Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:38

"Тошкент билан муносабатни тиклаш учун Бишкек позициясини ўзгартириши керак"


Ўзбекистон билан имзоланган шартномаларнинг 80 фоизи бугунги кунда ишламаётганини таъкидалаган қирғиз сиёсатчилари Ислом Каримовнинг қайта президентликка сайлангани ортидан расмий Бишкек Тошкентга нисбатан сиёсатини ўзгартириши керак, деб ҳисобламоқдалар.

Шартнома бор, лекин амал йўқ

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ислом Каримовни Ўзбекистон президентлигига қайта сайлангани билан биринчилардан бўлиб қутлаган раҳбарлардан бири бўлди.

Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Атамбаев ўз табригида “яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тамойилларига асосланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар бундан кейин ҳам икки мамлакат ва унинг биродар халқлари манфаати йўлида мустаҳкамланишда давом этади”, деб умид билдирган.

Бироқ дипломатик усулда ёзилган табрикдан реал ҳаётга қайтиладиган бўлса, икки давлат муносабатлари кундан-кунга совуқлашиб бораётганини кўриш мумкин.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, 25 йил давомида Тошкент билан савдо, иқтисодиёт, маданият ва сиёсат соҳасида 86 шартнома имзоланган. Бугунги кунда мазкур шартномаларнинг 61таси мутлоқо ишламаяпти.

Мустақилликнинг биринчи йилларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айрибошлаш 500 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 140 миллион долларга аранг етмоқда.

"Муносабатларни тиклашни Тошкентга нафақахўрларни элчи сифатида жўнатишни тўхтатишдан бошлаш зарур"

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири бир неча ой олдин парламентда қилган чиқишида, Ўзбекистон билан муносабатларнинг ривожланмаётганига Тошкент томонидан барча соҳалардаги сўзлашувлар музлатиб қўйилгани сабаб бўлаётганини иддао қилган эди.

Бироқ мазкур масалада фикр билдирган Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов расмий Бишкек Тошкент билан муносабатларни тиклашга уринмаётгани ортидан мана шундай вазият юзага келган, деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, сўнгги 10-15 йил ичида Бишкек Тошкентга элчи сифатида ёш, билимдон дипломатларни эмас, фақат нафақадан чақириб олинган ёки нафақа ёшига етиб қолган дипломатларни жўнатган. Бу дипломатлар эса алоқаларни ривожлантириш йўлида фаол ҳаракат қилишнинг замонавий усуллари малакасига эга бўлмагани учун ҳам, Тошкентда бир амаллаб тирикчилик ўтказиш билан чекланган.

Аликбек Жекшенкулов ўтган йиллар давомида Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг ўзаро шахсий муносабатлари ҳам яхши бўлмаганини таъкидлар экан, мана буларни айтди:

-Бундан ташқари, давлат раҳбарларига у ёки бу давлат раҳбари қўшнилари ҳақида қаерда нима дегани ва қандай оҳангда гапиргани ҳақида ахборот бериб турилади. Ҳар икки давлат раҳбарларига бу одам мана бу жойда мана бундай нотўғри гапларни гапириб қўйибди, деган тўғри ёки нотўғри маълумотлар етиб борган. Айни мана шу каби ахборотлар ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар бузилган. Бу муносабатларни яхшилаш учун энг аввало замонавий ишлаш усулларига эга бўлган дипломатларни Тошкентга жўнатиш керак, бунинг ортидан икки давлат раҳбарлари ўз сиёсий эркларини намойиш этишлари шарт бўлади. Бугунги вазиятда кўп нарсалар фақат давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти орқалигина ҳал этилиши мумкин, - деди Аликбек Жекшенкулов.

"Ҳукуматда Ўзбекистон билан тил топишадиган одамнинг ўзи йўқ"

Қирғизистонлик таҳлилчи Абдужапар Аққулов эса Ўзбекистонни Қирғизистонда тез-тез содир бўлиб турган ҳокимият алмашинувлари хавфсиратаётгани, бунинг ортидан расмий Тошкент беқарор вазият ўз ҳудудига ўтишидан ташвишланайтгани натижасида муносабатлар совуқлашаяпти, деб ҳисоблайди.

-Масаланинг яна бир жиҳати, бугунги ҳукуматнинг “Биз ҳеч кимга қуллуқ қилмаймиз”, деган позицияси нотўғри эканини тушунишимиз керак. “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган принцип борлигини ҳам унутмасак яхши бўлади. Иккинчидан, Қирғизистонда тез-тез ҳукумат алмашаверади. Бунинг натижасида Ўзбекистон билан тил топишиб, гаплаша оладиган одамнинг ўзи йўқ бўлган бир шароитга тушиб қолдик, -дейди таҳлилчи.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати Қамбарота ГЭси қурилишига қарши чиқиб келаётгани ҳам ўзбек-қирғиз муносабатларни таранглаштираётган омиллардан бири экани айтиб келинмоқда. Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов фикрича, мазкур қурилиш лойиҳасида Ўзбекистоннинг иштирок этишига эришиш орқали икки давлат муносабатларидаги илиқликни пайдо қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG