Ҳозирда Украина президенти Петро Порошенко маъмуриятида маслаҳатчи сифатида хизмат қилаётган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Қўшма Штатларни Украинани летал қурол-яроқлар билан таъминлашга чақирди.
4-март куни Қўшма Штатлар Сенатининг Ташқи Алоқалар Комитетида чиқиш қилган Саакашвили "Россиянинг илгарилашини тўхтатиб қолиш" учун Украинага танкаларга қарши қурол-яроқлар кераклигини айтди.
Унинг айтишича, аслаҳаларсиз Украина мамлакат сифатида қола олмайди.
Саакашвили Украинани қурол-яроқ билан таъминлашда Қўшма Штатлар европалик иттифоқчилари билан ҳамкорлик қилиши зарурлиги ҳақидаги таклифларни рад этиб, бундай сиёсатга Германия рози бўлмаслиги мумкинлигини айтди.
Унинг башорат қилишича, Россия Украина шарқи ва жанубида янада кўпроқ ҳудудларни ишғол этиб, Киев ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат қилади.
АҚШ Сенатининг Ташқи Алоқалар Комитетида чиқиш қилган рус мухолифати арбоби Гарри Каспаровнинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин "муаммо ечимидан манфаатдор эмас " ва мухолифат раҳбари Борис Немцов ўлимида унинг тўғридан-тўғри роли бўлган.
АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни Украинага аслаҳа ва қўшин юборишда айблаб келади.
Бироқ Путин бу даъволар асоссиз эканини айтади.