Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:22

Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг жазо муддати узайтирилди


Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг жазо муддати муассаса тартибини бузган деган айблов билан узайтирилди.
Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг жазо муддати муассаса тартибини бузган деган айблов билан узайтирилди.

Жаслиқ қамоқхонасида 2006 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг жазо муддати муассаса тартибини бузганлик айблови асосида Қўнғирот туман суди томонидан 5 йилу 26 кунга узайтирилгани ҳақида Озодлик радиосига унинг яқинлари маълум қилди. Бироқ расмийлар бу хабарни изоҳлашдан бош тортди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/71-сонли колония (Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ посёлкаси)да жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг жазо муддати 5 йилу 26 кунга узайтирилди. Бу ҳақда “Озодлик”ка ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Озода Ёқубова маълум қилди.

Озода Ёқубовага кўра, Қўнғирот туманида ўтган суд масжисининг санаси аниқ эмас. Унга турмуш ўртоғининг судлангани ва 5 йилу 26 кунга жазо муддати узайтирилгани ҳақидаги хабарни Аъзам Фармоновнинг илтимоси билан у билан бирга Нукусдаги Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида бирга ўтирган ва озод қилинган одам етказган.

“Эрим билан тергов изоляторида бирга ўтириб, сўнгра озодликка чиққан Хўжайли туманида яшовчи бир фуқаро менга қўнғироқ қилди. У Аъзам акамнинг илтимоси билан қўнғироқ қилаётгани ва у кишини Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддаси билан “раскрутка” қилишганини айтди. Суд негадир Қўнғирот туманида бўлиб ўтибди. Жуда ҳам ҳайратдаман, ахир 5 йилдан узоқ муддатга ҳам раскрутка қилиш мумкинми?” дейди Озода Ёқубова Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Озода Ёқубова шу йилнинг апрелида Озодлик радиосига турмуш ўртоғи Аъзам Фармоновга Янгиер шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 2006 йил 6 июнидаги ҳукми билан берилган 9 йиллик жазо муддати ниҳоясига етганини хабар қилган эди. Ўшанда Озода Ёқубова Аъзам Фармонов муассаса тартибини бузганлик айби билан Нукусдаги изоляторга келтирилгани ҳақида ҳам айтган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси навбатчилик қисми “Озодлик”нинг Аъзам Фармонов жазо муддати узайтирилгани ҳақидаги сўровига изоҳ бермади. Навбатчи, қонунчиликка кўра, судланувчи ёки маҳкумла ҳақидаги маълумотларнинг ёзма равишда мурожаат қилган тақдирда энг яқин қариндошлари ёки қонуний вакиллари ҳамда адвокатларига беришларини таъкидлади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими собиқ раиси Аъзам Фармонов 2006 йили “товламачилик”да айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳуқуқ фаолининг Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамкасблари унинг сиёсий мотивларга кўра қамалганини таъкидлаб келадилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) эса ўзининг “Ўзбекистон деб номланган қамоқхона” веб-саҳифасида қамоқда қолаётган 13 нафар ҳуқуқ фаоли орасида Аъзам Фармоновнинг ҳам номини келтирган.

Шунингдек, Аъзам Фармоновдан ташқари халқаро ташкилотлар озод этилишини талаб қилиб келаётган бошқа сиёсий маҳбуслар - Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов, Ғанихон Маматхонов ҳамон қамоқда қолмоқда.

Ўзбекистонда энг узоқ муддат қамоқда сақланаётган сиёсий маҳкум Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Самандар Қўқоновлардир. Уларга дастлаб 5-10 йиллик қамоқ жазоси берилган бўлса, бу муддат тугагач, янги жазо муддатлари қўшилишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG