Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:06

Каримов ташрифи арафасида Гулистонда уйларга АКФА ойналари ўрнатилди


Президент Ислом Каримовнинг черепицали томларни яхши кўргани боис у ўтадиган йўллар бўйидаги уйлар томи қизилга бўялмоқда.
Президент Ислом Каримовнинг черепицали томларни яхши кўргани боис у ўтадиган йўллар бўйидаги уйлар томи қизилга бўялмоқда.

Сўнгги кунларда Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида ободончилик ишлари кучайтирилди. Маҳаллий аҳоли бу тадбирларни президент Ислом Каримовнинг Сирдарёга сафари билан изоҳламоқда. Каримовнинг вилоятларга сафари арафасида маҳалий расмийлар у ўтадиган йўллар атрофини безатиши одатий ҳолга айланган.

Гулистон шаҳри марказий кўчаларида биноларни таъмирлаш, бўяш, кўча ва йўлакларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Шаҳарда, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот тизимлари ходимлари кучайтирилган тартибда иш олиб бораётгани хабар қилинмоқда.

Аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, бекатлар, катта-катта савдо дўконларида, ўқув юртлари яқинида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

“Шаҳарнинг марказий кўчаларидаги уйларга мажбуран ҳар ким ўзининг ҳисобидан АКФА ойналари қўйилаяпти.... Шаҳар ҳокимияти ёнидаги кафе ҳам бузиб ташланди”, деб ёзди Озодликка мактуб йўллаган гулистонликлардан бири.

"Танланган одамлар" ва "арзон ишчи кучи"

Ўзбекистон президентининг вилоятларга сафари олдидан ўхшаш чоралар барча вилоятларда олинади.

Ҳозирга қадар Ислом Каримов борган Қашқадарё, Бухоро, Андижон ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида "ободончилик" ишлари йўлга қўйилди.

Президент Ислом Каримовнинг черепицали томларни яхши кўришини билган вилоят расмийлари давлат раҳбари ўтадиган йўллар бўйидаги уйлар томнларини қизилга бўятиши одатий ҳолга айланган.

Ўтган ҳафта Наманганга Каримов келиши кутилган боис, расмийлар ташаббуси билан куртак очмаган дарахтларга қоғоздан ясалган гуллар ёпиштириб чиқилган эди.

Кўча тозалаш, йўл бўйидаги давлат муассасаларини таъмирлаш ишларига давлат хизматчилари, коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари жалб этилади.

Юртбоши билан учрашувга эса "хавфсизлик кўригидан ўтган, танланган" одамларгина танлаб олинади, дейди сирдарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли.

Ислом Каримовдан бошқа президентликка номзодларнинг вилоятларга ташрифи чоғида бундай чора-тадбирлар амалга оширилмайди.

Маҳаллий ҳокимлар аввалдан билдирилган ва президент ўтиши тахмин қилинган кўчаларнинг ташқи аҳволига чирой беришга ҳаракат қилишади.

"Арзон ишчи кучига айланганмиз", дейди сирдарёлик ўқитувчилардан бири Каримовнинг вилоятга ташрифини изоҳлар экан.

XS
SM
MD
LG