда катта мажлис бўлади¸ шу масалада¸ чиқинглар¸ деб кетди. Газетага ëзмасаям¸ телевизорда айтмасаям¸ одамлар ўғирликлар кўпайганини эшитиб бўлди. Россиядагиларнинг кўпчилиги 15 январгача қайтади¸ дейишаяпти. Ишлаш тартиби ўзгарар эмиш Россияда¸ шунга қайтишармиш. Бу ерда иш бўлмаса¸ булар нима қилади. Ўзи¸ бола-чақаси оч қолса¸ ўғирлик қиладида¸ бошқа нима қилсин? Тожикларда бир мақол бор¸ оч одам шердан ҳам қўрқмайди¸ деган. Буларга иш топиб бермаса¸ бошқа нима қилади¸ дейди самарқандлик суҳбатдош.

Беруний маҳалласида яшовчи Озодлик манбаси¸ милиция ходимларининг бу ўғирликларга лоқайдлик билан қараëтгани ва аҳоли мулкини ҳимоялаш бўйича деярли ҳеч нарса иш қилмаëтганидан ҳафсаласи пир бўлган маҳалладошлари¸ тунлари ухламай¸ қўриқчилик қилишга киришганини билдирди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG