Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ўзбекистонда минилган машиналар ўртача 30 фоизга арзонлашди


Ўзбекистонда сўнгги бир неча ой ичида автомобиллар иккиламчи бозорида нархлар ўртача ўттиз фоизга пасайди. Озодлик билан суҳбатлашган машинафурушлар нафақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар, балки иномаркаларни ҳам зарарига сотишга мажбур бўлишаётганини айтишмоқда. Машинафурушларнинг ўзлари бозор тушишини автосалонларда машина олиш осонлашгани билан изоҳлашмоқда. Иқтисодчилар эса, бунинг сабаби ўзбекистонлик харидорнинг қурби пасайганида, дейишмоқда.

Ўзбекистонда минилган автомобиллар нархларининг тушиши янги йилнинг илк ҳафталаридан бошланди, дейди Озодлик билан суҳбатлашган машинафурушлар. Иккиламчи автомобилларни олиб сотиш билан шуғулланадиган тошкентлик Фарход Озодлик билан суҳбатда, ўшандан бери нархлар мунтазам тушиб келаётганини айтади.

- Нарх-наволар тушиб кетган, чунки бозорда савдо йўқ. Сўнгги 3-4 ой ичида 30-40 фоизга арзонлаб кетди бозор. Ҳозир яна тушадими, кўтариладими билмадиму, лекин ҳозирча ҳар ҳафта нархлар тушиб кеатёганини кўриб турибмиз,- дейди тошкентлик савдогар.

Тутилган машиналарни олиб, у ёқ, бу ёғини созлаб, устига нарх қўйиб сотиш билан шуғулланадиган Фарход ўтган бир ой мобайнида бирорта машина сота олмаганини ҳам айтади.

- Ҳозир учта машина олиб қўйганман, бирортаси кетмаяпти. Аллақачон олинган нархдан тушиб кетди. Масалан, битта Captiva бор, уч ой аввал нархи 21-22 минг доллар эди. Ҳозир 18 мингга тушди, лекин шуни ҳам олишмаяпти. 17 мингга сўрашяпти, лекин мен учун бу катта зарар бўлади, дейди Фарход.

Машиналар иккиламчи бозорида нархларнинг пасайиши Ўзбекистон учун ғайриоддий ҳолатдир. Чунки Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқарувчи мамлакатлар биринчи 30лигига кирсада, яқинларгача мамлакат автосалонларидан машина сотиб олиш жуда мушкул тадбир бўлиб келган. Шу сабабли иккинчи қўл машиналарнинг бозордаги нархи янгисидан қимматроқ бўлган.

Машинафурушларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда автосалонда янги машина сотиб олиш осонлашиб қолгани бозордаги нархларнинг тушиб кетишига ҳисса қўшган.

Ўзбекистонда 2014 йилда ишлаб чиқарилган 245 мингдан ошиқ автомобилнинг 80 фоизидан ортиқроғи Россияга экспорт қилинган. Лекин ўтган йили Россияда ўзбек автомобилларига талаб 40 фоизга тушиб кетгани Ўзбекистондаги харидор учун машина сотиб олиш жараёнини, ҳақиқатан, сезиларли осонлаштирди.

Лекин тутилган машиналар савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг айтишларича, нархларнинг тушиши нафақат маҳаллий автомобиллар, Ўзбекистонга олиб кирилаётган иномаркаларга ҳам тааллуқлидир. Ўзбекистонда импорт қилинадиган машиналарга 100 фоизлик бож тўлови жорий қилингани боис иномаркалар рекорд даражада қиммат бўлган.

Нафақат маҳаллий машиналар, иномаркалар нархи ҳам тушмоқда, дейди машинафурушлар.
Нафақат маҳаллий машиналар, иномаркалар нархи ҳам тушмоқда, дейди машинафурушлар.

Мамлакатга иномаркаларни доналаб олиб кириб, сотадиган тадбиркор, Озодлик билан суҳбатда, уч ой аввал Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келган Toyota Land Cruiser Prada автомобилини сотолмаётганини айтади. Унинг айтишича, машина нархи ва бож тўлови билан бирга тахминан 63 минг долларга тушган Toyota 60 минг долларга ҳам сотилмаяпти.

- Ҳозир 6-7 минг зарар қиламиз шекилли. 57 минг бераман, деганга сотиб юбораман, лекин шунга ҳеч ким олмаяпти,- дейди исмини айтишни истамаган машинафуруш.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Ғолиббек Холназаров, Озодлик билан суҳбатда, тутилган машиналар нархининг тушиши мамлакатда ишлаб чиқарилган машиналарнинг экпорти касодга учраётгани билан боғлиқлигини эътироф этди. Лекин, дейди иқтисодчи, бу асосий омил эмас, бу ерда гап ўзбекистонлик харидорнинг умумиқтисодий қурби сустлашганидадир.

- Россия ҳисобидан Ўзбекистон аҳолиси нисбатан фаровон яшаган вақт тугаяпти. Россиянинг аҳволи чатоқлашгани боис, Ўзбекистоннинг аҳволи ҳам чатоқлашмоқда. Лўнда қилиб айтганда, ўзбекистонлик харидорнинг пули қолмади. Бундан буёғига нафақат машиналар нархи тушади, Ўзбекистон иқтисоди ҳам тушади. Чунки Россияда нефтнинг нархи баланд бўлган йилларда Ўзбекистон у ерда нафақат ўз машиналарини сотди, у ерга мардикорларимиз гуруллаб бориб, ишлаб келаётган эди. Ўзбекистондаги харидорнинг сотиб олиш кучи Россиядан келган пулга боғлиқ эди. Энди Россияда пул топиш камайса, Ўзбекистонда харидорнинг пули ҳам камаяди,- дейди иқтисодчи Ғолиббек Холназаров.

Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш 1996 йилда Жанубий Кореянинг Daewoo ширкати билан тенг шерикчилик асосида ЎзДЭУавто қўшма корхонасининг ташкил қилинишидан бошланган. Ўша пайтда 20-25 минг дона машина ишлаб чиқарган ширкат ўрнида 2008 йилда АҚШнинг General Motors ширкати билан қўшма корхона тузилиши ортидан ишлаб чиқариш кўлами сезиларли ошади ва Ўзбекистонда 2014 йилда 245 мингдан ошиқ автомобил ясалади.

Москва Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ва шарқий Украинадаги россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганига жавобан жорий қилинган ғарб санкциялари ва жаҳон бозорида нефть нархининг тушиши Россияда иқтисодий бўҳронни авж олдирди. Натижада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари яқинларига юборадиган пул ҳажмининг пасайиб кетиши Ўзбекистонда ҳам иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Ўтган ҳафта Озодлик Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида ҳам нархлар тушаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG