Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:52

Ўзбекистон ҳукумати ташқи савдода "давлат сири" ҳимоясини кучайтирди


Ўзбекистон ҳукумати ташқи савдо - валюта операциялари, экспорт ва импортга оид операцияларга масъул тадбиркорлик субъектларини 3 ярим ой муқаддам ишга туширилган - Ягона давлат интерактив портали орқали ҳужжат юритиш мажбуриятидан соқит қилди. Иқтисодчилар тахминича, гап "давлат сири" сирасига киритилган давлат қарзи, ҳарбий ва хавфсизликка оид ҳамкорлик шартномаларидан ташқари, аҳоли учун сир қолаётган пахта, тилла, газ каби миллий бойликлар савдосига оид келишувлар ҳақида бормоқда.

12 январь куни Norma.uz сайтида эълон қилинган хабарга кўра, бундан буён ташқи валюта операциялар, давлатнинг ташқи қарзи, ҳарбий-техникавий ва ахборот хавфсизлигига оид шартномалар, экспорт ва импорт кўламига оид ҳамкорлик шартномалари Ўзбекистонда жорий этилган Ягона давлат интерактив портали орқали расмийлаштирилмайди.

Балки, аввалда бўлгани каби, тўғридан-тўғри тегишли ташкилотлар, жумладан, божхона ва банкнинг ўзида, қоғозда расмийлаштирилаверади.

Аммо, ҳужжатда умумийлаштирилган ҳолда "ташқи савдога оид шартномалардаги давлат сири", дейиларкан конкрет қандай шартномалар ва қандай маълумотлар ҳақида гап бораётгани аниқлаштирилмаган.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбек бу борада фақат тахминни тилга олиш мумкин дейди:

- Яъни, Ўзбекистонда қонун бўйича давлат сири, деб қайд этилган ахборот билан ишловчи барча тадбиркорлик субъектлари, масалан, давлат буюртмалари асосида товар олди-сотди қиладиган ёки ҳарбий техника олиб келадиган, ё ахборот хавфсизлигига оид юқори технологиялар билан ишлайдиган, экспорт ва импорт билан ишлайдиган ташкилотлар шартномаларини олдин қандай расмийлаштирган бўлса, бундан кейин ҳам шундай қоғозда расмийлаштиради, умумий интернет порталига киритмайди, - дейди ҳукумат қарорига муносабатини билдирган ўзбекистонлик иқтисодчи Тошбек.

Маълумки, 2014 йилнинг 1 сентябридан ташқи савдо алоқаларига оид шартномаларни Ягона давлат интерактив портали орқали расмийлаштириш тартиби жорий этилган эди.

Бу тартиб орқали Ўзбекистондаги давлат идораларида жамланган том-том қоғозларга битилаётган ахборотни виртуал оламга кўчириш ташаббуси, иқтисодчилар фикрича, тадбиркорлар томонидан ҳам яхши қабул қилинадиган ташаббус эди:

- Шартнома ва товарларини Ўзбекистонда расмийлаштириш учун тадбиркорлик субъектлари ёки масъул ташкилотлар банк ёки божхонадаги жаноб X.нинг қабулига бориши, кутиши ва кейин узундан-узоқ қоғозбозликдан ўтиши керак эди. Бу порталда эса тадбиркор интерактив давлат хизматидан фойдаланиши мумкин - яъни, ҳужжатларини онлайн шаклда, ўзига қулай вақтда тегишли ташкилотга юборади ва ишини қилаверади, - дейди, жумладан, тошкентлик иқтисодчи Тошбек.

Аммо, ўзбекистонлик айрим иқтисодчилар фикрича, 2014 йилнинг 1 сентябридан жорий этилган мажбурият шу кунга қадар ҳам талаб даражасида бажарилмаётган эди.

Биринчидан, портал янги ва ҳали тўлиқ ишга тушмаган. Иккинчидан, 12 январь куни эълон қилинган "давлат сири" га оид қарор аслида давлат интерактив хизматини таклиф қилаётган порталга йиғилажак ахборот хавфсизлигига оид хавотирдан келиб чиққан бўлиши мумкин:

- Яъни, "давлат сири" дейилганда нима назарда тутилган, ўша сиз айтган пахта ёки газ экспортига оид маълумотларми-бошқасими, у ёки бу ахборотнинг порталдаги ҳимояси ҳали тўла таъминланмаган бўлиши мумкин. Мисол учун, ҳакер ҳужуми назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Лекин, ҳали портал тўлиқ ишга тушгани йўқ ва унда йиғиладиган маълумотлар базасининг амалда қай кўринишда бўлиши ҳам аниқ эмас, - деб ҳисоблайди Тошбек.

Қуйида Тошбек билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Тошкентлик иқтисодчи Тошбек Каримов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:01 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG