Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:51

Ямандан эвакуация қилинган ўзбекистонликларни Москвада ҳеч ким кутиб олмади


Россиянинг навбатдаги - бешинчи учоғи сешанба куни постсовет ўлкаларидан бўлган 150 нафардан ортиқ шифокорни фуқаролик уруши майдонига айланган Ямандан эвакуация қилди.

Россиядаги пост-совет мамлакатлари элчихоналари мулозимлари ўз фуқароларини кутиб олиб, ўз мамлакатларига етиб олишларини ташкиллаштирган.

Лекин, Ямандан эвакуация қилинган ўзбекистонлик шифокорларни ўзбек элчихонасидан ҳеч ким кутиб олмаган.

- Бизникиларни ҳеч ким кутиб олмабди. Ўзлари Москвадан Ўзбекистонга етиб олишар экан, - дейди Ямандан эвакуация қилинган шифокорларнинг ҳамкасбларидан бири.

Россиянинг Санадаги элчихонасига кўра, ўтган ўн кун ичида ҳаммаси бўлиб мингга яқин шифокор Ямандан олиб чиқилган.

Саудия Арабистони етакчилигидаги иттифоқчи кучлар ҳозир Ямандаги ҳукуматни дастаклаб, шиа ҳусит жанггарилари эгаллаган ҳудудларни бомбаламоқда.

Россиянинг Сана шаҳридаги элчихонаси расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, Саудия Арабистонининг ҳусит жанггариларига қарши ҳаво амалиётлари боис Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоғининг Яман ҳудудига кириши осон бўлмаяпти.

- Охирги самолётимиз кеча 150 одамни эвакуация қилди.Улар орасида Россия, Украина, Беларус, Ўзбекистон Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бор эди. Ҳозир Ямандан кетмоқчи бўлган фуқаролар рўйхати тузилган ва шу рўйхат асосида ҳаммаси эвакуация қилинади, - деди Россия элчихонаси ходими.

Айни пайтда ўзбекистонлик юзлаб шифокор Ямандан чиқиб кетиш учун Россия элчихонасидан умидвор бўлиб турганликларини айтишади.

Тошкентлик Ҳамиджон шуларнинг бири:

- Ҳозир Россия элчихонаси бизнинг масаламиз билан шуғулланяпти. МЧСни самолёти бу ердан одамларни олиб кетиб, Москва яқинидаги Чкаловск аэродромига етказмоқда. У ёғига одамларни ўзлари уйларига етиб олар экан. Кеча икки танишим учиб кетди. Ҳозир биз ҳам кетадиганлар рўйхатига ёзилганмиз. Кун ора самолёт бўляпти. Элчихонадагилар ўзлари телефон қилиб айтишар экан қачон самолёт бўлса, - дейди Ҳамиджон.

Ямандаги халқаро ташкилотларга кўра, мамлакатда сўнгги ўн кун ичида беш юздан кўпроқ одам ҳалок бўлган. Юз мингдан ортиқ одам бошпанасиз қолган.

Россия элчихонаси расмийларига кўра, уруш майдонига айланган Яманда ўзбекистонликлар орасида яралангани ёки ҳалок бўлгани қайд этилмаган.

Санада яшовчи ўзбекистонлик Ҳамиджон ҳам ҳамюртлари орасида жабр кўрганлар йўқлигини айтади.

- Ҳамюртларимиз ичида ҳозир яраланганлар ёки ўлганлар йўқ, ҳудога шукур. Лекин, уруш анча ваҳимали бўляпти. Кечқурун бошланади эрталабгача думбра-қасир. Қулоқлар ҳам мослашиб қолди. Ҳар нарса бўлиши мумкин, энди шунга кетамиз деяпмиз, - дейди Ҳамиджон.

Яман шундоқ ҳам нотинч мамлакат саналиб келган. Яманда сўнгги йилларда бир қанча шифокорлар жанггарилар тарафидан гаровга олиниб, кейин қўйиб юборилди.

Суҳбатдош таъкидича¸ Яманнинг уруш гирдобига тортилганига қарамай¸ ўзбекистонлик врачларни бу ерда ушлаб турган нарса¸ иш ва ойликларнинг Ўзбекистондагидан яхшироқ эканидир

- Тўғри, илгаридан бу ер нотинч. Лекин, Яманда долларда ойлик беради. Бизни булар совет докторлари деб билади, бизга талаб катта. Шароитлари яхши. Уй-жой бериб қўйибди. Ўзини докторлари ҳам етишиб чиқяптику, лекин биз каби малакали шифокорларга талаб жуда катта бу ерда. Уруш бўлмаса ишлайверардик, - дейди Ҳамиджон.

Айни пайтда урушга қарамай кўплаб ўзбекистонлик шифокорлар Ямандан кетмоқчи эмас.

Яманнинг Ҳудайда шаҳридаги хусусий касалхонада шифокор бўлиб ишловчи наманганлик Исроил ака қуролли низо ва можароларга қарамай¸ Ўзбекистонга кетмоқчи эмас.

- Мен қатори кўпчилик кетмаймиз деяпти. Ҳаммани ўзини проблемаси бор-да. Кимнидир қарзи бор. Кимдир боласини ўқитяпти. Кимдир уй қурмоқчи. Ўзбекистонга бориб нима қиламиз, иш йўқ, ойлик йўқ. Насибамиз шу ер экан, тинчиб қолар, деб умид қиляпмиз. Вазият ёмонлашса кетармиз, лекин ҳозирча шу ердамиз, иш кетяпти, - дейди Исроил ака.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Ямандаги фуқароларига ёрдам беришга ошиқмаяпти.

Вазирлик матбуот хизмати ходими Озодлик билан суҳбатда Яманда фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокорлар тақдири хусусида изоҳ беролмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG