Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:16

Андижонда шифохона таъмири учун беморлардан пул талаб қилинмоқда


Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам марказида беморлар ва уларнинг яқинларидан шифохона ремонти учун пул талаб қилинмоқда.

Бу ҳақда шифохонада даволанаётган беморлар Озодликка маълум қилди.

– Ремонтга деб, очиқчасига пул сўрашяпти. Тепадагиларнинг хабари борми десак, бор дейишди, деди исми сир қолишини истаган андижонлик.

У бу аҳволдан Соғлиқни сақлаш вазирлигидагиларнинг хабари борм-йўқлигини билиб беришимизни ўтинди.

Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам маркази ходимларидан бири келаси ойдан бошланиши режаланган таъмир учун ҳокимият ажратган маблағ етмаётгани боис "ҳайри - эхсон қилишни хоҳлаганлардан, ихтиёрий равишда" пул йиғилаётганини тасдиқлади.

- Бу мутлақо ихтиёрий. Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлаётгани йўқ, - деди ходим.

Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам маркази Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказининг филиали ҳисобланади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарамоғидаги Республика Шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоятлардаги бўлимлари тўлалигича давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Шифохонанинг Тошкентдаги марказий идораси ходимлари ҳам, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари ҳам касалхона ремонти учун пул йиғилаётганидан хабарсиз эканликларини айтишди.

Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам марказининг Озодлик боғланган ходими таъмир учун маҳаллий ҳокимлик ажратган маблағ етишмаслиги боис ҳашар йўли билан шифхонани ремонт қилишга аҳд қилинганини айтди.

Ўзбекистонда давлат қарамоғида бўлган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда таъмирлаш ишлари шу муассасада ўқийдиган талабаларнинг ота-оналари ва ишчи-ходимлари ҳисобидан амалга оширилиши кўп кузатилади.

Лекин, Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам марказидаги ҳолат Ўзбекистонда касалхоналар ремонти беморлар ҳисобига бўлаётганига оид Озодликка маълум бўлган илк ҳолатдир.

Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов фикрича, бу ҳол Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ислоҳ қилинишга муҳтожлигининг яна бир далолатидир.

- Бу боришда борган сари ёмонлашиб кетаверади. Медицинамиз орқада қолиб кетяпти. Тизим ислоҳ қилиниши керак. Ёки бир йўла бепул бўлсин ёки пуллик бўлсин. Ҳозир бизда тиббий ҳизмат ҳам пуллик, ҳам пулсиз. Хизмат гўёки бепул, лекин койкага тўлаш керак, шприцга тўлаш керак, рентгент қилиш керак бўлса фотоплёнка йўқ, дейди. Докторга бериш керак, энди бу уни чўнтагига кетади. Барибир ҳаммаси беморни ҳисобидан бўляптику. Ундан кўра пуллик қилсин ва касалхоналар ўзини ўзи таъминласин, таъмирини ҳам ўзи қилсин, шприцини ҳам ўзи олсин. Олий Мажлисдагилар бу ҳақда ўйлаб кўришлари керак, - дейди Зайнобиддинов.

Андижон касалхонасида таъмир учун беморлардан пул йиғилаётгани Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги фонида кузатилмоқда.

Шу кунларда кўпгина вилоятларда аҳолига нафақа пуллари, ойлик маошлари вақтида берилмаяпти.

Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари томонидан Бош вазирга 10 апрель куни юборилган мактуб нусхасидан ўзбек банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани аëн бўлади.

“Хизмат доирасида фойдаланиш учун” деб таснифланган 10-11/41 сонли рақамли бу мактуб Озодликка кейинги йиллар ва ойлар давомида йирик стратегик корхона ишчи-хизматчиларидан тортиб¸ пенсионер ва нафақахўрларга қадар билдираëтган шикоятлардан кўрилган муаммо кўламининг нақадар кенг¸ сабабларининг эса¸ нақадар жиддий эканини тасдиқламоқда.

XS
SM
MD
LG