Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:18

Қўқонда қурилиши битмаган савдо маркази ишга туширилди


Қўқон шаҳридаги Қўқон савдо маркази
Қўқон шаҳридаги Қўқон савдо маркази

Қўқон шаҳрида 10 февраль куни фойдаланишга топширилган уч қаватли савдо марказининг биринчи қаватидаги дўконларни тадбиркорлар мажбурий тарзда 300 миллион сўмга сотиб олишга мажбурлангани иддао қилинмоқда. Манбалар хўжакўрсинга очилган марказнинг қурилиши ҳали битмагани, ҳатто терминаллар ўрнатилмаганини айтмоқда.

Қўқонлик манбанинг тадбиркорларга таяниб айтишича, Қўқон шаҳрининг Кимёгарлар майдони яқинида очилган янги савдо марказидаги ҳар бир квадрат метр жойнинг нархи камида беш ярим миллион сўм қилиб белгиланган:

“Савдо жойларининг ҳар бир квадрат метри нархи қаерда жойлашишига қараб 5,5 миллион сўмдан бошланади экан. Тадбиркор танишимнинг айтишича, дўконлар жойлашувига ва ҳажмига қараб 150 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача (қора бозор курси бўйича 37500 АҚШ долларидан 75 минг долларгача - таҳририят) сотилган”, дейди манба.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган тадбиркорлардан бирининг айтишича, шаҳар ҳокимлигининг масъуллари савдо марказини тезроқ очиш мақсадида тадбиркорларни дўконларни тезроқ сотиб олишга мажбурлаган:

“Бўл, бўл қилишди. Жойларни олдик. Нархлар осмонда, лекин ҳали кўпчилик пулини тўлагани йўқ. Бошқа жойлардаги дўконларимиздан молларни апил-тапил олиб келиб жойладик. Савдо марказининг ташқи кўриниши чиройли бўлгани билан, ичида ҳали кўп иши бор. Биринчи қаватда озиқ-овқат, иккинчи қаватда кийим-кечак сотилади экан. Учинчи қават эса ҳали умуман битмаган. Очилиши учун молларни олиб келиб хўжакўрсинга кўрсатиб турдик”, деди тадбиркор.

Қўқонлик бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, бу савдо маркази аслида такси парки учун қурилган бино бўлган:

“Бу туя гўшти еган қурилиш эди. Бу жой сотилади, деб олти ойча турди. Ҳеч ким олмагандан сўнг, уни савдо маркази қилишди”, дейди тадбиркор.

Озодликнинг Қўқондаги манбасининг айтишича, янги савдо марказининг биринчи қавати 14 февралдан тўлиқ ишга тушади:

“Ҳали расталар ҳам тўлиқ маҳсулотларга тўлдирилмаган, кассалар ишламайди. Иккинчи қаватда ҳам бўш жойлар кўп. Учинчи қаватни эса ҳали ёпиб қўйишган. Номигагина очиб қўйишгани маълум бўлди”, деди манба.

Озодлик Қўқон шаҳар ҳокимияти билан боғланиб, савдо дўконлари учун жойлар нега бунча қиммат экани билан қизиқди. Озодлик билан суҳбатлашган мулозим савдо комплекси теграсидаги муаммо ва тадбиркорлар арзига оид маълумотларни инкор қилмади. Аммо, бу борада бирор изоҳ беришдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG