Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:26

Қирғизистон жанубида кўчкидан 6 киши нобуд бўлди


Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани Қиржўл қишлоғига тушган кўчки беш уйни босиб қолди. 23 майдан 24 майга ўтар кечаси содир бўлган табиий офат 6 кишининг умрига зомин бўлди. Нобуд бўлганлар орасида 3 ёшли болакай ва 57 ёшли оқсоқол бор.

24 майга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 01:49 да тушган кўчки Қиржўл қишлоғидаги 5 хонадон учун фожеали бўлди. Кўчки натижасида 6 киши нобуд бўлди, 24 киши тан жароҳати олди, улардан 12 нафари касалхонага ётқизилди. Дастлабки маълумотларга кўра, яна икки киши кўчки остида қолган бўлиши мумкин.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳамда ўт ўчирувчилар гуруҳи қишлоқда қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқдалар.

Табиий офат ҳақида хабар тарқалиши билан Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири Қубатбек Бўрўнов ва унинг ўринбосари Равшан Рисбаев воқеа жойига учиб кетди. Айни пайтда мамлакат бош вазири ўринбосари Абдирахман Маматалиев ҳам Жалолободга кетгани айтилмоқда.

Қирғизистон бош вазири Темир Сариев ҳукуматнинг Жалолобод вилоятидаги вакиллари, туман ҳокимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига фуқаролар кўчирилиши зарур бўлган барча хавфли жойларни инвентаризациядан ўтказишни буюрди.

Ҳукумат матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда маҳаллий ҳокимият идораларидаги барча масъуллар фавқулодда вазият оқибатларини бартараф қилиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар.

Хусусан, улар томонидан кўчкидан жабр кўрган кишилар сони ва улар кўрган зарар миқдори аниқланмоқда. Жабрланганларнинг барчасига зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва кўчки туфайли нобуд бўлганларни дафн қилиш бўйича штаб тузилган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Сузоқдаги табиий офатдан нобуд бўлган ва жабрланганларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилди ҳамда марҳумларнинг оилаларига 100 минг сўмдан ёки тақрибан 1700 доллардан маблағ ажратди.

Сузоқдаги кўчкидан нобуд бўлганлар орасида 3 ёшли болакайдан тортиб 57 ёшли оқсоқолгача бор. Бугун тушдан кейин табиий офатдан қурбон бўлганларнинг ҳаммаси дафн этилди.

XS
SM
MD
LG