Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2021, Тошкент вақти: 18:07

Ўзбекистон хабарлари

Алишер Усмонов Жаҳон чемпионатига тайёргарликни текшириш учун Тошкентга келди

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик ишларини назорат қилиш учун 31 март куни Тошкентга келди.

Алишер Усмонов Қиличбозлик бўйича халқаро федерация президентидир. Қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги 2015 йилги жаҳон чемпионати 1 апрелдан 9 апрелгача Тошкентда бўлиб ўтади.

Чемпионатда дунёнинг 100 давлатидан 1500 спортчи ишитрок этиши кутилмоқда.

Кун янгиликлари

Матбуот эркинлиги рейтинги: Ўзбекистон Руандадан пастроқ, Беларусдан юқорироқда

“Чегара билмас мухбирлар”нинг матбуот эркинлиги рейтингига илова қилинган дунё харитаси

Матбуот эркинлиги бўйича “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан тузилган бу йилги рейтингда Ўзбекистон 180 давлат ичида 157-ўринни эгаллади. 2020 йилдаги рейтингда Ўзбекистон 156-ўринни эгаллагани эътиборга олинса, бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳолат бироз ёмонлашгани англашилади.

Бу йил ҳам дунёда матбуот эркинлиги бўйича биринчи ўрин аввалги йилларда бўлгани каби Норвегияга берилган. Иккинчи ўринда Финляндия, учинчида эса Швеция турибди.

Рейтингда Ўзбекистон Африка қитъасида жойлашган Руанда (156-ўрин) ҳамда пандемия йилида фуқаролик жамияти ва журналистлар қатағони билан тилга тушган собиқ совет ўлкаси бўлмиш Беларусь (158-ўрин) ўртасидан жой олган.

Марказий Осиё давлатлари орасида эса Ўзбекистон Қирғизистон (79-ўрин) ва Қозоғистондан (155-ўрин) орқада, Тожикистон (162-ўрин) ва Туркманистондан (178-ўрин) олдинда эканини кўриш мумкин.

Миллий гвардия институти Жамоат хавфсизлиги университетига айланди

Миллий Гвардия аскарлари (архив сурати)

Ўзбекистонда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди. Бунга оид қарор Ўзбекистон президенти томонидан 15 апрель куни имзоланган.

“Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан университетда бакалавриат ва магистратура тизими жорий этилади.

Мазкур ОТМда ИИВ ва Миллий гвардия, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни-тартибот идоралари ҳамда қўриқлаш тузилмаларига эга органлар учун малакали кадрлар тайёрланиши айтилмоқда.

Университетнинг бакалавриат бўлимига ҳар йили 300 нафаргача курсант, сиртқи таълим учун эса 100 нафаргача тингловчи қабул қилиш кўзда тутилган.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 87 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 19 апрель ҳолатига кўра, 87 минг 225 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 243 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 226 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 84 минг 533 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 2053 нафарни ташкил этиб, улардан 238 нафарининг аҳволи оғир, 109 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

ССВ кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна бири вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 639 нафарга етганини билдирган.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳам 14 кунлик карантинга ёпилди

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети икки ҳафталик карантинга олинди.

Университетнинг расмий Телеграм-канали орқали ёйинланган маълумотга мувофиқ, ўтган ҳафта мобайнида баъзи кам сонли талабалар орасидан коронавирус инфекцияси қайд этилган. Касалликнинг талаба ва ўқитувчилар орасида тарқалишини олдини олиш мақсадида университетда ўқув жараёни 14 кунга масофавий (онлайн) шаклга ўтказилган.

Хабарномада машғулотлар университетнинг Moodle масофавий таълим тизими орқали давом этиши урғуланган.

Аввалроқ Озодлик Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 19 апрелдан масофавий таълим шаклига ўтгани, бироқ мазкур университет талабалари оффлайн таълимга қачон қайтиши ҳозирча маълум эмаслиги ҳақида хабар қилган.

Ўтган ҳафта эса ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали шу йил 12 апрелидан карантинга ёпилгани, карантин муддати 14 кун қилиб белгилангани билдирилган эди.

Метрода тўй саҳналарини тасвирга олган тиктокерларнинг ҳар бири қарийб 1 млн сўмдан жаримага тортилди

Тошкент метрополитенидаги станциялардан бири

Тошкент метрополитенида тўй, “келинсалом”, чойхонадаги ош ва бошқа саҳналарни суратга олган тиктокерлар гуруҳи жазоланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

ИИВ хабарномасида метрополитенда расм ва видеога олиш тақиқланмагани, бироқ бунинг жамоат тартибини бузмаган ҳолда амалга ошириш лозимлиги урғуланган. Вазирлик қайдича, метрога овқат ҳам олиб кириш мумкин, лекин уни истеъмол қилишга рухсат берилган эмас.

“Жамоат жойида туриб аҳоли тинчлигини бузиш ва карантин тартиби кучайган вақтда тиббий ниқобларсиз оралиқ масофани сақламай юриш ҳам қилиниши мумкин бўлмаган ишлар қаторида”, дейилган хабарномада.

Мазкур ҳодисалар бўйича қоидабузарлик содир этган шахсларнинг ҳар бирига Жиноий ишлар бўйича Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманлари судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик бўйича кодекснинг 183-(майда безорилик), 54-(эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 115-моддаларига (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан жами базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ўзбекистонда БҲМ жорий йил 1 февралидан 245 000 сўм қилиб белгилангани эътиборга олинса, метрода тармоқ учун суратга тушган тиктокерларнинг ҳар бири эндиликда 980 минг сўмдан жарима тўлаши лозимлиги маълум бўлади.

Болалар омбудсмани танқиди ортидан Китобдаги Меҳрибонлик уйи раҳбари ишдан олинди

Қашқадарёнинг Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйи биноси

Қашқадарёнинг Китоб туманида жойлашган 5-Меҳрибонлик уйини тугатиш керак. Бу мулоҳазани ўтган ҳафта Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида хизмат сафарида бўлиб қайтган болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова билдирган.

Омбудсман матбуот хизмати маълумотига кўра, А. Юнусова Китобдаги мазкур Меҳрибонлик уйини кўздан кечириш чоғида бу ерда болалар жуда ёмон шароитда яшаётгани ҳақида хулоса қилган.

Болалар омбудсмани қайдича, ўрганиш куни муассасада 65 нафар (қизлар 28 нафар) тарбияланувчи бўлган.

Мулозима Меҳрибонлик уйидаги тиббиёт хонаси, стомотолог хонаси, беморларнинг алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали бўлиб, заҳкашлиги, болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун етарли шароитлар мавжуд эмаслиги, мебеллар эскилиги, тарбияланувчилар “ўта ёғли ва ўзига хос ҳиди бор” карам шўрвани умуман емагани, озиқ-овқат омборидаги маҳсулотлар сифати бузилгани, ошхонанинг санитария ҳолати яхши эмаслиги ҳамда бошқа камчиликларга эътибор қаратган.

“Ҳолатни чуқур ўрганиш учун туман прокуратурасидан вакил чақирилди ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан мутасаддиларга мажбурий кўрсатмалар берилди”, дейилган омбудсман хабарномасида.

Бунинг ортидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси болалар омбудсманининг Китобдаги 5-Меҳрибонлик уйи танқидига муносабат билдирди.

Бошқарма қайдича, ҳолат юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараган Меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан ўз лавозимларидан озод этилган.

Ўзбекистонда аҳоли сони 35 миллионга яқинлашди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони, 2021 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 34 миллион 700 минг кишини ташкил этмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил бошидан бери мамлакатда аҳоли сони 136,7 минг кишига ошган.

Қайд этилишича, республикада аҳоли сони йил бошидан бери ҳар ой ўртача 45,9 минг кишига кўпайган, доимий аҳолининг ўсиш суръати эса 101,9 фоизга тенг бўлган.

Аҳолининг ўсиш суръати биринчи чоракдагидай давом этган тақдирда, Ўзбекистонда аҳоли сони йил охирига бормай 35 миллион нафардан ошиб кетишини тахмин қилиш қийин эмас.

Ўзбекистонда синалган Хитой вакцинаси “британча” ва “бразилча” штаммга қарши ҳам самарали экани иддао қилинди

Хитойнинг Ўзбекистон билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқарган ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси, 2021 йил феврал ойида ўтказилган синовлар доирасида лаборатория намуналари натижаларига кўра, коронавируснинг "жанубий африка" штаммига қарши актив нейтрал ҳолатини сақлаб қолган. Бу ҳақда Vaksina.uz Телеграм канали маълумот тарқатди.

Иддаога кўра, мазкур вакцина коронавируснинг янги "Британия" ва "Бразилия" штаммларига қарши самарали экани ҳам тасдиқланган.

Вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ўтган йилнинг 10 декабридан бошланган эди. Учинчи босқич натижалари, қайд этилишича, вакцинанинг юқори самарадорлиги ва юқори даражадаги антитаналар ишлаб чиқилишини кўрсатган.

Аввалроқ Озодлик Хитой касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг директори Гао Фу мамлакатда коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналар самарадорлиги пастлигини тан олгани, ҳукумат уларни такомиллаштириш учун турли вакциналар имкониятларини уйғунлаштириш масаласини кўриб чиқаётганини билдиргани ҳақида хабар қилганди.

Гао маҳаллий вакциналар самарадорлиги ҳақида Чэнду шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда, иммунизация стратегиялари хусусидаги чиқишида гапирган.

“Ҳозирги вакциналар беморларни тўлақонли ҳимоя қилмаётганидан хабардормиз. Ушбу масалани ҳал этиш учун эмлаш жараёнида турли хил техник линиялардаги вакциналардан фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда”, деган Хитой касалликларни назорат қилиш идораси раҳбари.

27 март куни Ўзбекистонга Хитойдан 1 миллион доза Хитой—Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган.

Мазкур вакцина Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилиб, Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

У ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир. Хитой Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилган ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилган.

Ўзбек тили ва адабиёти университети масофавий таълим шаклига ўтди

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жорий йил 19 апрелидан масофавий таълим шаклига ўтди. Университет матбуот хизмати маълумотига кўра, бундай қарор қабул қилинишига “профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар орасида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани” сабаб бўлган.

Қарор Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда қабул қилингани қайд этилган, бироқ онлайн таълим қачонгача давом этишига аниқлик киритилмаган. Хабарномада: “эпидемиологик вазият барқарорлашгач, анъанавий ўқув жараёнига қайтиш борасида қўшимча хабар берилади”, дейилган, холос.

Аввалроқ Озодлик ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали шу йил 12 апрелидан карантинга ёпилгани, карантин муддати 14 кун қилиб белгилангани ҳақида хабар қилган эди.

Бош вазир апрель охиригача Ўзбекистонга 300 минг доза “Спутник V” келтирилишини билдирди

Апрель ойи охиригача Ўзбекистонга Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасидан 300 минг доза келтириш режаланган. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг ўтган ҳафта якунида Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов билдирган.

Ҳукумат раҳбарига кўра, жорий ой охиригача Хитой вакцинасидан яна бир миллион доза олиб келиниши ҳам кутилмоқда. Бош вазир ўзбекистонликларга ана шу уч вакцинадан бирини танлаш имконияти берилишини билдирган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 400 минг нафардан ошгани ҳақида хабар қилган эдик.

Тошкент туманларидан бирида жойлашган синтепон цехида ёнғин чиқди

Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Қушбеги массивида жойлашган синтепон ишлаб чиқариш цехида 18 апрель оқшомида ёнғин чиққан. Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғинга оид хабар вазирликка якшанба куни соат 20:46 да келиб тушганини билдирган.

Бунинг ортидан воқеа жойига Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 10 га яқин ёнғин-қутқарув экипажлари етиб борган.

ФВВ вакиллари қайдича, соат 21:21 да ёнғин қуршаб олинган, соат 21:41 да эса тўлиқ бартараф қилинган.

Ёнғин натижасида жабрланганлар бўлмагани айтилмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 86,5 мингдан, эмланганлар сони эса 400 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони жорий йилнинг 17 апрелига келиб 403 минг 136 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, эмланиш кўрсаткичи бўйича Фарғона водийси вилоятлари пешқадамлик қиляпти (Фарғона вилояти – 58 минг 529 нафар, Андижон вилояти – 44 минг 309 нафар, Наманган вилояти – 40 минг664 нафар), улардан кейин Самарқанд вилояти (36 минг 178 нафар) бормоқда.

Бу орада мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 17 апрель ҳолатига кўра, 86 минг 680 нафарни ташкил этган.

ССВ ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 342 киши коронавирус юқтириб олгани ҳақида маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, шанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 205 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 84 минг 43 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар 1999 нафарни ташкил этяпти, улардан 238 нафарининг аҳволи оғир, 109 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Вазирлик кеча коронавирусга чалинган беморлардан икки нафари вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 638 нафарга етганини расман билдирган.

ИИВ Интернет тармоғида ўз ходимлари номидан иш юритаётган фирибгарлардан огоҳлантирди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фуқароларни ИИВ кибержиноятларга қарши курашиш бўлими номидан “турли хил тақиқланган материалларни тарқатувчи элементлар, шу жумладан зўравонлик, шафқатсизлик тарғиб этувчи, порнографияни ўз ичига олган” ва ҳ.к.лар билан курашиш учун банк картасига 240 минг сўм миқдорида пул ўтказиш зарурлиги ҳақида хабар тарқатаётган фирибгарлар фаолиятидан огоҳлантирди.

Вазирлик ўзбекистонликлардан бу каби хабарларга танқидий муносабатда бўлишни сўраган.

“Ички ишлар органлари фуқаролардан ҳеч қандай ҳисоб рақамига пул ўтказмаларини амалга оширишни сўрашмайди! Биз буни расмий равишда эълон қиламиз”, дейилган хабарномада.

ИИВ фуқароларга шундай мазмундаги хабар келган тақдирда, улардан яқин атрофдаги ички ишлар бўлимига хабар беришни илтимос қилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ўзбек олимлари икки вакцина устида иш олиб бораётганини билдирди

Ўзбекистонлик олимлар томонидан яратилаётган икки вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг номзод вакциналар рўйхатига киритилган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг коронавирус S оқсили асосидаги рекомбинант вакцинаси ҳамда Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказининг SARS-Cov-2 оқсил бўлагининг уч соҳаси: pcDNA3. 1 (+) плазмидасига қўйилган NTD, RBD ва HR1-HR2 вакцинаси ҳозирда клиниколди синовларидан ўтяпти.

Вазирлик ЖССТнинг маълумотлар базаси COVID-19 вакцинасига қарши вакцина-номзодлари тўғрисида тўлиқ маълумотларни йиғиб бориши, мазкур база мунтазам равишда – ҳафтасига икки марта янгиланишини эслатган.

“Унда COVID-19га қарши номзод-вакциналарнинг клиник ва клиниколди жадвали келтирилган бўлиб, номзод-вакциналарни таҳлил қилиш имкониятини беради. Ҳар бир вакцинанинг 1-фаза, 2-фаза ва 3-фаза синовлари кузатилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Аввалроқ ZF -UZ-VAC 2001 вакцинаси тадқиқот ишларида 6 ой иштирок этгани учун Хитой томони Ўзбекистонни “ҳаммуаллиф” деб тан олгани ҳақида хабар қилгандик.

Эпидемия пайтида кексалар ва мактаб ўқувчиларига таровиҳ намозларига бормаслик тавсия қилинди

Коронавирусга қарши кураш комиссиясининг 17 апрель куни Тошкентда ўтган йиғилишида масжидлардаги таровиҳ намозларида 65 ёшдан катталар ва мактаб ўқувчиларининг иштирок этмаслиги тавсия қилинди.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев бу чекловларни мамлакатда ‘британча’ штамм қайд этилгани ва бу инфекция болалар учун ҳам хавфли экани билан изоҳлади.

Мажлисга раислик қилган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов масжид ва одамлар кўп тўпланадиган жойларда чекловлар инсонлар соғлиғини ўйлаб амалга оширилаётганини айтди.

"Эътиқодни ҳеч ким тақиқлаб қўя олмайди, бу мумкин эмас. Аммо чеклаш деган нарсани ҳаттоки, кечирасизлар-у, Рим католик черковининг бош идораси ҳам одамларнинг диний маросимларда қатнашишини бекор қилди.

Шунинг учун бошқа диний конфессияларга ҳам бу каби маросимларни ўтказишни чеклаш бўйича топшириқ бериш керак. Бу ҳукумат комиссиясининг қарори", — деди Арипов.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони ортиши ортидан 18 апрелдан карантин талаблари кучайтирилиши, қоидабузарлар қатъий жавобгарликка тортилиши билдирилди.

Ўзбек имомлари чет эл телесериалларини тақиқлашни талаб қилиб чиқишди

Ўзбекистонлик бир гуруҳ имомлар "менталитетга тўғри келмайдиган сериал ва филмлар"ни эфирга узатмасликни таклиф қилди.

Масжид имомлари оилаларда ажрашишларнинг олдини олиш масаласи юзасидан ўтказилган учрашувда шундай талаб билан чиқишган.

Учрашувда ажрашишларга қарши чора сифатида оила қуриш арафасидаги ёшларни имомлар томонидан 3 ойлик курсларда ўқитиш ва оила тушунчасини мактабдан бошлаб алоҳида дарс сифатида ўқитиш каби таклифлар ҳам айтилган.

16 апрель куни жума намозларида ҳам имомлар тарафидан бундай талаблар янграган.

Ўзбекистонда хориж сериалларини тақиқлаш биринчи марта таклиф этилаётгани йўқ.

Икки йил аввал тошкентлик имом Раҳматуллоҳ Сайфутдинов турк сериалларининг "миллат генофондига ёмон таъсири" ҳақида гапирганди.

“Турк сериалларидаги чиройли йигитларни тасаввур қиляпти аёллар, қизлар. “Туш кўрибман, тушимда фалончи актёрни кўрибман”, деган гаплар ижтимоий тармоққа киринг¸ тўлиб ётибди. Эри бор хотин шуларнинг расмини олиб юради, турк сериалларидаги актёрларни расмларини кўтариб юрибди. Тасаввур қилса нима бўлади, ана шундай ҳолатда "ҳаворанг" болалар туғилади, сабаби аёлнинг тасаввурида бошқа эркак бўляпти. У жимо вақти, тўшак вақтида икки киши эмас, уч киши жимо қилаётгандай бўлади. Худди шундай эркаклар ҳам аёллар билан жимо қилаётганда бу нарса лесбиянка деган балоларни келтириб чиқаради”, - деган эди Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Мирза Юсуф" жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов 2018 йилнинг 2 март куни қилган жума ваъзида.

Ўтмишда турк сериалларига тақиқ Ислом Каримов бошқарувининг Туркия билан мураккаб муносабатлари билан тушунтирилган. Туркия билан яқин сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилаётган Мирзиёев маъмуриятининг хорижий, хусусан турк сериаллари борасидаги қарори ортида сиёсий сабаб бор ёки йўқлиги маълум эмас.

Ўзбекистонда 18 апрелдан карантин талаблари кучайтирилади

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони ошиб бораётгани сабабли 18 апрелдан бошлаб мамлакат бўйлаб карантин қоидалари кучайтирилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкентда ўтказилган Республика махсус комиссияси йиғилишида маълум қилди.

Янги талабларга кўра, жамоат жойларида одамларнинг ниқоб тақиши ва ижтимоий масофани сақлаши бўйича назорат кучайтирилади ва қоидабузарлар жазоланади.

Коронавирус аниқланган ҳар бир мактабгача таълим, умумтаълим муассасалари, коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари ўз фаолиятини икки ҳафтага тўхтатиши ва ўқишни онлайн режимида амалга ошириши керак бўлади.

Тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик, ифторлик маросимларини фақат оила даврасида ўтказиш, масжидларда жамоат намозлари, хусусан Рамазон ойи муносабати билан таровиҳ намозларини масжидларнинг очиқ ҳаводаги майдонларида тиббий ниқобда бўлиш ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этиш талаб этилади.

Кафе ва бошқа умумий овқатланиш объектларида уларнинг сиғимини 50 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолатда фаолият юритиши лозим, лекин максимал сони 100 кишидан ортиши керак эмас.

1 майдан бошлаб концерт томоша дастурларини ёпиқ маданият саройларида ўтказиш тўхтатилади.

Горовой: МДҲ давлатлари Россияда ноқонуний юрган фуқароларини 15 июнгача олиб кетиши керак!

МДҲ давлатлари Россияда ноқонуний юрган фуқароларини 15 июнгача олиб кетишлари керак, акс ҳолда Москва чегараларни ёпиб қўйишгача бўлган чоралар кўради.

Бу ҳақда Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой баёнот берди.

Горовойнинг таъкидича, Россияда МДҲ давлатларидан бўлган ноқонуний мигрантлар сони 1 миллиондан ортиқни ташкил қилади.

"Агар улар 15 июнгача кетишмаса, уларни депорт қиилиш ва чегараларни ёпишгача бўлган чора кўрилади", - деди Горовой.

Россияда МДҲ давлатларидан келган муҳохир ишчилар орасида ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этади.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, чет давлатларидан муҳожирлар 2021 йил бошидан буён ўз ватанларига $1,42 млрд юборишган.

2021 йилнинг январь-март ойларида республикага келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми қарийб 1,42 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 336 млн. долларга ёки 31% фоизга ошган.

Президент Мирзиёев Сардоба фожиасидан "юзи ёруғ бўлгани"ни айтди

Президент Мирзиёев сардобаликлар учун қурилган хонадонда

16 апрель куни Самарқанд вилояти фаоллари иштирокидаги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Сардоба фожиасини эслаб, ўша пайтда қийналгани, кейинчалик эса "юзи ёруғ бўлгани"ни таъкидлади.

“Ёдингизда бўлса, Сардобадаги сув тошқинида айтгандим: “Ҳали шундай пайтлар бўлади, одамлар орасида “Нега бизнинг кўчамизга шу сув келмади?” дейдиганлар бўлади, дегандим.


Мана, ҳамма шароитларини яратиб, кўчириб чиқардик аҳолини. Лекин мен ўша пайтдаги ҳолатни кўриб жуда қийналгандим. Бу синов қайдан келди, деб ўйлангандим. Худога шукр, халқимизнинг олдида юзимиз ёруғ бўлди”, деди президент.


Айнан Сардоба воқеаларини эслай туриб, Мирзиёев фаоллар йиғинида Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани ҳокими Худойбердиевдан ҳисобот талаб қилди. Туман ҳокими эса шу йилнинг сентябрига қадар Ёшлар, Аёллар ва Темир дафтарда фақат ногиронларнигина қолдиришга ваъда берди.


1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Уйлари бузилганлар орасида ҳануз бошпанасиз яшаётганлари бор ва улар давлат идораларига мунтазам шикоят қилиб келмоқда.

Ўтган йил охирида Сардоба тошқинида уйлари вайрон бўлган бир гуруҳ фуқаролар ҳукумат ваъда қилган 40 миллион сўмлик ёрдам пули ва уй-жой ўзларига берилмаганидан арз қилиб, Вазирлар Маҳкамасига боришганди.

Жабрланганларни бошпана билан таъминлашда коррупция ҳолатларидан шикоят қилган бир неча сардобалик ички ишлар ходимлари томонидан сўроқ қилингани ва маъмурий жазога тортилгани хабар қилинган.

Давлат тили тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунини қайта кўриб чиқмоқда ва эндиликда мазкур қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.

Бу ҳақда парламент депутати Расул Кушербаев ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Қонундаги жавобгарликни кучайтириш масаласи парламент фракцияларида кўриб чиқилмоқда. Муҳокама жараёнларида мақсад давлат тилининг мавқеи, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ролини кучайтиришга қаратилгани айтилади.

Таклиф қилинаётган ўзгартиришларга кўра, давлат тили, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.

Депутатга кўра, шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такрорланса, БҲМнинг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ҳолбуки, шу пайтга қадар бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг истеъфодаги судьяси Озодлик билан суҳбатда мазкур қонун ҳужжатларининг бузилишига нисбатан чора кўриш амалиётда деярли учрамаслиги, бу тартибдаги маъмурий ишларнинг судгача келмаганини эътироф этди.

1989 йили ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига қарамай¸ тилнинг¸ айниқса¸ давлат бошқаруви тизимида тўлиғича муомалага киритилмай қолаëтгани¸ ўзбек тилининг ривожланишидаги қатор муаммоларнинг эътиборсиз қолаëтгани мутахассис ва кенг жамоатчилик танқидига учраб келмоқда.

2019 йил 22 октябрь куни президент Шавкат Мирзиëев “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон чиқариб¸ унда хусусан¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 9 мутахассисдан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этишни топширган эди.

Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов коронавирусдан вафот этди

Мирза Азизов Чингиз Айтматов асарларини саҳналаштиришдаги хизматлари учун Қирғизистоннинг Чингиз Айтматов академияси махсус мукофоти билан тақдирланган эди. Бишкек, 2019 йил, февраль.

16 апрель куни Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов 58 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги хабар берди.

Актёрнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, Азизов коронавирус инфекциясидан вафот этган. Ҳукуматнинг 1-стационар клиник шифохонасида бир ойдан бери даволанишда бўлган актёрнинг вафотига ундаги юрак-ишемик хасталиклари ҳам сабаб бўлгани айтилмоқда.

Актёрнинг жанозаси 16 апрель аср намозида ўзи истиқомат қилган Тошкент шаҳрининг Халқлар дўстлиги даҳасида ўқилади. Марҳум асрдан сўнг Чиғатой қабристонида тупроққа берилади.

Ўтган йили коронавирус хасталигидан Миллий театр директори, таниқли актёр Фатхулла Маъсудов ҳам оламдан ўтган эди.

Мирза Азизов 1963 йил 22 майда Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. 1987 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатган. Мирза Азизовнинг театр ва кино соҳасида меҳнатлари 2015 йилда эса Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган.

Актёр саҳнада “Юсуф ва Зулайҳо”да Фиръавн, “Фарҳод ва Ширин” да Баҳром, “Нодирабегим” мусиқали драмасида Мадалихон, “Алпомишнинг қайтиши” спектаклларида Алмомиш сингари қатор образларни жонлантирган.

Муқимий номидаги ўзбек давлат драма театри раҳбари бўлган Мирза Азизов 2019 йилнинг 12 февралида Бишкекда Чингиз Айтматов асарлари асосида спектакллар саҳналаштиришда жонбозлик кўрсатгани учун Чингиз Айтматов жамоатчилик академияси махсус мукофоти билан тақдирланган эди.

Олмалиқда савдогар аёлларни судраб-хўрлаган солиқчилар ишдан олинди

Солиқчилар сотувчи аёлни боласи кўз ўнгида ерда судраб, буюмларини тортиб олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:11 0:00

Олмалиқда савдогар аёлларга нисбатан куч ишлатиб, уларни судраб, молларини тортиб олган уч нафар солиқчи ҳамда шаҳар давлат солиқ инспекциясининг яна 8 нафар ходими ишдан олиниб, уларнинг махсус унвонлари бекор қилинган. Бу ҳақда Давлат солиқ инспекцияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳодиса ортидан Тошкент вилояти ДСБ бошлиғи ўринбосари ҳамда Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ҳам ҳайфсан берилди.

Хабарномада “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида шу пайтга қадар ноқонуний фаолият юритган аёлларга тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, фаолияти қонунийлаштирилгани урғуланган.

“Уларга Олмалиқ шаҳридаги савдо марказидан тегишли жой ажратиб берилди. Шунингдек, кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилиб, улардан бирига тикув машинаси ҳадя этилди”, дейилган ДСҚ хабарномасида.

Олмалиқлик солиқчилар акс этган видео тарқаб, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлгани ортидан Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев воқеага муносабат билдириб, жуда уятли иш бўлганини эътироф этган, солиқчилар жазоланишини билдирган ҳамда халқдан узр сўраган эди.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 86 минг нафардан ошди, яна бир бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 16 апрель ҳолатига кўра, 86 минг 22 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 292 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 187 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 83 минг 649 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар 1738 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ коронавирусга чалинган беморлардан бир нафари вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 635 нафарга етганини расман билдирган.

Тошкентдаги полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехда катта ёнғин содир бўлди

Тошкентнинг Сергели туманидаги Саъдий кўчасида жойлашган полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цехда 16 апрелга ўтар кечаси йирик ёнғин содир бўлган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ёнғинга оид хабар вазирлик навбатчи қисмига 15 апрель соат 23:08 да келиб тушганини билдирган.

Бунинг ортидан ҳодиса юз берган жойга 12 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Дастлабки маълумотларга кўра, аланга тақрибан 1000 квадрат метр майдонни қамраб олган. Қутқарувчилар 16 апрель куни соат 00:10 ларда ёнғинни жиловлашга, соат 02:05 да эса ўчиришга муваффақ бўлганлар.

ФВВ ёнғин натижасида қурбон бўлган ва жароҳатлар олган йўқлигини маълум қилган. Ёнғин сабаблари ҳамда ундан етган зарар миқдори мутахассислар томонидан аниқланмоқда.

Биринчи чоракда Ўзбекистондан хорижга йўлланган пул ўтказмалари миқдори 30 фоизга ошди

Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистондан чет давлатларга юборилган халқаро пул ўтказмалари миқдори 353 миллион АҚШ долларига етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107 миллион долларга ёки 30,3 фоизга кўпдир.

Айни пайтда, Марказий банк матбуот хизмати маълумотига кўра, 2021 йил илк чорагида Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми қарийб 1 миллиард 420 миллион долларни ташкил қилган. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 336 миллион долларга ёки қарийб 24 фоизга кўп.

МБ қайдича, шу тариқа биринчи чоракда трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо қарийб 1 миллиард 60 миллион долларга етган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG