Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:27

Наманганда собиқ судьянинг мелисадан ҳайдалган ўғли ўлдирилди


Наманган вилоятида узоқ йиллар судья бўлиб ишлаган Убайдулла Суяровнинг икки ўғли пичоқланди. Олинган жароҳат натижасида судьянинг катта ўғли - собиқ милиция ходими Элдор нобуд бўлди, кичик ўғли - Тўрақўрғон тумани суди девонхонаси мудири Элёр эса касалхонага ётқизилди. Озодлик манбаларига кўра, ака-укани Элдорнинг қайниси пичоқлаган.

Наманган вилоятида узоқ йиллар судья бўлиб ишлаган Убайдулла Суяровнинг икки ўғли, собиқ милиция ходими 35 ёшли Элдор Суяров ва Тўрақўрғон тумани судининг девонхонаси мудири, 28 ёшли Элёр Суяров пичоқланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган уйчилик манбага кўра, воқеа 15 мартга ўтар кечаси соат 12 ларда Уйчи туманининг Ёрқўрғон қишлоқ фуқаролари йиғини ҳудудида содир бўлган:

“Бу йигитларни Элдор Суяровнинг қайниси пичоқлаган. Ички ишларда ишлайдиган танишимнинг айтишича, Элдор хотинини қаттиқ калтаклаган экан. Кейин қайниси Элдорга телефон қилиб учрашишни таклиф қилган. Элдор укаси Элёр билан келганда ўртада катта жанжал чиққан. Бу жанжалда қайноғаси иккаласини ҳам пичоқлаган”, деди манба.

Жиноятда гумонланиб ушланган йигитнинг исм- шарифи Озодликка маълум. Лекин тергов жараёни охирига етмагани учун унинг исмини очиқламаяпмиз.

Воқеа тафсилотларидан хабардор уйчилик манбанинг айтишича, Элдор Суяров ўша куни касалхонада жон берган, укаси Элёр эса жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Наманган вилояти ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини истаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Элдор Суяров илгари Чортоқ тумани ички ишлар бўлимида ишлаган ва кейин ҳайдалиб кетган. Энди ўлганнинг ортидан ёмон гап айтиб бўлмайдию, лекин судьянинг ўғлиман деб анча эркалик қиларди, бебош эди”, деди мулозим.

Суҳбатдошга кўра, Элдорнинг укаси Элёр Суяров эса жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон тумани судида девонхона мудири бўлиб ишлайди.

Ўзбекистонда маиший жанжаллар ортидан фуқароларнинг бир-бирларини пичоқлаш ҳолатлари кўп кузатилади.

Ўтган йилнинг июнь ойида Хоразм вилояти Шовот туманининг Чатқала қишлоғида истиқомат қилган ака синглисини ўйнаши билан тўшакда ушлаб олгандан сўнг, уларнинг иккаласини ҳам пичоқлаган эди. Озодлик манбаларига кўра¸ олинган тан жароҳатидан 33 яшар аёл оғир ҳолатда касалхонага ётқизилган, 34 ëшдаги ўйнаши эса воқеа жойида жон берган.

2013 йилнинг август ойида Тошкент шаҳар ИББси қўриқлаш хизматида ишловчи Марат исмли 30 ёшлардаги қибрайлик милиция ходими қўшниси томонидан пичоқлаб ўлдирилган эди.

XS
SM
MD
LG