Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2024, Тошкент вақти: 04:12

Халқаро хабарлар

БМТ "Исломий давлат" Нимрудни вайрон қилганини қоралади

БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг матбуот хизмати “Исломий давлат” жангарилари Ироқ шимолидаги Нимруд шаҳри қолдиқларини вайрон қилиш орқали “ҳарбий жиноятни содир этган”и тўғрисида баёнот берди.

“Умуминсоний маданий меросни атайин вайрон қилиш ҳарбий жиноятдир ва бутун инсониятга қилинган ҳужумдир”, дейилади 6 март куни тарқатилган баёнотда.

Ироқ расмийларининг 6 март куни жангарилар 5 март пешин намозидан сўнг бульдозерларда Нимруд шаҳри қолдиқларини буза бошлагани ҳақида хабар берган эди.

Нимруд шаҳри Тигр дарёси бўйида 3300 йил олдин қурилган. Нимруд шаҳри қолдиқларини бузиш ишлари жангарилар Мосулдаги музейда қадимий тарихий обидаларни вайрон қилганидан бир ҳафта ўтиб амалга оширилди.

Кун янгиликлари

Россия ташқи разведкаси Украинага вертолёт олиб қочган рус ҳарбий ўлганини тасдиқлади

28 ёшли Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келган.
28 ёшли Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келган.

Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин 20 февралда Ми-8 ҳарбий вертолётини Украинага олиб қочган учувчи Максим Кузьминов ўлганини тасдиқлади. 19 февралда Кузьминов ўлганини Кремлга яқин бўлган нашрлар ва Украина ҳарбий разведкаси хабар қилганди.

Наришкин давлат ахборот агентликларининг бу ҳодиса юзасидан саволларига жавоб қайтарар экан: «Россияда марҳум ҳақида яхши сўз айтилади ёки айтилмайди. Бу хоин ва жиноятчи ифлос ҳамда жирканч ҳаракатни амалга оширишни режалаштираётганидаёқ маънан ўлган эди”,- деб айтди.

Сизран авиация билим юрти битирувчиси бўлган 28 ёшли капитан Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келганлар сафида эканини ва шу эътиқоди ортидан Украина махсус хизматлари билан алоқа ўрнатганини иддао қилган. 2023 йилнинг 9 августида у қирувчи самолёт эҳтиёт қисмлари юкланган вертолётни Украина назоратидаги ҳудудга олиб ўтган.

Вертолёт бортида у билан бирга иккита катта лейтенант: 35 ёшли штурман Хушбахт Турсунов ва 28 ёшли техник Никита Кирьянов бирга бўлган эди. Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, улар вертолётни олиб қочиш амалиётида иштирок этмагани ортидан отиб ўлдирилган.

«Настояшчее время» телеканалидаги мавжуд маълумотларга кўра, Хушбахт Турсунов ва Никита Кирьянов қайси ҳудудга учаётганини билмаган. Улар вертолёт қўндирилганидан сўнг Россия чегарасига қараб қоча бошлаган. Украина ОАВларининг ёзишича, улар қочаётган пайтида отиб ўлдирилган.

El País газетасининг ёзишича, Украина паспортига эга бўлган эркак жасади 13 февралда Испания жануби-шарқидаги Аликанте провинциясидаги гаражда топилган. У отиб ўлдирилган ва кейин унинг танаси ўз автомобили томонидан босиб ўтилган. El País газетаси иддаосича, уни ўлдирганлар воқеа жойидан изсиз йўқолган.

Испания Фуқаролик гвардияси ўлдирилган шахс қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганини гумон қилмоқда. Испания ҳукумати ўлдирилган шахс тўғрисидаги маълумотларни очиқламаган. Бироқ El País газетасининг Аликантедаги ишончли манбалари ўлдирилган киши Кузьминов эканини тасдиқлаган.

El Español газетасининг ишончли манбаларга таяниб хабар беришича, ўлдирилган киши ортидан кузатув уюштирган гумонланувчилар мавжуд. Манбалар уларни “профессионаллар” деб атаган.

Бундан аввал Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов “Украинская правда” нашрига Киев Кузьминовга мамлакатда қолишни таклиф қилгани ҳақида гапирган эди. “Агар у Киевда қолса, аниқ ҳимоя қилинар эди”,- деган Данилов.

“Россия 1” давлат телеканали мухбири Сергей Зенин эса Кузьминовни жисмонан йўқ қилиш тўғрисида Мудофаа вазирлиги офицерларига буйруқ берилганини иддао қилган эди.

Навальнийнинг онаси Путиндан ўғлининг жасадини беришни талаб қилди

"Полярний волк" қамоқхонасидаги черков.
"Полярний волк" қамоқхонасидаги черков.

Қамоқда ўлган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг онаси Людмила президент Владимир Путинга ўғлининг жасадини бериш талаби билан видеомурожаат йўллади. Бу мурожаат Youtube порталидаги Навальний LIVE каналида эълон қилинди.

“Менинг ортимда “Полярний волк” деб аталмиш ИК-3 деворлари турибди. Бу ерда 16 февраль куни ўғлим ҳалок бўлди. Беш кундан бери мен уни кўра олмайман, менга унинг жасадини беришмаяпти ва унинг қаерда эканини айтишмаяпти. Мен сизга мурожаат қиляпман, Владимир Путин, масаланинг ҳал этилиши фақат сизга боғлиқ. Менга, ниҳоят, ўғлим билан кўришишга рухсат беринг. Мен, уни одамга ўхшаб дафн этишим учун, Алексейнинг жасади зудлик билан берилишини талаб қиламан”, - деган Людмила Навальная.


Север.Реалии лойиҳасининг қайд этишича, она Салехард шаҳар моргига киритилмаган. Мазкур ўликхонада Навальний жасади сақланаётгани таҳмин қилинади.

Бундан аввалроқ мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши маълум қилингани тўғрисида билдирган эди.

Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Навальнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

Людмила Навальная ўғли ўлгани тўғрисидаги хабар берилганидан сўнг журналистларга бир неча кун аввал Навальнийни кўргани қамоқхонага боргани ва унинг соғлиғи яхши бўлгани тўғрисида айтиб берди.

Навальнийнинг соғлиғи яхши бўлганини Владимир вилоят суди ҳам тасдиқлади. Мазкур судда 15 февраль куни Навальний видеоалоқа орқали қатнашган эди.

Навальний ўлимидан бир неча кун олдин 27-марта жарима изоляторига жойлаштирилганди.

ЕИ Қизил денгизда ҳусийларга қарши ҳарбий амалиётга қўшилди

Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди.
Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Қизил денгизда Ямандаги ҳусий қуролли гуруҳларига қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётга қўшилиш тўғрисида якуний қарорни қабул қилди. Бу эса Европа давлатлари ҳарбий кемалари Қизил денгизга жўнатилишини англатади. Мазкур амалиёт Aspides номи остида олиб борилмоқда. Aspides қадим юнон тилидан олинган сўз бўлиб, “Қалқон” деган маънони англатади.

Euronews телеканалининг хабар беришича, Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди. Греция тезкор штаб бошлиғи номзодини, Италия кемалар гуруҳи қўмондони номзодини, Франция эса қўмондон ўринбосари номзодини таклиф қилади. Штаб қароргоҳи Грециянинг Ларисса шаҳрида бўлади.

Қизил денгизда кемалар ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлаш бўйича Европа миссияси ташкил этилиши тўғрисидаги дастлабки қарор 16 январда қабул қилинган эди. Мазкур ҳудудда Европа ҳарбийлари АҚШ ва Британия ҳарбий денгиз кучлари билан ҳамкорлик қилади.

Эрон томонидан дастакланадиган ҳусийларнинг “Ансаруллоҳ” гуруҳи Яман шимолини назорат қилади. Гуруҳ томонидан ташкил этилган ҳукумат дунёнинг кўплаб давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам тан олинмаган. 17 январда АҚШ ҳусийларни “Глобал террорчи гуруҳлар” рўйхатига киритди.

Яманнинг катта қисмини назорат қилаётган ҳусий шиа қуролли гуруҳлари АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ҲАМАСни қўллаб-қувватлашини намойиш этиш мақсадида Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бу ҳужумлар халқаро савдога салбий таъсир кўрсатди. Кўплаб денгиз савдоси билан шуғулланувчи ширкатлар бу йўналишдаги қатновларни тўхтатдилар.

Ҳусийлар сўнгги бир неча ойдан бери Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бунга жавобан 12 ва 13 январь кунлари АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусий шиа исёнчиларининг позицияларини илк бор бомбалаган эди.

ЕИ Навальний ўлими юзасидан халқаро тергов ўтказишни талаб қилди

Навальнийнинг хотини Юлия ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Боррель.
Навальнийнинг хотини Юлия ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Боррель.

Европа Иттифоқи Россиялдан сиёсатчи Алексей Навальний ўлими юзасидан мустақил ва шаффоф халқаро текширув ўтказишни талаб қилди. ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Россия ҳукуматини жавобгарликка тортиш бўйича барча имкониятлар ишга солинишини, жумладан, Москвага нисбатан янги санкциялар амалга киритилишини билдирди.

Боррель ўз баёноти давомида Навальнийнинг ўлими учун масъулиятни шахсан президент Путинга юклади.

Боррель 19 февралда ЕИнинг халқаро ишлар бўйича кенгашида қилган чиқишида Навальнийнинг хотини Юлия Навальная, сиёсатчининг фарзандлари ва сафдошларига чуқур таъзия билдирди.

ЕИ Россия ҳукуматини барча сиёсий маҳбусларни, жумладан, Юрий Дмитриев, Владимира Кара-Мурза, Илья Яшин, Алексей Горинов, Лилия Чанишева, Ксения Фадеева, Александр Скочиленко ва Иван Сафроновларни зудликда қамоқдан озод этишга чақирди.

ЕИнинг халқаро ишлар бўйича кенгашида Навальнийнинг хотини Юлия Навальная ҳам иштирок этди. У Брюсселда ЕИ кенгаши раиси Шарль Мишел ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель билан учрашди.

Аввалроқ Юлия Навальная марҳум эрининг ишини давом эттиришини айтиб, видеомурожаат эълон қилганди.

"Уч кун олдин Владимир Путин менинг эрим, Алексей Навальнийни ўлдирди", деб айтди Навальная X платформаси (собиқ Твиттер) да эълон қилган икки дақиқалик видеомурожаатида.

"Мен Алексей Навальнийнинг ишини давом эттираман. Сиз ва бизнинг мамлакатимиз учун курашни давом эттираман. Мен сизларни менинг ёнимда туришга чақираман. Нафақат ҳаммамизни эгаллаб олган ва қўйиб юбормаётган аччиқ қайғу ва туганмас азобни, балки ғазабингизни ҳам мен билан бўлишишингизни сўрайман. Ғазаб, жаҳл, бизнинг келажагимизни ўлдиришга журъат қилганларга нисбатан нафратингизни бўлишинг! Бугун оз иш қилиш уят эмас, ҳеч нарса қилмаслик уят! Сизни қўрқитишларига изн бериш уят!”

Навальная ўз мурожаатида россияликлар учун “Эркин, тинч, бахтли ва фаровон келажак керак”, деб таъкидлади.

Исроил Рафаҳга эҳтимолий ҳужумнинг таҳминий санасини маълум қилди

Рафаҳда 1,5 миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.
Рафаҳда 1,5 миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.

Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашига Исроил ва ҲАМАС ўртасида вақтинча оташкесим жорий этишга оид резолюциянинг муқобил вариантини таклиф қилди. ҲАМАС АҚШ, Британия ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Reuters агентлигининг хабар беришича, АҚШ Исроил Ғазо бўлгаси жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётганига қарши чиқмоқда.

Исроил ҳарбий кабинети вазири Бенни Ганц эса ҲАМАС Ғазода гаровда ушлаб турилганлар тўлиқ озод қилинмаса, 10 март куни Рафаҳга ҳужум бошланишини эълон қилди.

Исроил Рафаҳга ҳужум қилишнинг таҳминий санасини илк бор билдирди. Рафаҳда ҳозирда бир ярим миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.

Миср ҳукумати фаластинликларнинг ўтиб келиши олдини олиш мақсадида шошилинч тарзда чегара истеҳкомларини мустаҳкамламоқда.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу 19 февраль куни Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Иордан дарёси Ғарбий соҳили ва Ғазо бўлгасида назоратни ўз қўлида сақлаб қолиши тўғрисида баёнот берди.

Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан кейин берилади

Навальний қамоқда ўлгани ҳақида Россия ҳукумати 16 февралда маълум қилган.
Навальний қамоқда ўлгани ҳақида Россия ҳукумати 16 февралда маълум қилган.

Қамоқда вафот этган сиёсатчи Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши маълум қилинди, деб билдирди мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш.

Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Навльнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

Людмила Навальная ўғли ўлгани тўғрисидаги хабар берилганидан сўнг журналистларга бир неча кун аввал Навальнийни кўргани қамоқхонага боргани ва унинг соғлиғи яхши бўлгани тўғрисида айтиб берди.

Навальнийнинг соғлиғи яхши бўлганини Владимир вилоят суди ҳам тасдиқлади. Мазкур судда 15 февраль куни Навальний видеоалоқа орқали қатнашган эди.

Навальний ўлимидан бир неча кун олдин 27-марта жарима изоляторига жойлаштирилганди.

Қозоғистон Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи

Остона шаҳридаги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси (архив сурати)
Остона шаҳридаги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси (архив сурати)

Қозоғистон Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 4 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш ниятида. Бу ҳақда 19 февраль куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан Остонада ўтказилган учрашувдан сўнг маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

“Кейинги босқичлардан бири – амалдаги динамикани йўқотмаган ҳолда, товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказиш. Биз Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги Халқаро саноат кооперацияси марказининг ишга туширилиши икки томонлама савдо айланмасига туртки беришини кутмоқдамиз”, дея билдирган Нуртлеу.

“Қозоғистон ва Ўзбекистонда яшовчи миллатдошларимиз икки мамлакатни бирлаштирувчи “олтин кўприк” бўлиб ҳисобланишади. Сизга маълумки, Қозоғистон ҳудудида 500 мингга яқин [этник] ўзбек, Ўзбекистонда эса 800 мингга яқин [этник] қозоқ истиқомат қилади. Биз буларнинг ҳаммасини икки давлатни ўзаро яқинлаштирувчи яхши омил, деб ҳисоблаймиз”, дея қўшимча қилган вазир Нуртлеу.

Мулозимга кўра, икки давлат томонидан қариндошлар ёки диаспораларни дастаклаш учун тегишли шарт-шароит яратилган.

“Мактаблар бор, газеталар чоп этилмоқда. Қозоғистонда иккита ўзбек театри бор. Шунинг учун биз бу йўналишда бундан буёнги қадамларни қўйиш ҳақида келишиб олдик”, деган Нуртлеу.

Бундан ташқари, қозоғистонлик вазирга кўра, томонлар “Марказий Осиё минтақаси аҳолиси учун долзарб бўлган масала – сув-энергетика мажмуаси юзасидан” ҳам фикр алмашиб, “уни ҳал қилиш йўлларига эътибор қаратишган”.

Қозоғистон ахборот агентликлари хабарларига кўра, 19 февраль куни Остонага борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов расмий ташриф дорасида Қозоғистон президенти қабулида бўлади ва ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этади.

Вазир Саидовнинг Қозоғистонга ташрифи Олмаотада қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай) қўлга олинганидан бир неча кун ўтиб амалга ошмоқда. Муратбай маҳаллий полиция ходимлари томонидан тутиб кетилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. 17 февраль куни Олмаота суди уни 40 сутка ҳибсда тутиш бўйича қарор чиқаргани маълум бўлган эди.

Грузия президенти: Навальнийнинг ўлими ҳақида Мюнхен конференцияси олдидан эълон қилиниши тасодиф эмас

Грузия президенти Саломе Зурабишвили
Грузия президенти Саломе Зурабишвили

Грузия президенти Саломе Зурабишвили россиялик мухолифатчи ва президент Владимир Путиннинг асосий рақиби Алексей Навальнийнинг ўлими Мюнхен конференцияси бошланишидан аввал эълон қилинишини “бежиз эмас”, деган фикрда. Бу ҳақда “Немис тўлқини” (DW) ва dpa агентлиги хабар қилди.

Зурабишвили бунинг шунчаки “тасодиф эмас”лигига, балки Кремль томонидан анжуманнинг барча иштирокчиларига сигнал эканига қатъий ишонади.

Мен Навальнийнинг ўлими ҳақида Мюнхен конференцияси бошланишидан бир неча соат ёки дақиқа аввал эълон қилинишини тасодиф, деб билмайман. Мен бунинг Мюнхен конференцияси учун йўллов бўлган, деб ўйлайман”, деган Грузия президенти.

Зурабишвили фикрича, бу Москванинг инсонларда “Россия ўзи хоҳлаган ишни қилади ва буни истаган жойда қилади” қабилида психологик таассурот қолдириш уринишидир.

17 февраль куни Грузия президенти Bloomberg агентлигига берган интервьюсида Алексей Навальний ўлими юзасидан ўз мулоҳазасини билдириб, россиялик мухолифатчини собиқ президент Михаил Саакашвили ҳолати билан қиёслаш ноўринлигини билдирган эди. Зурабишвилига кўра, “бундай қиёс учун сабаб йўқ, айниқса бундай ҳолатда”.

Ўтган жума куни россиялик расмийлар мухолифатчи Навальний жазони ўтаётган колонияда бевақт вафот этгани ҳақида маълумот тарқатишган эди. Ўшанда бу хабар юзасидан Ғарб мамлакатлари лидерлари ва бошқа сиёсатчилар изоҳ беришган. Уларнинг кўпи Навальнийнинг оила аъзоларига таъзия билдириш билан бир қаторда мухолифатчининг ўлими учун масъулиятни россиялик расмийлар ва шахсан Владимир Путинга юклашган. “Катта еттилик”ка аъзо мамлакатлар Москвани мухолифатчининг ўлимини диққат билан текшириб, бунга оид маълумотларни очиқлашга чақирган.

ДДТ етакчиси Остонадаги концертда “Ҳурлик” қўшиғини Навальнийга бағишлади

ДДТ лидери Юрий Шевчук (архив сурати)
ДДТ лидери Юрий Шевчук (архив сурати)

Россиянинг ДДТ рок гуруҳи лидери Юрий Шевчук 18 февраль куни Қозоғистон пойтахтида ўтказилган концертда ўзининг энг машҳур асарларидан бири бўлган “Ҳурлик” қўшиғини Алексей Навальний хотирасига бағишлади.

Қўшиқ ижросидан аввал Шевчук залдагиларга: “Қуёш балқиб чиқади. Ўтган куни Алексей Навальний ҳалок бўлди. У биз, россияликларга эркинлик ҳақида гапирарди ва бу хусусда жуда яхши гапирарди. Биз ҳаммамиз том маънода ҳур бўлишимиз мумкинлигимизни эслатиб турарди. У “озодликсиз инонч бу мутаассиблик”, дер эди. “Ҳурликсиз меҳнат бу қуллик, арзон ва оғир қуллик”, дерди. “Озодликсиз муҳаббат бу истибдод” дер эди. Озодликсиз ҳеч нима бўлмайди, ҳамма нарса қора рангга бўялган бўлади”, деган сўзлар билан мурожаат қилди.

Шевчук авваллари ҳам россиялик сиёсий маҳбуслар, хусусан Алексей Навальний қўллови учун бир неча бор гапирган. Қўшиқчи мухолифатчи Навальнийнинг келажакда Россия президенти бўлишини исташини айтган эди.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин ДДТ етакчиси президент Владимир Путин хатти-ҳаракатларини очиқчасига қоралаган. Шундан сўнг бутун Россия бўйлаб рок гуруҳи концертлари бекор қилинган, Шевчукнинг ўзи эса судланиб, Россия Қуролли кучларини обрўсизлантирганликка оид модда бўйича 80 минг рубллик жаримага тортилган.

Ҳозирда ДДТ баъзан-баъзан хорижий ўлкаларда чиқиш қилиб туради. Бундай пайтларда Юрий Шевчукнинг ўзи Россияда қолади.

Россия Жазони ўташ федерал агентлиги 16 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальний Ямалдаги колонияда вафот этгани ҳақида маълумот тарқатган. Ўлим сабаблари ҳақида расмий маълумот очиқланган эмас. Алексейнинг жасади яқинларига берилмаяпти, бу Тергов қўмитаси томонидан олиб борилаётган текширув билан изоҳланмоқда. Мухолифатчининг сафдошлари Навальнийни ўлдирилган, деб ҳисоблайдилар.

Манба: Навальний танасида чангак оқибатида қолган моматалоқлар бор

Салехард шаҳри манзараси.
Салехард шаҳри манзараси.

Сиёсатчи Алексей Навальнийнинг жасади Салехард округ касалхонаси моргида сақланмоқда, деб хабар берди 18 февраль куни "Новая газета Европа" ўз манбаларига таянган ҳолда.

Маҳаллий тез ёрдам ходими журналистларга моргни полиция қўриқлаётганини айтган. Унга кўра, Навальний танасида чангак оқибатида юзага келадиган моматалоқлар борлиги аниқланган.

"Бундай моматалоқлар чангак оқибатида юзага келади. Кишининг томири тортишиб, қалтираб қолади. Атрофдагилар уни тинчлантиришга уринишига қарамай, чангак жуда оғриқли бўлади, бунинг ортидан танада қон қотиб қолиб, мана шундай моматалоқлар пайдо бўлади", деб иқтибос келтирган газета тиббиёт ходими сўзларидан.

Манбанинг айтишича, Навальнийнинг кўкрак қисмида юракни билвосита массаж қилиш излари ҳам топилган. "Яъни уни жонлантиришга ҳаракат қилишган, у юрак тўхтаб қолиши оқибатида ўлган бўлиши эҳтимол. Лекин унинг юраги тўхташига нима сабаб бўлгани тўғрисида ҳозирча ҳеч ким ҳеч нарса айтмаяпти", - деди врач.

Хабарда айтилишича, ҳозирча Навальний жасади ёрилмаган, маҳаллий врачлар Москвадан мутахассислар келишини кутаётгани таҳмин қилинмоқда. Суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилганидан сўнггина жасад Навальний яқинларига берилади. Агар қандайдир биоматериаллар Москвага экспертиза учун жўнатиладиган бўлса, бу жараён яна бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин.

Аввалроқ Навальнийнинг онаси Людмила ва унинг адвокати Салехард моргига боргани, аммо морг ёпиқ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Навальнийнинг онасига телефон орқали мазкур моргда ўғлининг жасади йўқлигини айтишган. Хабарда айнан қайси морг ҳақида гап этаётгани аниқлаштирилмаган. Салехардда иккита морг бор.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, Тергов қўмитаси ҳозирча сиёсатчининг ўлими сабаблари номаълум эканини, текширув якунланмагунига қадар жасад яқинларига берилмаслигини билдирган.

Хабарда таъкидланишича, Тергов қўмитаси айни пайтда адвокатларга «текширув якунлангани ва Навальний ўлимида криминал излари топилмагани»ни маълум қилган.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Россия расмийлари маҳкум сиёсатчи Навальний колонияда вафот этганини айтишмоқда

Алексей Навальний (архив сурати)
Алексей Навальний (архив сурати)

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний жазо ўтаётган колонияда вафот этган. Бу ҳақда Россия Жазони ўташ федерал хизматининг Ямал-Ненец автоном округи бўйича бошқармаси ўз сайти орқали маълумот тарқатди.

“2024 йил 16 февралида 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида судланган Навальний А. А. сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушидан кетиб қолди”, дейилган хабарномада.

ЖЎФХ бошқармаси баёнотида муассаса тиббиёт ходимлари зудлик билан етиб боргани, “тез тиббий ёрдам экипажи чақирилган”и қайд этилган.

“Зарур бўлган барча реанимацион тадбирлар ўтказилди, аммо улар ижобий натижа бермади. Тез тиббий ёрдам врачлари судланган ўлганини қайд этишди. Ўлим сабаблари аниқланмоқда”, дейилган ЖЎФХ бошқармаси хабарномасида.

“Алексей Навальнийнинг оиласи қарорига кўра, мен умуман ҳеч қанақа изоҳ бермайман. Ҳозир масалани ўрганяпмиз. Адвокат Алексейнинг олдига чоршанба куни борган эди. Ўшанда ҳаммаси жойида бўлган”, дея билдирган Навальнийнинг адвокати Леонид Соловьев “Новая газета” нашрига.

Мухолифатчи Алексей Навальний сўнгги пайтларда жазо муддатини Харп қишлоғидаги махсус тартибли колонияда ўтаётган эди.

Россия Жазони ўташ федерал хизмати Навальний жон таслим қилган мазкур колонияга комиссия йўлланишини билдирган.

14 февраль куни 47 ёшли Алексей Навальний 27-марта жазо изоляторига йўллангани ҳақида хабар қилинган эди.

Алексей Навальний 2021 йил 17 январида Германиядан Москвага қайтган эди. У Россияда “Новичок” кимёвий моддаси билан заҳарлантирилганидан сўнг Германияга даволаниш учун олиб чиқиб кетилганди. Муолажадан сўнг Навальний Москвага қайтиши биланоқ аэропортда қўлга олинган.

Мухолифатчи бирданига учта жиноий модда билан узоқ муддатга қамалган эди. Унга нисбатан Россияда яна қатор жиноят ишлари кўриб чиқилаётганди.

Олмаотада қорақалпоғистонлик фаол қўлга олинди, у Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин

Ақилбек Муратбай
Ақилбек Муратбай

Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай) қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлади.

Озодликнинг қозоқ хизмати қайдича, Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида X ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали уйига Ички ишлар вазирлиги ходимлари келгани маълум қилган. Кейинроқ у севган қизига телефон қилиб, Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олиниб, Олмаота полиция департаментига етказилганини билдирган.

Полиция баёнотига мувофиқ, ҳозирда Қозоғистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Олмаота шаҳар полицияси ходимлари давлатлараро қидирувда бўлган ўзбекистонлик Ақилбек Муратовни қўлга олишган. У вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳозирги пайтда Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан, Фуқаровий, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий алоқалар тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, Ўзбекистон полицияси томонидан қидирилаётган Ақилбек Муратовни экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда”, деган Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот котиби Салтанат Азирбек Озодликнинг қозоқ хизматига.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ҳуқуқбонлик ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди. Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

Россиядаги “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарёв ўз баёнотида Ақилбек Муратовни Олмаотадаги қорақалпоқ диаспорасининг асосий фигураларидан бири ўлароқ қайд этган. У Қозоғистон ва халқаро ОАВ, Қозоғистон давлат идоралари ва Ўзбекистон консулхонаси билан фаол мулоқотда бўлган. Ўтган йил октябрида ОАВда махсус хизматлар Ақилбек Муратбайнинг Навоийдаги қариндошларидан бирини қўрқита бошлагани, Ўзбекистон бош консулининг маслаҳатчиси эса ундан қорақалпоқ муаммоси бўйича чиқишларидаги “оҳангни юмшатиш”ни сўрагани, бироқ Муратбай бу “тавсия”ни бажармагани ҳақида хабарлар тарқалган.

АҚШ: Дональд Трамп иши бўйича суд жараёни 25 мартда бошланади

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Манҳэттендаги судда, Нью-Йорк, 2024 йил 15 феврали
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Манҳэттендаги судда, Нью-Йорк, 2024 йил 15 феврали

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга оид жиноят иши кўриб чиқилажак суд жараёни жорий йилнинг 25 мартида бошланади. Бу Қўшма Штатлар тарихида собиқ президент устидан ўтказилажак илк маҳкамадир.

Нью-Йоркдаги жиноят ишлари бўйича Манҳэттен суди 15 февраль куни порноактриса Сторми Дэниэлсга пул тўлашда молиявий товламачиликка йўл қўйилганига оид айблов бўйича ишни тўхтатиш бўйича Дональд Трамп илтимосномасини рад этган.

Трампнинг адвокатлари суд чоғида ишни тўхтатиш ёки ортга суришни талаб қилишган. Адвокатлар фикрича, Нью-Йорк суди маҳкамани холис олиб боришга муваффақ бўлишолмайди.

Бундан ташқари, Трампнинг вакиллари АҚШдаги президентлик сайловолди пойгаси манзарасида суд праймеризга таъсир қилиши мумкинлиги, бу эса сайлов жараёнига аралашиш бўлиб ҳисобланишини қайд этишган.

Судья келтирилган важларнинг барчасини рад этган.

Журналистлар билан суҳбатда Трамп яна бир бор ҳеч қанақа жиноят содир этмаганини билдирган.

Тергов маълумотларига кўра, Трамп 2016 йилдаги сайлов олдидан Сторми Дэниэлсга адвокати орқали 130 минг доллар тўлаб, ўзи билан жинсий алоқа қилгани ҳақида сукут сақлашни сўраган.

Тўлов ноқонуний бўлмаган, бироқ у Трампнинг адвокатига юридик хизматлар учун тўланган маблағ ўлароқ расмийлаштирилган. Нью-Йорк штатида бу ҳисоботни сохталаштириш бўлиб ҳисобланади.

Трампнинг адвокати Майкл Коэн 2018 йилда ҳужжатларни сохталаштиришга оид иш бўйича уч йилга қамалган. Ўша пайтда президентлик курсисини эгаллаб турган Трампга эса айблов билдирилган эмас.

Нью-Йоркдаги маҳкама жараёни собиқ президентга нисбатан қўзғатилган тўртта жиноят ишининг биринчиси бўлади.

Тўртинчи март куни Вашингтонда президент сайлови натижаларини бекор қилиш мақсади билан Капитолий биносига уюштирилган ҳужумда Трампнинг роли кўриб чиқиладиган суд ўтказилиши режаланаётган эди, бироқ мазкур жараён бўйича якуний қарор Олий суд томонидан чиқарилиши лозим. Трамп 2021 йил 6 январида Капитолийга қилинган ҳужум чоғида ҳам, ундан олдин ҳам ўз тарафдорлари билан президент ўлароқ мулоқот қилгани учун дахлсизлик мақомига эга бўлганини билдирган.

Трамп томонидан махфий ҳужжатлар сақланганига оид ишнинг кўриб чиқилиши май ойига белгиланган. Август ойида эса Жоржия штати расмийлари Трампнинг 2020 йилда штатдаги президент сайлови натижаларини ўзгартиришга уринганига оид ишни кўриб чиқишни режалаганлар.

Қозоғистон: Йўлда қолиб кетган 120 чоғли ўзбекистонлик исиниш пунктларига етказилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Ақмола вилоятида 15 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 18 ларда йўлда тўхтаб қолган автобус ичида бўлган ўзбекистонлик 64 нафар йўловчи қутқарилган. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ФВВ қайдича, “Жақси-Есиль-Бузилиқ” автойўлидан олиб кетилган ўзбекистонлик йўловчиларнинг 17 нафари болалар бўлган.

Ўзбекистонликлар Жақси қишлоғидаги 1-сонли ўрта мактабга эвакуация қилинган. Хабарномада йўловчилардан ҳеч бири тиббий ёрдамга муҳтож бўлмагани урғуланган.

Шунингдек, пайшанба куни кечки соат 21.05 ларда ҳам уч бола дохил 54 нафар ўзбекистонлик йўловчи исиниш пунктига эвакуация қилинган.

Хабарномаларда йўлда қолиб кетган ўзбекистонликларнинг қайси манзилни кўзлаб кетаётганига доир маълумот йўқ.

Об-ҳаво кўрсаткичларини акс эттирувчи сайтлар маълумотидан келиб чиқилса, кеча Ақмола вилоятида ҳаво ҳарорати кундузи -21 даражагача, кечаси эса -31 даражагача пасайган.

Латвияда Россия рақамлари тақилган машиналарни мусодара қилиш бошланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Латвияда 15 февралдан эътиборан Россия рақами тақилган автомобилларни мусодара қилишга имкон берувчи “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар кучга киради. Бу каби рақамли машиналарга эга бўлган латвияликлар 14 февралгача маҳаллий қайддан ўтиши ёки автомобилларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиши лозим эди.

Россия рақамига эга транспорт воситаларининг мусодара қилиши билан бир қаторда бундай машина эгалари 750 евродан 2000 еврогача миқдорда жарима тўлашлари лозим бўлади, дея билдирган Латвия ички ишлар вазири Рихардс Козловскис.

Бундай чора фақат дипломатик машиналар ҳамда Латвия ҳудудидан ўтиб кетаётган ва мамлакат ҳудудида бир суткадан кўп қолмайдиган автомобилларга нисбатан қўлланилмайди, холос.

Латвия орқали транзитни автомобиль эгаси аввалдан расмий сайт орқали декларация қилиши лозим.

Delfi нашри қайдича, мусодара этилган автомобиллар бирдамлик ифодаси ўлароқ Украинага топширилиши мумкин.

Латвияда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар ўтган йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган эди. 2023 йил сентябрида эса Рига Россия рақами тақилган автомобилларнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлаб қўйган. Ўтган йил кузидан Европа Иттифоқининг Россия билан чегарадош барча мамлакатлари Россия машиналарини ўз ҳудудига киритишни тўхтатишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG