Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:08

Эронга нисбатан санкциялар ҳақида нималарни биласиз?


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Бушеҳр атом элктр станциясининг бошқарув хонасида.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Бушеҳр атом элктр станциясининг бошқарув хонасида.

Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш ниятида экани ҳақидаги хавотирларга барҳам бериш мақсадида ғарб 35 йилдан бери Эронга қарши иқтисодий ва ҳарбий санкцияларни жорий этиб келмоқда. Бундан ташқари, айрим санкциялар Эронни терроризмни дастаклашни тўхтатишга ва мамлакатда инсон ҳуқуқларини яхшилашга мажбурлашга қаратилган.

Яқин келажакда Эрон ва жаҳоннинг олти қудратли давлати Теҳрон ядровий дастури бўйича келишувга эришиши мумкин.

Қуйида Эронга қарши жорий қилинган санкциялар турлари, уларни ким жорий қилгани ва бу санкцияларни бекор қилиш қай даражада осон бўлиши ҳақида сўз юритилади.

АҚШ санкциялари

Америка Қўшма Штатлари икки йўл билан санкция жорий қилади: Конгресс қонунлари ҳамда президент фармонлари орқали.

1990 йиллардан бери АҚШ Конгресси Эроннинг ядровий дастури, терроризмни дастаклаши, мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллатлари ҳамда кенг қамровли пул ювиш ҳақидаги хавотирлар ортидан Теҳронга санкциялар жорий қилиб келмоқда. Бу санкциялар Эроннинг энергетика саноатидан тортиб, банк соҳасигача бўлган йўналишларни қараб олган. 2010 йилда Конгресс қабул қилган CISADA қонунида Эронга экспорт ҳамда импортни бутунлай ман қилди.

Эронга қарши санкция биринчи марта президент Жимми Картер томонидан 1979 йилда имзоланган. Картердан кейинги президентлар, жумладан, Рональд Рейган, Билл Клинтон, Жорж Буш ҳамда Барак Обама ҳам бундай фармонларни имзолаган.

Эронда 1979 йил содир этилган исломий инқилобдан сўнг АҚШ ва Эрон алоқалари кескин ёмонлашди. Айниқса 52 нафар америкаликнинг гаровга олиниши икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқаларни тубдан ўзгартирди. 1979 йилнинг 4 март куни АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари гаровга олинганидан кейин президент Картер Эронга қарши илк санкцияларни жорий қилди. АҚШдаги Эрон ҳукуматининг барча мулки ҳамда АҚШ ташқарисида америкалик шахслар ёки корхонлар бошқарувидаги мулклар музлатилди. Бунинг натижасида Эрон 12 миллиард доллардан ошиқ мулкидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Президент Рейган ҳукмронлигида янада кўпроқ санкциялар жорий қилинди. Бунга 1983 йилда АҚШнинг Бейрутдаги ҳарбий денгиз базасига уюштирилган ҳужум туртки бўлди. Мазкур ҳужумни амалга оширишда Эроннинг қўли борлиги айтилди ва АҚШ Эронни терроризмни дастакловчи мамлакатлар рўйхатига қўшди. Бунинг натижасида АҚШдан Эронга ёрдам ва ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган ашёларни юбориш тўхтатилди.

1990 йилларда Эронга қарши санкциялар сони яна кўпайди. Президент Клинтон Эроннинг нефть саноатига сармоя ётқизилишини тақиқловчи Фармонни имзолади. Мазкур Фармон АҚШнинг Теҳрон билан саво қилишини ҳам чеклаб қўйди. Бундан ташқари, америкаликларга Эронга ҳарбий қурол яратишда ёрдам беришни ман қилувчи қонунлар ҳам қабул қилинди. 1996 йил Эрон ва Ливия санкциялар акти қабул қилинди. Бу қонунда Эронда фаолият юритаётган корхонларга нисбатан қўлланиладиган санкциялар белгилаб берилди.

2002 йилда Эрон икки жойда яширин тарзда ядровий изланишлар олиб бораётгани маълум бўлганидан кейин АҚШ бошчилигида яна бир неча санкциялар жорий қилинди. Буш президентлиги даврида эронлик бир неча шахс ва корхонанинг мулки музлатилди, Эроннинг ядровий дастурига ёрдам беришда айбланган чет эл компанияларига қарши санкциялар қўлланила бошланди.

2010 йилда Конгресс Эронга қарши янги санкцияларни жорий қилди. Натижада аввал белгиланган санкциялар янада кучайтирилди. 2012 йилда президент Обама Эрон марказий банкининг АҚШдаги фаолиятини тўхтатди ва америкалик муассасаларга эронликлар мулкини музлатиш ҳуқуқуни берди.

АҚШ санкцияларини бекор қилиш

АҚШ Конгресси аъзолари ва президентлари содир бўлаётган ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда ўзларида иқтисодий санкциялар жорий қилиш ва уларни бекор қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Президент мустақил равишда аввал чиқарилган фармонларни бекор қила олади. Бундан ташқари, Конгресс қабул қилган санкцияларнинг аксари ҳам президент фармони ёрдамида бекор қилиниши мумкин.

Аммо CISADA қонуни билан Эронга қарши жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш учун президент Конгрессга Эрон халқаро терроризмни бошқа қўлламаётганини ҳамда ядровий, кимёвий ёки биологик қуроллар ва баллистик ракеталар сотиб олишга ёки ўзи ишлаб чиқишга ҳаракат қилмаётганини тасдиқлаши керак.

Санкцияларни бутунлай бекор қилиш учун эса Конгресс розилиги керак.

19 март куни АҚШ давлат котиби ўринбосари Энтони Блинкен АҚШ санкцияларни қадамма-қадам бекор қилишини айтди.

“Биз Эрон унга қўйилган талабларни бажараётганига амин бўлганимиздан кейин айрим санкцияларни вақтинча тўхтатиб турамиз, уларни бутунлай бекор қилмаймиз. Эрон талабларни бажаришда давом этса, Конгресс розилиги билан санкциялар тамомила бекор қилинади”, деди Блинкен.

Давлат котиби ўринбосари БМТ Эронга нисбатан жорий этган санкциялар ҳам шу йўсинда тугатилади, деган фикрда.

Келишмовчиликлар

Обама маъмурияти Эрон билан ядровий дастур юзасидан шартнома имзоланса, санкцияларни Конгресс розилигисиз бекор қила олишига шама қилди.

Аммо Конгресс аъзоларининг аксарияти бирор қонун кучга киришдан аввал уни кўриб чиқиб, овоз беришни истайди.

9 март куни 47 нафар АҚШ сенатори Эрон раҳбариятини Конгресс розилигисиз Вашингтон билан Теҳрон ўртасида ядровий масалада имзоланажак ҳар қандай келишув келажакда бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб хат юборди.

Сенатор Боб Коркер ва Боб Менендес таклиф қилган қонун лойиҳасида “Конгресс қарор чиқаргунича санкцияларнинг президент томонидан бекор қилиниши 60 кунга кечиктирилиши керак”, дейилган.

Обама бу қонун лойиҳасини қоралади. Аммо лойиҳа тарафдорлари президент ветосини бекор қилиш учун керак бўлган 67 овозни тўплай олишларига ишонишади.

Оқ уй маъмурияти раҳбари Денис Макдоноу Коркерни Эрон билан музокаралар якунланмагунича бу қонун лойиҳасини тўхтатиб туришга чақирди. Макдоноу бундай қонун музокараларнинг муваффақиятли якунланишига таҳдид солиши ҳақида огоҳлантирди.

БМТ санкциялари

БМТ Хавфсизлик кенгаши 2006 йилдан бери Эронга қарши санкциялар жорий қилиб келади. Санкциялар айрим ядровий материаллар экспортининг ман қилинишига ҳамда Эрон ядровий дастурига алоқаси бор шахслар мулкининг музлатилишига сабаб бўлди.

Бу санкциялар 2007 ва 2008 йилларда кучайтирилди. Бу сафар айрим шахсларнинг саёҳат қилишига чекловлар қўйилди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1929 - сон қарори асосида Эронга баллистик ракеталар билан боғлиқ амалиётларда қатнашиш тақиқланди, бошқа мамлакатларга Эронни ҳарбий техника билан таъминлаш ман этилди ҳамда Эроннинг Инқилобий гвардияси учун мўлжалланган мулклар музлатилди.

Бу санкцияларни бекор қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши шу ҳақда қарор қабул қилиши керак.

The Wall Street Journal нашрига кўра, Эрон келишув имзоланганидан кейин санкциялар дарҳол бекор қилинишини хоҳлайди. Ғарб мамлакатлари вакиллари бўлса Вашингтон ёки Брюссель томонидан жорий қилинган санкциялар осон бекор қилиниши мумкин, аммо БМТ санкцияларини тўхтатиш учун ойлар, ҳатто йиллар керак бўлиши мумкинлигини билдиришди.

Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқи БМТ санкцияларини бажариш билан бирга ўз санкцияларини ҳам жорий қилди. 2010 йилда иттифоқ Эроннинг энергия саноатига сармоя киритишни тақиқлади. 2012 йилда турли ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган технологияларни экспорт қилиш тақиқланди, Эрондан нефть ва газ сотиб олишга чекловлар қўйилди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Эронга қарши молиявий санкциялар ҳам жорий қилди.

Эрон билан келишув имзоланса, санкцияларни бекор қилиш учун Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат мутасаддиси Федерика Могерини санкцияларни бекор қилиш режасини таклиф қилиши, уни иттифоқ ташқи ишлар қўмитасига аъзо 28 мамлакат ташқи ишлар вазирлари кўриб чиқишлари керак бўлади.

Люк Жонсон қаламига мансуб мазкур мақолани Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG