Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:17

MXX шаҳрисабзлик 15 яшар "табиб"ни ноқонуний фаолиятда айблади


Замонавий тиббиëт номидан таклиф қилинаëтган сифатсиз¸ аммо қиммат хизматдан безган ўзбекистонликлар ҳар хил "табиб"ларга юзланмоқда.
Замонавий тиббиëт номидан таклиф қилинаëтган сифатсиз¸ аммо қиммат хизматдан безган ўзбекистонликлар ҳар хил "табиб"ларга юзланмоқда.

Сўнгги икки йил давомида беморларни дори-дармонсиз даволаш билан танилган шаҳрисабзлик 15 яшар "табиб" фаолиятига МХХ чек қўйди. Озодлик манбаларига кўра, фирибгарлик ва лицензиясиз фаолият юритганликда айбланган ўсмирнинг бундан кейин "даволаш" билан шуғулланиши тақиқланган.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Оммоғон қишлоғида яшовчи 15 яшар "табиб" Миразиз Тўхтавишев(Оммоғон маҳалласи фаоли Миразизнинг фамилияси Тўхтавишев деди, лекин расмий манбаларда унинг фамилияси Санаев эканлиги айтилади - таҳририят)нинг фаолияти тўхтатилгани ҳақида Озодликка хабар қилган шаҳрисабзлик манбага кўра, ёш табибни ўн кун аввал махсус гуруҳ олиб кетган ва уч кундан сўнг қўйиб юборган:

“Бу табибнинг шуҳрати кун сайин ортиб бораётган эди. Бир ҳафтача олдин МХХ уни отаси билан бирга олиб кетди. Махсус оператив группа келган эди. Уч кундан сўнг қўйиб юборишди. Ҳозир у ҳеч кимни қабул қилмаяпти. Ҳар куни ўнлаб одамлар келиб қайтиб кетяпти”, деди манба.

Шаҳрисабзлик суҳбатдошнинг айтишича, Миразизнинг табиблик билан шуғуллана бошлаганига икки йил бўлган. Бу пайт орасида унинг номи танилиб, республиканинг барча вилоятларидан беморлар оқиб кела бошлаган.

Исми сир қолишини сўраган Оммоғон қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг иддао қилишича¸ ёш табиб ҳамма касалликларни даволаган:

“Қишлоғимизда бир йигит онкологик касаллик билан Тошкентдаги учта касалхонада узоқ даволанди. Ахири дўхтирлар бўлмайди, олиб кетинглар¸ дейишибди. Бу йигитни ана шу ёш табиб икки ой даволади. Соғайиб оёққа туриб, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетди. Бу мошенник эмас, Худо берган табиб. Бировдан бунча пул бер демаган, ким кўнглидан қанча чиқарса шунча ташлаб кетган”, деди суҳбатдош.

Маҳалла фаоли иддаосича, ёш табиб беморларни ҳеч қандай дори-дармонсиз даволаган:

“Бу боланинг исломий билими ҳам йўқ. Айтишларича, гўёки унга бир нур тушармиш, шу нур орқали даволармиш. Ҳеч нарса ўқимайди, куф-суф ҳам демайди. Беморларнинг елкасини, бошини ушлаб, беморлар орасида оралаб юради, холос”, деди маҳалла фаоли.

Маҳалла фаоли табиб Миразизнинг махсус оператив гуруҳ томонидан олиб кетилиб, уч кундан сўнг қўйиб юборилганини ва унинг фаолияти тўхтатилганини ҳам тасдиқлади.

Бу табибдан даво истаб борган шаҳрисабзлик беморлардан бири эса, Озодлик билан суҳбатда уни навбатдаги лўттивоз деб баҳолади:

“Мен ўтган йили баҳорда борган эдим. Шунақаям одам кўп экан, кечаси соат 11ларда навбатимиз келди. Ҳовли одамга тўлиб кетган, у эса айланиб юрибди. Мен ҳомиладор эдим, табибга қовуғимни тепаси қаттиқ оғрийди, дедим. У эса 4-5 метр масофадан шундоқ қўлини мен томон чўзди-да, бўлди уйингизга боргунча яхши бўласиз, деди. Ҳатто ҳомилам борлигини ҳам билмади. Мен билан бирга борган жиянимнинг кўкрагида без пайдо бўлган эди. Табиб эса мен буни даволай олмайман, бу онкологик касаллик, деди. Лекин бу унақа бўлиб чиқмади, Ургутдаги муллага тўрт марта ўқитганимиздан кейин йўқ бўлиб кетди”, деди шаҳрисабзлик суҳбатдош.

Унинг айтишича, ёш табиб кўпчиликни “зарядим қолмади” деган баҳонада қабул қилмаган.

Исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолига кўра, ёш табиб зиёли оиласидан чиққан¸ унинг дадаси мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди:

“Кимдир даво топмаган бўлса¸ уни шарлатан деяпти, кимдир ихлос қилиб даво топган бўлса¸ раҳмат деяпти. Унга лицензиясиз одамларни даволагансан дейишибди, олган пулингдан солиқ тўламагансан дейишибди. Шунга фаолиятини тамоман тўхтатган. Келган одамлар ҳам овора бўлиб қайтиб кетаяпти”, деди маҳалла фаоли.

Ўзбекистон Халқ табобати академияси бошқаруви раиси Муҳаммаджон Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда, ўзини табиб деб иддао қилган Миразиз икки марта академия экспертлари томонидан ўрганилганини айтди:

- Биз икки марта ўша ерга экспедиция жўнатдик, одамларимиз бориб келди. Бизнинг экспертларимизнинг аниқлашича, у ерда ҳеч қандай даволаш, муолажа деган нарса йўқ. У Миразиз деган бола ўзи касал бўлган экан. Бир врачнинг бизга айтишича, унинг ўзи руҳий жиҳатдан сал чатоқроқ экан, уни бир дуохонга олиб боришган, дуохон эса сен одамларни даволайсан¸ деган. Бошқа бирор гап йўқ. Юзлаб одамларни бир жойга йиғиб олиб орқасига, бошига қоқиб чиқаркан. Кейин одамлар ўша ердаги қутига пул ташлаб кетишаркан. Бу шарлатанликдан бошқа нарса эмас. Унинг ортида кимлардир турибди ва содда халқни алдаб пул ишлашаяпти, деди Муҳаммаджон Ҳамроев.

Академия бошқаруви раиси одамлар бундай фирибгарларга ишонмасликлари, бемор бўлган тақдирда халқ табобати ва замонавий тиббиётдан фойдаланишлари лозимлигини қўшимча қилди.

Миразиз "табиб"нинг фош қилингани ҳақида Muxbir.uz интернет сайти ҳам хабар берди. Хабарда ёзилишича, “табиб” ушбу найранглари натижасида бир кунда 1, 1,5 млн., бир ойда эса 40-45 млн. сўм пул миқдорида моддий даромад топиб келган. Ҳозирда вилоят ИИБ томонидан сўров-суриштирув ишлари давом этмоқда".

XS
SM
MD
LG