Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:41

Ўзбекистонда ҳисоблагични ортга буриб, электр ўғирлаш авж олмоқда


Ўзбекистонда электр тармоқларига ноқонуний йўл билан уланганлик учун жиноий жазо белгиланганига қарамай, фуқароларнинг электр энергияси манбаларидан яширинча фойдаланиш ҳоллари кўпайгани айтилмоқда. Элекр энергияси истеъмолини назорат қилиш органи расмийлари Озодлик билан суҳбатда бундай ўғирлик пойтахтда ҳам авж олганини айтди.

Cаккиз йил "Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Тошкент шаҳар бўлимида ишлаган тошкентликлардан бири Озодликка мурожаат қилиб, қишлоқларда аҳоли ўтин ёқиб кун кўраётган бир пайтда пойтахтликлар электр ва газ ҳисоблагичларни ортга айлантириб, энергия манбаларини ҳавога совураётганидан шикоят қилди:

- Ноқонуний уланиш¸ ҳисоблагични қайтариш¸ ҳисоблагични олиб қўйиш жуда кўп. Кўпчиликни хонадонида электр ва газ ҳисоблагичлар ортга айлантирилади. Шаҳарда газ ҳавога учиб кетяпти, электрни одамлар ўғирлаб, хоҳлаганча фойдаланяпти, қишлоқларда эса одамлар ўтин ёқиб кун кўрмоқда, - дейди энергия назорат инспекцияси собиқ ходими.

Ўзбекистонда электр ўғирланиши ҳолларини аниқлаш ва бундай ўғирликлар олдини олиш учун Энергия назорати инспекцияси ходимлари бот-бот текширув ўтказиб туради.

Собиқ инспектор иддаосича, инспекциялар пайтида аксар ўғирлик фош этилмайди:

- Шаҳардаги ҳар бир уй яхшилаб инспекция қилинса, ҳисоблагичларни ярми ортга айлантирилиши аниқланади. Тошкентнинг ярми шу ишни қилади. Лекин, назоратчилар буни фош қилиш ўрнига пора олиб ҳисоблагич тўғри ишлаяпти, деб ёзиб кетади. Ҳаммаси коррупциялашган у ерда, - дейди Энергия назорати бўлимининг собиқ ходими.

Озодлик боғланган тошкентликларни кўпчилиги хонадонларда электр манбаларидан яширинчи фойдаланиш ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлашди.

Тошкентлик Манзура опа газ, сув ёки электрдан яширинча фойдаланувчилар, асосан, амалдорлар орасида кўплигини айтади:

- Яширинча фақат катталар фойдаланади. Уларни уйи катта, кўп электр, кўп сув, кўп газ ёнади. Электр ёки газ идораларидаги танишлари орқали келишиб, учдан бирини, тўртдан бирини тўлайди ёки умуман тўламайди. Буни газ ва электр идорадагилар ҳам билади. Квартирада ойлигига зўрға яшайдиганлар буни қилмайди, улар қўрқади. Тушиб қолса штрафи кўп-да, - дейди Манзура опа.

Тошкентлик электр устаси Саъдулла ноқонуний уланишнинг бир қанча йўллари борлигини айтади:

- Энг кўп тарқалган усули ҳисоблагични ортга қайтариш. Буни эски ҳисоблагичи борлар қилади. Ҳозирги рақамли ҳисоблагичларда бу ишни қилиб бўлмайди. Ҳисоблагич очилиб, манфий ва мусбат қутблари тескари уланади. Қанча светни кўп ёқсангиз, ҳисоблагич шунча тез ортга айланади. Яна бир йўли, ҳисоблагични секин айланадиган қилиш. Бировлар, умуман айланмайдиган қилиб қўяди. Назоратчиларни кўпчилиги билади буни. Уйни эгалари билан келишиб кетадиганлари бор, керак бўлса ўзи ҳам шуни қилиб кетади, - дейди тошкентлик электр устаси.

"Ўздавэнергоназорат” инспекцияси расмийлари электр тармоқларига ноқонуний уланиш, ўғирлик ҳолатлари мавжудлигини рад этишмайди:

- Рейдлар ўтказиб турамиз. Шунақа ҳолатлар бор, афсуски. Ҳозир шу ўғирликлар олдини олиш учун рақамли ҳисоблагичларни ўрнатяпмиз. Рақамли ҳисоблагичда ўғирлаб бўлмайди, - дейди Тошкент шаҳар инспекцияси бўлимининг Озодлик боғланган расмийси.

Лекин, вилоятларда ҳали ҳам кўпчилик хонадонлар эски ҳисоблагичлардан фойдаланади.

"Ўздавэнергоназорат” инспекциясининг Урганч шаҳри бўлимининг ўзини Қадам, деб таништирган ходими айнан рақамли ҳисоблагичлар етишмаётгани сабаб ўғирлик кўплигини айтади:

- Шаҳарда 35 минг хонадон бор. Рақамли ҳисоблагичларни келганини келиши билан ўрнатяпмиз. Лекин, етишмаяпти. Кўпчилик ҳали ҳам эски ҳисоблагичдан фойдаланади. Бизни бўлимимизда беш киши бор. Қайси бир хонадонга кириб текшириб чиқамиз. Лекин, электрни ўғирлаганлар қўлга тушса, ўн йиллигини тўлаб беради. Ундан кўра, тежамли лампочкалар бор, шулардан фойдаланса бўладику?! - дейди Урганч шаҳри инспекцияси ходими.

Ўзбекистонда тўрт йил аввал сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказганлик, ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартирганлик учун жавобгарлик кучайтирилган эди.

Эндиликда бундай шахслар ўғирлик миқдорига қараб жаримага тортилиши ва ҳатто, жиноий жазо белгиланиб, озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG