Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Қорақалпоғистонда 9 яшар қизалоқни зўрлаган педофил қидирилмоқда


Қорақалпоғистоннинг Хўжайли шаҳрида иккинчи синф ўқувчиси, 9 яшар қизчани зўрлаган шахс қидирилмоқда. Хўжайли ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, қизчани тахминан 35-40 ёшлардаги эркак зўрлаганликда гумон қилинмоқда.

Озодликка 9 яшар қизчанинг исм-фамилияси ва у ўқийдиган мактаб номи маълум. Лекин тергов жараёни ниҳоясига етмагани ва одоб меъёрларидан келиб чиқиб, бу маълумотларни очиқламаяпмиз.

Воқеа 11 март куни тушдан кейин қизалоқ мактабдан қайтаётган пайтда содир бўлган.

Бу ҳақда Озодликка воқеа тафсилотларидан хабардор хўжайлилик манба хабар қилди:

“Ўтган ҳафтанинг 3-куни (чоршанба демоқчи- таҳр.) қизча мактабдан уйига қайтаётган экан. У ҳар куни уйига Хўжайли марказидаги парк орқали қайтар экан. Ўша куни номаълум эркак паркда одам йўқлигидан фойдаланиб, қизни мажбурлаб, куч билан парк четига олиб бориб, зўрлабди. Кейин қизчани ташлаб, қочиб яширинган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Хўжайли шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, қизча орадан уч кун ўтгачгина ота-онасига бўлган воқеа ҳақида айтган:

“Қизча бўлган воқеадан шокка тушган. Уйидагиларига аввалига ҳеч нарса демаган. Фақат уч кундан сўнг онасига бўлган воқеани айтган. Шундан сўнг Ҳўжайли милицияси иш очиб, жиноятчини қидиришни бошлади”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исмини очиқламаётганимиз манба.

Ҳозирда қизчанинг кўрсатмаларига асосан жиноятчининг фотороботи тайёрланиб, милиция бўлимларига тарқатилган.

“6-кун (шанба демоқчи- таҳр.)дан буён жиноятчини қидириш кетаяпти. Ҳозирча қидирувдан бирор натижа бўлганича йўқ. Хўжайли бўйлаб усиление. Бутун милиция состави оёққа турган”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Хўжайли шаҳар халқ таълими бўлимидан олинган маълумотга кўра, 9 яшар қизалоқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга руҳий кўмак кўрсатилмоқда.

Кейинги пайтларда ёш болаларни зўрлаш ҳолатлари борасида Озодликка келаётган хабарлар кўлами ошаяпти.

Хўжайлилик 9 яшар қизалоқ зўрланган куннинг ўзида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 343-сонли болалар боғчаси тарбияланувчиси, 6 яшар ўғил бола боғча қоровули томонидан зўрланди.

Шайхонтоҳур туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 22 яшар қоровул йигит воқеадан бир неча соат ўтгач ҳибсга олинган ва дастлабки тергов пайтидаёқ ўз айбини бўйнига олган.

Ҳозирда ушбу воқеа бўйича тергов суриштирув ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, шу кунларда 11 яшар синглисини зўрлаган Хоразмнинг Гурлан тумани Гулистон қишлоғида яшовчи 18 яшар коллеж ўқувчисининг тергов жараёни давом этмоқда.

13 яшар синглисининг номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 25 яшар йигит эса 13,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўтган ойда Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи 7 яшар қизалоқни зўрлаган 15 яшар ўсмир ҳам тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ўсмир Бешариқдаги мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси, қизча ҳам шу мактабнинг 1-синфида ўқийди. Ҳозирда ушбу воқеа учун мактаб раҳбариятини жазолаш масаласи кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG