Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:16

Паспорт столларида навбат узайгани сари, "хизмат ҳақи" ошмоқда


Самарқанд вилояти Пайариқ тумани паспорт столидаги навбат
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани паспорт столидаги навбат

Тўрткўл, Шеробод, Пахтачи туманларида биометрик паспорт учун навбатни тезлаштириш 100 АҚШ долларига тушаётгани иддао қилинмоқда. Тингловчилардан навбатнинг узунлигию, паспортни олиш учун 15 кундан 30 кунга қадар вақт кетаётганига оид шикоятларни қисман тасдиқлаган ИИБ ходимлари бунга Тошкентдан ажратилаётган биометрик паспорт миқдори ҳар бир туманга максимум 70 дона қилиб чеклаб қўйилганини сабаб қилиб келтирмоқда.

Тўрткўл паспорт столи

Ўзбекистоннинг турли вилоятиларидан биометрик паспорт учун навбатлар узайгани сари порахўрлик авж олаётгани ҳақида шикоятлар келмоқда.

Улардан бири Қорақалпоғистон республикасининг Тўрткўл туманидан келди. Ушбу мактуб қуйида ўзгаришсиз чоп этилмоқда:

"Салом хурматли Озодлик радиоси мен сизга шуни айтмокчиманки нимага Караколпогистон республикаси Турткул туманида паспорт алиштиришга 100$ сорашади ва алохида паспортни олишга 60 000 сум олишади. 100$ борида бор йугичи? Нима килади паспорт канча пайтда тайёр булади Турткулда порасини берсан 15 кунда тайёр булади агар пора берилмаса 2 ёки 3 ойдаям тобшириб бомаябди. Чораси борми шунинг ёки йукми?", дея ёзди исм-фамилияси сир сақланишини сўраган тингловчи.

Бу мазмундаги шикоятлар сони ортмоқда ва уларнинг аксариятида, паспорт столлари ходимлари биометрик паспорт олиш учун берилаётган аризани қабул қилишни тезлаштириш учун расман тўланадиган 59 минг 200 сўм устига 100 АҚШ доллари, баъзи ҳудудларда эса 100 минг сўм миқдорида "хизмат ҳақи" сўраётгани айтилмоқда.

(Озодлик шикоятлар ортидан паспорт столларига боғланганида порага оид иддаоларнинг билвосита тасдиғига гувоҳ бўлди. Аммо расмийлар бу иддаоларни на тасдиқлади, на инкор қилди.)

Озодлик шикоятлардан сўнггиси ортидан Тўрткўл тумани Паспорт столи билан боғланишга уринди, аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Туман ИИБ қабулхонасининг ўзини таништирмаган ходими оддий фуқаро сифатида боғланган мухбирга бундай маълумот берди:

"Қаранг, агар сизга срочно керак бўлса, Паспорт столда навбат катта, шунинг учун сиз КППга келинг. Д. (исми сир сақланмоқда. - таҳр.) йигитни сўранг. Ҳал бўлади ишингиз... Ҳаражатини билмайман мен", деди туман ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими. У навбатни тезлаштириб бериш учун конкрет қанча "ҳажарат" кетишини айтмади. Аммо, бу хизмат текинга кўрсатилмаслигига очиқ ишорат берди.

Шундан сўнг Озодлик мухбири оддий фуқаро ўлароқ Қорақалпоғистон ва Ўзбекистоннинг Озодликка келган шикоятларда номи тилга олинган бир неча туманига боғланиб, маълумот олишга уриниб кўрди.

Мўйноқ паспорт столи

Ўзбекистон фуқароси сифатида туман ИИБга сим қоққан мухбир Паспорт столи расмийларига билан боғланишга муваффақ бўлди.

Паспорт столи ходими ўзини таништирмади, аммо саволларга очиқлик билан тўлиқ жавоб берди:

"Бизда ҳозир унақа навбат йўқ. Келинг ҳамма ҳужжатларингизни олиб, икки кун, узоғи билан уч кунда биометрикка расмга тушасиз. Кейин телефон номерингизни қолдирасиз, 15-20 кунда олиб кетаверасиз. Очередь йўқ", деди паспорт столи ходими.

Унинг айтишича, республикадан бу туманга кунига 50 тадан-70 тагача биометрик паспорт беришга рухсат берилган ва фуқаролар хотиржам паспортини олиб кетмоқда.

Пахтачи паспорт столи

Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани паспорт столи билан боғланишнинг имкони бўлмади. Туман ИИБнинг ўзини таништирмаган ходимларидан бири паспорт столида телефон йўқ, деган маълумотни берди.

Аммо, паспорт столидаги ур-йиқит навбатлардан хабардорлигини айтган ходим биометрик паспорт олиш ниятида бўлган фуқаронинг саволларига жавоб берди:

"Республикадан келади паспорт серияси, сиз ўзингиз тушунингда! Одам кўп ҳозир. Шунинг учун вақт кўп кетиб қолаяпти. Бир кунда 70та паспорт бериляпти ҳозир. Кутасиз, камида 20 кун 1 ой кутасиз", деди туман ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими.

Шеробод паспорт столи

Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани паспорт столи билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади. ИИБ навбатчисидан бундай жавоб олинди:

"Ҳужжатларни тўғирлаб келасиз, очеред оласиз. Кейин сизга ўзлари телефон қилиб, қайси куни расмга тушишга келишингзини айтади. Очеред кимга қандай? Тезлаштирса, бўлади тушундингизми?! Келиб, паспорт столга учрашасиз-айтасиз. Ҳал қилса бўлади, келаверинг ҳай. Кунига 150-200 одам келаяпти ҳозир. Сизга ҳеч ёрдам беролмайди, пул-мул қилиб юрманг. Ҳаммаси Тошкентга боғлиқ. У ёқ-бу ёғи 20 кун 1 ойга бориб қолади", дея жавоб берилди оддий фуқаро ўлароқ боғланган мухбирга.

Олинган маълумотлардан кўринадики, баъзи туманларда биометрик паспорт учун ур-йиқит навбатлар кузатилмоқда, баъзи туманларда эса йўқ.

Вилоятлардаги паспорт столлари расмийлари бу фарқни кунига фақат 70 тага қадар биометрик паспорт берилаётгани ва баъзи ҳудудларда аҳоли кўплиги, баъзиларида эса баҳор фасли яқинлашиб, хорижга шошилаётганларнинг кўпаяётгани билан изоҳламоқда.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Яшнаобод, Олмазор туманлари паспорт столларидан олинган маълумотга кўра эса бу идораларда навбат оз ва ариза билан борган фуқаро икки-уч кунда янги паспорт учун суратга тушиши мумкин. Паспортнинг ўзи 15-20 кун ичида берилмоқда.

Айни пайтда Тошкентнинг баъзи туманлари, жумладан, Чилонзор, Юнусобод туманлари паспорт столларида икки-уч кунлик навбатлар кузатилаётгани, биометрик паспортга суратга тушиш учун эса 15-20 кунлаб пойлаш кераклиги ҳақида шикоятлар бор.

XS
SM
MD
LG