Қорақалпоғистонда 6 та туман ҳокими ўринбосари жавобгарликка тортилди. Хорижга ишга кетган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди. Наманганда юзлаб беморларга товламачилик қилган шифокорлар гуруҳи қўлга олинди.Ўзбекистонда маҳаллий матбуот мана шундай воқеалар ҳақида хабар берди.
“Қорақалпоғистонда 6 та туман ҳокими ўринбосари намунавий уй қурилишини кечиктиргани учун жавобгарликка тортилди”
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот, Беруний, Чимбой, Хўжайли, Нукус ва Кегайли тумани ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари намунавий уйлар қурилишини кечиктиргани учун маъмурий жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 4 июнь).
Масалан, Қўнғирот туманида 2014 йил 10 декабрда қуриб битказилиши керак бўлган 35 та намунавий уй бир неча ой ўтса-да битказилмаган. Республика бўйлаб намунавий уйлар қурилишида қўшиб ёзиш, буюртмани сифатсиз бажариш, маблағларни ўмариш каби жиноятлар ҳам қайд этилган.
Масалан, Чимбой туманида “Нукус Алияр қурилиш” жамияти томонидан 158 миллион, Нукус туманида 8-сонли Тахиаташ қурилиш корхонаси томонидан эса 15,2 миллион сўм маблағ талон-тарож этилган.
“Хорижга ишга кетган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди”
Хорижга ишлашга кетган фарғоналик аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди (“Инсон ва қонун”, 4 июнь).
Исми ошкор этилмаган аёлни эри гўдак қизи билан ташлаб кетган. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди судьяси Зуҳрахон Эрматовага кўра, эридан ажрашган аёл қизини қўшнисига ташлаб, тирикчилик ташвишлари боис хорижга ишлагани кетган. Қўшни аёл эса қизчани узоқ ушлаб ўтирмай ички ишлар идорасига топширган. Кейин эса Фарғона шаҳар ҳокими буйруғи билан қизча меҳрибонлик уйига топширилган.
Тўққиз ой давомида дом-дараксиз кетган ва қизи аҳволидан хабар олмаган хориждаги аёл пировардида оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди.
“Актёр Фаррух Соипов: “Устимиздан қайнаб турган иссиқ сувни қуйишимиз шартми?”
Актёр Фаррух Соипов ўзбек кино ижодкорлари суратга олган ва томошабинлар орасида қарама-қарши фикрлар уйғотган “Сотқин” фильми бўйича баҳсларни тўхтатиш лозимлигини таъкидлади (“Даракчи”, 4 июнь).
“Бундай катта мавзу кўтарилганда истайсизми, йўқми, хато бўлиши тайин. Ва мен бу фильмнинг хатолари борлигини тан оламан. Бироқ кино орқали актёр, режиссёр нима демоқчи? Шу саволга жавоб борми, демак баҳсни тўхтатиш керак”, деган Ф.Соипов.
Актёр дунёнинг кўп жойларида одамлар бомба гумбурлаши остида тонг оттираётган бир пайтда Ўзбекистондаги тинчлик учун шукрона қилишга чақиради.
“Қайнаб турган сувнинг иссиқлигига ишонч комил қилиш учун уни устимиздан қуйишимиз шарт эмас-ку”, деган у.
“Бюрократларнинг асосий қисми ижтимоий ҳимоя тизимида”
Ўзбекистон вилоятларида айрим раҳбарларнинг бюрократлиги ҳамда қонунга мувофиқ иш тутмаслиги оқибатида фуқаролар ҳуқуқлари поймол этилиши ҳоллари учрамоқда (“Ўзбекистон овози”, 4 июнь).
Адлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Лазизжон Маҳмудовга кўра, бу борадаги мурожаатларнинг 18,4 фоизи ижтимоий ҳимоя, 10,4 фоизи меҳнат низолари, 6,5 фоизи суд қарорларидан норозилик, 6,3 фоизи уй-жой низолари, 5,7 фоизи коммунал тўловлар, 7,9 фоизи эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига оиддир.
Бошқарма раҳбари соҳа вакилларини фуқаролар мурожаатига эътиборни кучайтиришга даъват этади.
“Наманганда юзлаб беморларга товламачилик қилган шифокорлар гуруҳи қўлга олинди”
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келган бир неча шифокор юзлаб беморларга товламачилик қилгани боис қўлга олинди.
“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, ультратовуш текширувидан ўтказиш бепул бўлгани ҳолда товламачи шифокорлар бир неча йил давомида беморлардан хизмат ҳақи ундириб келган.
Масалан, Тўрақўрғон туман марказий поликлиникаси ультратовуш текширувчи врачи Фарҳоджон Шокиров, марказий туғруқхона ультратовуш текширувчи врачлари Умида Мирзаева ва Дурдона Ғофурова, шунингдек, яна бир неча шифокор бир неча йил давомида жуда катта миқдордаги маблағни ўзлаштирган.
“Дард чекаётган беморнинг кўзига шифокорлар нажот фариштаси бўлиб кўриниши табиий. Шунинг учунми, аксарият беморлар биз юқорида номларини келтирган шифокорларнинг ультратовуш текшируви учун жорий этиб қўйган тўлов меъёрини табиий ҳол деб билган”, деб ёзади газета.
“Таъзияга келганларга пул улашиш одати бидъат ва гумроҳлик деб аталди”
Ўзбекистоннинг айрим минтақаларида жанозага келганларга белбоғ, жойнамоз, ҳатто пул улашиш, жонлиқ сўйиб, дастурхон тузаш одати сақланиб қолмоқда (“Оила даврасида”, 4 июнь).
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида эса жанозага келган ҳар бир аёлга биттадан пиёла бериш одати ҳам мавжуд. Исломшунос Абдуносир Бобомирзаев мазкур ҳолатларни шариатга зид амал – бидъат ҳамда гумроҳлик деб атаган, бундай одатлар бошига мусибат тушган инсонларга озор беришини таъкидлаган.
“Хўжакўрсин ва дабдабабозлик мақсадидаги ишлардан кўра, ўша маблағни марҳумнинг ортида қолган яқинлари ҳаёти учун сарфлаш зарурроқ ва муносиброқ ишдир”, дея хулоса қилади исломшунос олим.
“Палов ЮНЕСКО маданий мерос рўйхатига кириши мумкин”
2016 йилда ЮНЕСКО паловни Марказий Осиё халқларининг ноёб ижтимоий-маданий феномени сифатида Номоддий маданий мерос рўйхатига киритиши мумкин.
Бу ҳақда газеталар Ўзбек ошпазлик санъати халқаро маркази раҳбари Анвар Аллабергановга асосланиб хабар беради.
Қайд этилишича, бу борада ҳам Ўзбекистон, ҳам Тожикистон ЮНЕСКОга ариза топширган. Аризалар 2016 йилда кўриб чиқиладиган ҳужжатлар қаторига қўшилган.