Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:24

Россия Украинадан Ўзбекистонга етказилиши керак бўлган товуқ гўштини ўтказмади


Украинадан Ўзбекистон ва Қирғизистонга етказилиши керак бўлган 37 тонналик товуқ гўшти Россия чегарасидан ўтказилмади. Ўзбекистонга етказилиши керак бўлган украин озиқ-овқат махсулотларининг Россия чегарасида тўхтатилиб, ортга қайтарилиши биринчи бор рўй бераётгани йўқ.

Украинанинг Днепровский ва Губин товуқ фабрикаларининг гўшт махсулотлари ортилган иккита юк машинаси 2 март куни Ўзбекистонга йўл олган ва 4 март куни Украина-Россия чегарасидаги Троебортное ўтказиш пунктида тўхтатилган.

Россиянинг “Россельхознадзор” ширкатининг Брянск ва Смоленск вилоятлари бўйича бошқармаси расмийси Озодлик билан суҳбатда Украинадан Ўзбекистонга етказилиши керак бўлган товуқ гўшти ҳужжатлари тўлиқ ва тўғри расмийлаштирилмагани туфайли ортга қайтариб юборилганини айтди.

- Биринчидан, ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган. Ветеринар-санитария талаблари бузилган. Иккинчидан, маҳсулотлар нотўғри қадоқланган. Маҳсулот талаб доирасида йиртилмайдиган қилиб упаковка қилиниши керак. Бу юк Россияга олиб ўтилганидан сўнг упаковкаси ечилиб, бошқа маҳсулотга алмаштириб юборилмайди, деб ҳеч ким айтолмайди. Шунинг учун бу маҳсулот ортга қайтариб юборилди, - деди “Россельхознадзор” ширкати расмийси.

Украинанинг Днепровский ва Губин товуқ фабрикаси раҳбарияти ўз маҳсулотларининг Россия чегарасидан ортга қайтарилиши борасида ҳозирча изоҳ бермади.

Ўзбекистонга етказилиши керак бўлган украин озиқ-овқат махсулотларининг Россия чегарасида тўхтатилиб, ортга қайтарилиши биринчи бор рўй бераётгани йўқ.

Ўтган йил апрель ойида "Россельхознадзор" Украинанинг энг йирик “Мироновская” товуқ фабрикасида етиштирилган 188,5 минг тонна товуқ гўшти юкланган бешта вагонни ортга қайтариб юборган эди.

Ўшанда ҳам юкнинг қайтариб юборилишгига ветеринар-санитария талабларнинг бузилиши асосий сабаб қилиб кўрсатилганди.

Шу йилнинг январь ойида эса Россия Украинадан 300 мингта тухум ва 30 тонна сут маҳсулотларининг ўз ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб ўтилишига йўл қўймаганди.

Украинадаги воқеалар туфайли Ғарб Россияга қарши кучли санкциялар киритгандан кейин, Россия ҳам бунга жавобан, Ғарбдан ва Украинадан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олишни тўхтатаган эди.

Россия санкциялари ортидан Украина Ўзбекистонга товуқ гўштини экспорт қилиш ҳажмини 2,6 баробар оширди.

Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирлигига кўра, ўтган йилда Ўзбекистон Украинадан 15 минг тоннадан кўпроқ товуқ гўшти импорт қилган.

Россиянинг “Россельхознадзор” ширкатидагилар эса Ўзбекистонга олиб ўтилаётган товуқ гўшти тўхтатилишининг Украинага жорий этилган санкцияларга мутлақо алоқаси йўқлигини айтишмоқда.

-Йўқ, йўқ, йўқ. Украинадан юк машиналари бемалол ўтяпти. Ҳужжатлари соз бўлса ўтади. Буни санкцияларга алоқаси йўқ, - деди “Россельхознадзор” расмийси.

XS
SM
MD
LG