Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:55

Порахўр архитектор, фуқаропарвар омбудсман ва тамагир “шайхлар”


Бўстонлиқ тумани бош меъмори 20 минг доллар пора туфайли қамалди. Тошкентда шов-шувли концерт ташкил қиламан дея мухлисларни чув туширган ширкатга иш очилди. Шайхлик мартабаси бойлик тўплаш манбаига айланиб қолаётгани танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Омбудсман мансабдорларнинг конституциявий бурчини эслатди

"Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мансабдорларнинг нафақат хизмат бурчи, конституциявий бурчи саналади", дея таъкидлади Ўзбекистон Омбудсманининг Тошкент бўйича вакили Шомурод Муҳаммаджонов (“Тошкент оқшоми”, 22 апрель).

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул мутасаддига кўра, мазкур мажбуриятнинг бажарилишига қараб мансабдорнинг сиёсий саводхонлиги, билими ва ҳуқуқий маданияти тўғрисида мулоҳаза юритиш мумкин.

Мансабдорлар шикоятларни холис ва ўз вақтида текшириш, ноқонуний ҳолатларга барҳам бериш чорасини кўриши керак. Омбудсманнинг Тошкент бўйича вакили Ш.Муҳаммаджоновга кўра, фуқаролар шикоят ва аризалар билан 232-10-25, 233-91-77 телефонлари орқали ёки Тошкент шаҳри Амир Темур кўчаси 14-уйга мурожаат қилишлари мумукин.

“Бўстонлиқ тумани бош меъмори 20 минг доллар пора туфайли қамалди”

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани бош архитектори Аъло Акмалов 20 минг доллар миқдоридаги пора туфайли қамалди (“Ҳуқуқ”, 23 апрель).

Қайд этилишича, бош меъмор тумандаги Юсуфхона қишлоғидан 4 гектар ер ажратиш эвазига фирмалардан бирининг мутасаддисидан пора талаб қилган ва “хамир учидан патир” тарзида 5000 доллар олаётганда қўлга туширилган.

Бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Алишер Султановга кўра, Бўстонлиқ тумани бош меъмори 2013 йилдан буён ер майдони ажратиш ҳақида 30 та ноқонуний қарор қабул қилишга эришган, яна 20 дан ошиқ ҳолатда деҳқончилик қилиш учун ноқонуний ер ажратилишига сабаб бўлган.

Бўстонлиқ тумани пойтахт вилоятининг дам олиш зоналаридан бири саналиб, мазкур ҳудудда анъанавий равишда ерга талаб кучли бўлиб келган. Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди бош архитектор А.Акмаловга 10,6 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

“Марказий банк раиси ўринбосари қариянинг пенсиясини нақд пулга айлантириб беришга сўз берди”

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Қозоқ қишлоғида яшовчи Аҳмад Чоршанбиев қишлоқда пластик карточка орқали савдо қиладиган дўконлар йўқлиги сабабли пенсияни нақд пулга айлантириб беришда ёрдам сўраган (“Даракчи”, 23 апрель).

Марказий банк раиси ўринбосари Улуғбек Мустафоев мурожаатчи қария ва рафиқасининг пенсияси эҳтиёжига кўра банк кассасидан нақд қилиб берилганини айтган.

“Келгусида ҳам уларнинг пластик карточкасидаги маблағлари талабга кўра нақд пулда бериб борилиши ҳақида келишиб олинди”, дея маълум қилган Марказий банк раиси ўринбосари.

“Фарғона водийсида меҳмонхона кўп, аммо мутахассис кам”

Фарғона водийсида меҳмонхоналарда хизмат қилувчи малакали мутахассислар камлиги кузатилмоқда (“Оила даврасида”, 23 апрель).

Аҳолиси зич уч вилоят – Фарғона, Андижон ва Наманган жойлашган водийда меҳмонхона мутахассисларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаси мавжуд эмас. Масалан, Андижон вилоятида 36 та меҳмонхона бўлгани ҳолда, унга кадр тайёрлайдиган ўқув юрти йўқ.

Ушбу йўналишда бакалавр даражасини олиш учун Тошкент ёки Самарқандда ўқиш талаб этилади, бироқ ҳамма ҳам узоқ жойга бориб ўқиш имконига эга эмас.

Газетага кўра, Фарғона водийсида меҳмонхона мутахассисларини тайёрловчи олий ўқув юрти ёки уларнинг филиалларини очиш вақти келган.

“Шайхлик мартабаси бойлик тўплаш манбаи ва муридбозлик воситасига айланиб қолмоқда”

Кейинги йилларда айрим шахслар тасаввуф тариқатини мансаб, бойлик орттириш манбаи ва муридбозликка айлантириб олмоқда, деб ҳисоблайди Тошкент ислом институти ректори Х.Юлдашходжаев (“Ҳуррият”, 22 апрель).

“...сулукларнинг кўпчилиги тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетгани кўзга ташланади. Баъзи тариқат вакиллари томонидан шайхларни ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши фикримиз исботи бўла олади”, дейди Тошкент ислом институти раҳбари.

Х.Юлдашходжаевга кўра, бугунги кунда айрим замонавий тариқатчиликда ва бошқа бузғунчи фирқаларда байъат тушунчаси ҳам нотўғри талқин этилмоқда, унга сиёсий тус беришга уринилмоқда.

Қайд этилишича, шайхларга берилган байъат шогирднинг руҳий тарбия устозига тўғри йўлда юриш борасидаги ваъдаси саналади, лекин мазкур байъат шаръий аҳамиятга эга эмас.

“Йўловчиларнинг яйдоқликда транспорт кутиши инсофданми?”

Тошкент шаҳридаги аксар жамоат транспорти бекатлари ўриндиқсиз ва соябонсиз қолмоқда, бу эса йўловчиларга ноқулайликлар туғдирмоқда (“Новый век”, 23 апрель).

Масалан, Бунёдкор – Чўпонота, Истиқлол-Шаҳрисабз кўчалари кесишган чорраҳалардаги бекатлар яйдоқ аҳволда. Трамвай бекатларида ҳам шу аҳволни кўриш мумкин.

“Ўзингиз айтинг, ёз ёки қиш фаслида йўловчиларни (хусусан, кексаларни) очиқ осмон остида транспорт кутишга мажбурлаш инсофданми? Уларнинг ёмғиру қор тагида ёки аксинча, қуёшнинг қирқ даражали “ёқимли” нури остида туриши дурустми?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

“Тошкентда афсонавий концерт ташкил қиламан дея мухлисларни чув туширган ширкатга иш очилди”

Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида “Афсонавий хит-парад” ўтказишга ваъда берган, аммо мухлисларни алдаган “Meridian music” ширкати раҳбари маъмурий жазога тортилди.

Давлат рақобат қўмитаси бош мутахассиси Д.Раупов “Даракчи” нашрига маълум қилишича, ширкатга сифатсиз хизмат сабабли концерт чипталари пулини мухлисларга қайтариш мажбурияти ҳам юкланган.

Эслатиб ўтамиз, “Meridian music” ширкати жорий йил 27 январда Алиса Монн, Наталья Гулькина, Татяна Иванова, шунингдек, “Комбинация”, “Оттаван”, “Бони-М” гуруҳлари иштирокида концерт ўтказишга ваъда бериб, сўзининг устидан чиқмаган.

Давлат рақобат қўмитаси ширкатни истеъмолчилар ҳуқуқлари ва реклама қонунчилигини бузишда айблаган.

“Энди нефт беҳуда ёнмайди”

Ўзбекистон нефт конларидан чиқадиган йўлдош газни ёқиш амалиётини тўхтатади. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари Жаҳон банки матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Ўзбекистон жорий йил 17 апрелдан Норвегия, Уганда, Камерун, Қозоғистон, Габон, Конго, Ангола ва Франция қаторида 2030 йилга қадар нефт конларида йўлдош газни ёқиш амалиётини тўхтатиш мажбуриятини олган.

Маълумотларга қараганда, ҳар йили дунё нефт конларида 140 миллиард кубометр табиий газ беҳуда ёниб кетади.

XS
SM
MD
LG