Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Аъзам Фармонов Жаслиқ қамоқхонасидан хат чиқарди


Аъзамжон Фармонов шу йилнинг апрель ойида қамоқдан чиқарилиши керак эди.
Аъзамжон Фармонов шу йилнинг апрель ойида қамоқдан чиқарилиши керак эди.

Жаслиқ қамоқхонасида 2006 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг жазо муддати муассаса тартибини бузганлик айблови асосида Қўнғирот туман суди томонидан 5 йилу 26 кунга узайтирилгани ҳақида хабар қилинганидан сўнг, Озодликка Аъзам Фармоновга мансублиги айтилаётган хат келиб тушди. БМТ Бош котиби номига ёзилган ушбу мактубни таҳрирсиз чоп этмоқдамиз.

Жаноб Бош Котиб!

Мен Формонов Азамжон Турғунович 1978 йил туғилганман. 2001 йилдан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё вилояти бўлими раисиман. Менга 2006 йилнинг 2 май куни қамоққа олиш Ўзбекистон Республикаси ЖКни 165-моддаси билан жиноят иши очди ва 2006 йилни июн ойида Янгиер шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилдим. Суд давомида менинг барча қонуний талабларим судга қадар барча тергов харакатлари ноқонуний бўлиб ўтди. Суд залида ўз ҳуқуқларимни талаб этишим, очиқчасига суд залида менинг иштирокимсиз бўлиб бутунлай ноқонуний турзда ўтди. 2006 йилнинг 17 июл куни 71 сонли манзил колонияси яъни Жаслиқ қамоқхонасига олиб келишди. Бу ерда мени шафқатсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар остида кутиб олишди. Бу шафқатсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар муассаса бошлиғи ёрдамчилари ва уларни қўл остидаги ходимлар томонидан амалга оширилди. Мени 35 кун давомида карантин ҳолатида ушлаб тинимсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар билан ушлашди. Карантиндан чиқгач бир неча бор изоляторга (интизомий бўлинмага) ташлаб менга шафқатсиз жисмоний ва руҳий қийноқ ўтказишди. Бир неча бор инсонпарварлик акти амнистиядан маҳрум этиб доимий равишда менга нисбатан руҳий ва жисмоний қийноқлар остида ушлаб келмоқда.

Аъзам Фармонов мактубининг асл нусҳаси фотокопияси.
Аъзам Фармонов мактубининг асл нусҳаси фотокопияси.

Жаслиқ қамоқхонасида маҳкумларнинг умуман мурожаат ҳуқуқлари йўқ. Ариза шикоят ва бошқа барча ҳуқуқларини очиқчасига паймол қилишмоқда. Муассаса ички кун тартиби фақат маҳкумларга руҳий ва жисмоний қийноқлар қўллаш учун муассаса маъмурияти томонидан бир томонлама жорий этилган.

Муассаса ички кун тартибига биноан ҳоҳлаган маҳкумни муассаса маъмурияти ходимлари қоида бузар сифатида айблаши ва уни изоляторга қамаб ҳоҳлаганча руҳий ва жисмоний қийноқлар ўтказиш ҳуқуқини беради.Бу режим шу даражада тузилганки унинг бирон бир ҳолати демократик тузумга жавоб бермайди. Эрталабки уйғониш, бадантарбия, нонушта махкумлар сайр қилиши барчаси қаттиқ бақир-чақир ва руҳий босим остида амалга оширилади. Маҳкумларни еб-ичиши ва кийим кечаклари ўта хароб аҳволда. Телевизор ва радио тинглаш ҳам руҳий қийноқ остида амалга оширилади. Маҳкумлар қиш кунлари -42-40 ли совуқда ҳам мажбуран сайр қилишади. Маъмурият вакиллари пахтали шим ва иссиқ кийимлар кийиб маҳкумларга эса юпқа кийим бош бериб қийноққа солишади. Жуда кўп маҳкумлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят Ижроия кодекси, Жиноят Процессуал кодекси билан боғлиқ ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб яшашади. Маҳкумларнинг оила аъзолари учрашувга келганда ҳам ҳафталаб 10 кунлар баъзан 1 ой давомида навбат кутиб ўтиришади. Улар учун шароит чидаб бўлмас даражада. Хал.Қ.Хоч қўмитаси аъзолари ҳам маҳкумлар билан эркин гаплаша олмадилар. Чунки муассаса маъмурияти томонидан қилинаётган жиноятлар бунга асло йўл бермайди. Посилка ёки йўқлов бериш тартиби ҳам руҳий босим остида яъни уйдан келган маҳсулотлар қасддан титиб айримлари умуман ўз эгасига берилмайди. Турли баҳоналар билан.

Муассасада сиёсий маҳкумлар сони жуда кўп. Шу туфайли барча ишларни амалга ошириш пухта режа асосида амалга оширилади. Бу ердаги жиноятлар шу даражада кўпки санаб адоғига етиб бўлмайди. Фирибгарлик, товламачилик, ўғрилик, одам ўлдириш, баданга қасддан шикаст етказиш ва бошқалар…

Муассаса маъмурияти Ўзбекистон қонунларини бузи шва оёқости қилиш билан бирга Демократик тузумга қарши уруш эълон қилгандек иш тутмоқда. Бу ишлар замирида Ўзбекистон Президентини беҳурмат қлиш, Ўзбекистон ҳукуматини халқдан йироқ эканлигини кўрсатиш. Демократик тузумни нотўғри эканлигини кўрсатишга харакат қилмоқда. Ҳар бир маҳкум ва уни ортида 100 лаб яқинлари бор. Улар бу ердаги адолатсизликдан қандай хулосага келиши мумкин. Юқоридаги ҳолатларни барчаси ким томонидан жорий этиляпти. 8 ярим йил мени бу қамоқхонада ўтиришим бу ҳолатлар бўйича мурожаат қилиб бўлмайди. Чунки мурожаат ҳуқуқи йўқ. Мурожаат қилганда ҳам ҳукумат президенти қўлига етиб бормайди. Шу туфайли сиз ва сиз орқали Ўзбекистон Президентига ва ҳукуматига мурожаат этмоқдаман. Бу ердаги жиноятлар гўёки юқоридан буйруқ остида амалга оширишмоқда каби қарашларга сабаб бўлмоқда. Мени ишочим комилки бу ҳолатларга Ўзбекистон Республикаси Президенти бефарқ қарамайди ва бу қамоқхонада демократик режим ўрнатилади ва маҳкумларни мурожаат ҳуқуқлари тўлиқ таъминланади. Ҳукумат ва президент шаънини оёқ ости қилишга уринганлар аёвсиз жазосини олади. Мен ўз фуқаролик бурчим ва ҳуқуқ ҳимоячи сифатида балки бу сўнгги мурожаатим бўлиши мумкинлигини ва мени ўз ҳимояларингизга олишларингизни сўраб

Аъзамжон Формонов

Ҳуқуқ фаоли ҳақида маълумот:

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими собиқ раиси Аъзам Фармонов 2006 йили “товламачилик”да айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳуқуқ фаолининг Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамкасблари унинг сиёсий мотивларга кўра қамалганини таъкидлаб келадилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) эса ўзининг “Ўзбекистон деб номланган қамоқхона” веб-саҳифасида қамоқда қолаётган 13 нафар ҳуқуқ фаоли орасида Аъзам Фармоновнинг ҳам номини келтирган.

Аъзам Фармоновга Янгиер шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 2006 йил 6 июнидаги ҳукми билан берилган 9 йиллик жазо муддати шу йилнинг апрелида ниҳоясига етган. Аммо Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан унинг жазо муддати муассаса тартибини бузгалик деган айблов асосида 5 йилу 26 кунга узайтирилди.

XS
SM
MD
LG