Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:21

Aрзон Интернет телефонга боғловчи ускунадан фойдалaнганлар жазоланмоқда


Ўзбекистон телевидениесида Интернетдаги телефония трафигини GSM форматида уяли телефонларга боғловчи GSM-шлюзларга (GSM Gateway)​ қарши тарғибот бошланди. 10 февраль куни “Ёшлар” телеканалида эфирга берилган “Жиноят ва жазо” кўрсатувида GSM-шлюзлардан фойдаланиш Ўзбекистонда қонунга хилоф экани, бундай ускуналардан фойдаланган бир қатор жисмоний ва юридик шахслар маъмурий ва жиноий жазога тортилгани ҳақида гап борди.

Интернетдаги VoIP каби телефония каналларини GSM тармоғига улаб бериш орқали мобил алоқа харажатларини уч-тўрт баравар камайтирувчи шлюзлар сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ҳам оммалашди.

Тошкентлик Интернет телефония соҳаси мутахассиси Умид Солиевга кўра, Ўзбекистонда кимдир чет элдаги танишлари билан телефонда арзонроқ гаплашиш¸ кимдир эса тижорий мақсадларда шундай ускуналардан фойдаланади:

- Кўпчилик GSM-шлюзлардан (GSM Gateway) мини-АТС сифатида фойдаланади. 8 каналлик шлюзлар бор. VoIP телефонияни мобил телефонларга боғлаб, чет эл билан гаплашиш хизматини йўлга қўйишган. Бунақалар жуда кўпайган, дейди тошкентлик Интернет телефония мутахассиси Умид Солиев.

“Ёшлар” телеканалида эфирга берилган кўрсатувда GSM-шлюзлар “Uztelecom” миллий алоқа ширкатига сўнгги икки йил ичида 300 миллион доллар зарар етказгани таъкидланилди.

Кўрсатувда айтилишича¸ GSM-шлюз тармоғини йўлга қўйган айрим фуқароларга етти йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Лекин бундай жазо Ўзбекистон Жиноят Кодексининг қайси банди бўйича белгилангани ҳақида кўрсатувда ҳеч гап айтилмайди.

“Uztelecom” миллий алоқа ширкатининг Озодлик боғланган расмийси GSM-шлюзлар фойдаланишни “ғирт ўғирлик” деб баҳолади:

- Бу давлатнинг электр линиясига яшринча сим улаб, шу электрни ўғирлаш бўлаяпти. Кимлардир шу ўғирликни кимларгадир сотиб пул ҳам қилаяпти. Бу мумкин эмас, деди “Uztelecom” расмийси.

Айни пайтда "Uzbektelecom" расмийси GSM-шлюзлардан фойдаланишга ўрнатилганнинг тақиқ қандай қонуний меъёрларга асосланишини тушунтириб бера олмади.

Ўзбекистон телевидениеси "Ёшлар" телеканалида сешанба кун эфирга берилган GSM-шлюзлар ҳақидаги кўрсатув янги технологияга қизиқувчан ўзбекистонликлар эътиборини тортган.

- Бундай ускуна борлигини шу кўрсатувдан билдим. Интернетда текшириб кўрсам жуда фойдали техника экан, дейди Озодликка боғланган ўзбекистонликлардан бири.

Интернет телефон мутахассиси Умид Солиевга кўра, GSM-шлюзларга тақиқ аввалдан бўлган:

- GSM-шлюзларга Ўзбекистонда анчадан бери тақиқ бор. Бу ноқонуний. Одамлар бу ускунадан фойдаланганда алоқа воситаларини суистеъмол қилмоқда, давлатга тегишли ширкат алоқасидан пул қилмоқда. Иккинчидан, Ўзбекистонда алоқа жуда специфик соҳа. Уни хоҳлаганча суистеъмол қилиш мумкин эмас, алоқа ҳукумат назорати остида бўлиши керак. GSM-шлюзларга қўйилган тақиқ айнан шу билан боғлиқ, дейди ўзбекистонлик мутахассис.

Бошқа давлатларда GSM-шлюзлар Интернет телефон соҳасида кенг фойдаланилади.

Кўплаб ширкатлар алоқа учун харажатларини камайтириш мақсадида шундай ускуналардан фойдаланади.

Масалан¸ Европа Иттифоқидавлатларида ширкатлар GSM-шлюзлардан ички эҳтиёжлари учун фойдаланишларига ҳеч қанақа тақиқ йўқ. Кўгина давлатларда ҳатто GSM Gateway фирмалари мавжуд ва улар оддий стационар телефон алоқасини арзонроқ бўлган мобил телефон алоқасига улаб бериш орқали мўмайгина даромад кўради ва давлатга солиқ тўлайди. Аммо мисол учун, Британия маҳкамаси GSM Gateway хизматларини кўрсатувчи компанияларга тақиқ жорий қилгани ҳам рост. Маҳкаманинг бундай қарори аноним қўнғироқларга қарши хавфсизлик чораси сифатида қабул қилинган эди.

GSM шлюзлардан фойдаланишга Ўзбекистонда қўйилган тақиқ таҳлилчилар фикрича, даромаддан қуруқ қолатган давлатга қарашли “Uztelecom” ташаббуси билан жорий қилинган.

XS
SM
MD
LG