Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:22

Навоийлик 28 яшар аёл отасини болта билан чопиб ўлдирди


Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 28 яшар қиз ўз отасини болта билан чопиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Воқеадан хабардор манбаларга кўра, қиз оилавий келишмовчилик боис келиб чиққан жанжал натижасида ушбу қотилликка қўл урганини айтган. Бу сўнгги 5 ой ичида Озодликка маълум бўлган болта воситасида қилинган 5-қотиллик воқеасидир.

Ушбу воқеа 12 февраль куни Кармананинг Дўрмон қишлоғида содир бўлган. Воқеа тафсилотларидан хабардор карманалик манбага кўра, ўша куни эрталаб 55 яшар ота турмушга чиқиб кетган қизини телефон қилиб чақирган ва кечки соат 6ларда аёл отасини болта билан чопиб, ўлдирган.

Марҳум ва унинг ўлимида гумонланаётган қизининг исми-шарифи Озодликка маълум. Лекин тергов жараёни ниҳоясига етмагани боис улар шахсини очиқламаяпмиз.

“Отаси 1960 йилда туғилган. Унинг тўрт қиз ва бир ўғли бор. Тўрт қизини ҳам узатган. Қотиллик пайшанба куни бўлган. Икки кундан сўнг 14 февраль куни ўғлининг никоҳ тўйи бўлиши керак эди. Шунга қизини маслаҳатга чақирган ва тўйга пул етмаётганини айтиб, қизидан пул сўраган. Икки ўртада келишмовчилик чиққан ва қиз жаҳл устида болта билан отасини чопган. Ота ўша куни маст бўлган деб айтишаяпти”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Марҳумнинг қўшниларидан бирининг айтишича, болта билан чопилган ота тез тиббий ёрдам машинаси етиб келгунча жон берган.

Отасини ўлдиришда гумон қилинган 28 яшар қиз ўша куни Кармана туман Ички ишлар бўлими томонидан ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, марҳумнинг қизи ҳомиладор бўлгани боис ҳозир уй қамоғига чиқарилган:

“Қиз ўз кўрсатмасида жаҳл устида қотилликка қўл урганини айтган. Унинг бир ўғли бор экан. Яна қорнида 5 ойлик ҳомиласи ҳам бор. Судгача у эриникида уй қамоғида қолаяпти”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг ходими.

Унинг айтишича, ушбу воқеа бўйича Кармана туман Ички ишлар бўлими Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш” (98-модда) моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган.

Мазкур модда “Жабрланувчи томонидан қилинган ғайриқонуний зўрлик ёки оғир ҳақорат, шунингдек, унинг бошқа ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли тўсатдан юз берган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдирилган” пайтда қўлланилади. Ушбу жиноятни содир қилган шахсга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Кармана туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, марҳум овчилик билан шуғулланган.

“У овчи бўлиб ишлаган. Овчилар жамияти аъзоси бўлган. Яна маҳалладаги ободонлаштириш ишларида ҳам қатнашган. Қутурган итлар, дайди итлар бўлса, ундан отиб ташлаш сўралган. Бу учун унга доимий равишда ойлик тўлаб келинган”, деди туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Сўнгги 5 ой ичида Озодликка маълум бўлган қотилликларнинг яна 4 тасида ҳам жиноят қуроли сифатида болта ишлатилган.

14 ноябрь куни Фарғона вилояти Риштон тумани марказидаги болалар боғчаси мудираси бўлган 40 яшар аёл ўз эрини болта билан чопиб ўлдириб, жасадни яширганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ушбу қотилликда гумонланиб, эҳтимолий жабрланувчининг қизи ва куёви ҳам ҳибсга олинган.

18 сентябрь куни Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 14 яшар қизча 76 яшар бобосини пул бермагани учун болта билан чопиб ўлдирганликда гумонланиб ушланди. Самарқанддаги ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган манбага кўра, бобосиникига меҳмонга борган 14 яшар қизча пул бермагани учун бобосини чопиб, ўлдирган.

Ҳозирда ушбу икки воқеа бўйича суд ҳукми эълон қилинганича йўқ. Қуйидаги икки воқеада эса болта воситасида қотиллик қилганларга жазо тайинланган.

Январь ойида Бухоро вилояти Вобкент туманида яшовчи 55 яшар Нормурод Умидов келинини болта билан шафқатсиз равишда ўлдиргани учун 25 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фарғона шаҳрида эса ўз отасини болта билан ўлдирган 18 яшар қиз 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

XS
SM
MD
LG