Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:49

Тошкент олийгоҳларида дарсга жинсида келган қизлар “қатағон” қилинмоқда


Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида жинси шимда келган қизлар ўқитувчиларнинг дўқ-пўписалари билан аудиторияга қўйилмай, ортга қайтарилмоқда.

Университетнинг исми сир қолишини истаган талабаларидан бири Озодлик билан суҳбатда талабаларнинг кийниши қаттиқ назорат остига олинганини айтади.

- Жинсида келганлар бизда қўпол қилиб айтганда қатағон қилиняпти. Анови куни ўқишга келсам, ўнта ўқитувчи жинсида келган евро гуруҳдаги бир қизга ташланяпти, ўраб олиб “бунақа юриш мумкин эмас, нега жинсида келасан”, деб унга дўқ қилишяпти. У қиз ҳам бўш келмаяпти, “кийиб келавераман, керак бўлса солнечний очки (қуёшда тақиладиган кўзойнак-таҳр.) ҳам тақаман”, деяпти. Англашимча, у қиз олдин ҳам бир неча марта огоҳлантирилган, шунга қарамай жинси шимда келаверган. Ўқишга киритилмай, қайтариворилди,- дейди тошкентлик талаба.

Тошкентлик бошқа бир талабанинг айтишича, ўқитувчилар университет эшиги олдида туриб, талабаларнинг қандай кийимда эканини бирма-бир текшириб ўтказмоқда.

- Ҳар куни эшик олдида навбатчи туради. Жинсида келганларни қайтариб юборяпти. Ётоқхоналарда ҳам навбатчи туради. Кимки жинсида ўқишга бораётган бўлса, тўхтатиб ортига қайтаради,- дейди исми сир қолишини истаган талаба.

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ректорати масъуллари талаба қизларнинг ғарбона либослар, хусусан жинси шим ҳамда ажнабий ёзувлар ёзилган кўйлаклар кийиб келишга тақиқ анчадан бери борлигини айтишади.

- Жинсида мумкин эмас. Ёзда қора юбка, оқ кофта. Қишда қора классический шимда келишса ҳам бўлади. Юбка тиззадан пастроқда бўлиши керак. Тиззадан тепада бўлса ҳам ўқишга қўймайди. Жинси эса мутлақо мумкин эмас. Университетнинг қатъий талаби бор ва талабалар шу талабга амал қилишлари шарт,- дейди Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ректоратининг Озодлик боғланган масъули.

Лекин ўзбекистонлик талаба қизларнинг кўпчилиги бу талабни ўзларига маъқул кўрмасликларини айтишади.

- Жинсида юриш, шимда юриш бизга қулай. Ҳозир нима кийишни ҳам билмай қолдик. Юбкада келсак юбканг калта, шимда келсак шиминг тор, дейди. Чунки тор шимда келиш ҳам мумкин эмас. Кўзга солнечний очки тақиб келиш ҳам мумкин эмас. Лаб бўяш, макияж ҳам мумкин эмас. Бир марта қоидани бузса, беш минг сўм штраф, яна бузса ўқишга қўйилмай, ота-онага хат ёзилади,- дейди Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети талабаларидан бири.

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида талабаларга қўйилган шартлар бу билан чекланмайди. Жорий этилган қоидага биноан ўғил болаларнинг соқол қўйиши, ажнабий ёзувлар ёзилган футболкада келиши тақиқланган.

Университетнинг ўзини Шокир, деб таништирган талабаси олийгоҳда жорий этилган кийиниш қоидасини маъқуллашини айтади.

- Айрим боллар мода деб қоп-қора соқол қўяди. Ҳар хил кийимни кийиб келади. Мени ўзим шахсан бир хил форма бўлиши тарафдориман. Қизлар жуда тор шимда келишади-да, ҳаддидан ошишади-да. Қишда совуқ, шимда келса бир нима дейишмайди. Лекин, ошириворишяпти. Кийиниш одоби барибир бўлиши керак,- дейди Шокир.

Ўзбекистонда 2012 йилдан ўрта ва олий ўқув юртларида талабалар хатти-ҳаракати ва кийинишига оид ягона низом кучга кирган.

Ана шу низомга мувофиқ талабаларнинг ўқишга нафақат жинси шимда, балки рўмол ўраб келишлари ҳам мумкин эмас.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари рўмол ўраган бир неча муслима талаба ўқишдан ҳайдалган ҳоллари ҳам бўлганини айтишган.

Ўқув юртларида муайан ранг ва услубдаги кийимни кийиш собиқ иттифоқ даврида ҳам урф бўлган эди.

XS
SM
MD
LG