Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:45

Газ ва свет йўқлиги ортидан ичимлик суви беришда ҳам узилишлар бошланди


Беш минг аҳолига тарқатилаётган бир мошин ичимлик суви урпоқ ҳам бўлмаяпти
Беш минг аҳолига тарқатилаётган бир мошин ичимлик суви урпоқ ҳам бўлмаяпти

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрининг Бобур маҳаллаласида яшовчи 5000 га яқин одам қарийб бир ойдан буён ичимлик сувидан узиб қўйилган. Озодлик манбаларига кўра¸ маҳалла аҳли соатлаб навбат кутиб анча узоқда бўлганкасалхона қудуғидан сув ташиб ичишга мажбур бўлмоқда.

Янгиер шаҳрининг халқ тилида “Шанхай” ва “Механизатор” деб аталувчи маҳаллаларида яшовчи аҳолининг бир ойдан буён сувсиз қолгани ҳақида Озодликка хабар берган янгиерлик врач Баҳодир ака, аҳолидан сув ҳақини мунтазам олиб турган шаҳар сувоқова ташкилоти ишдан чиққан насосни бир ойдан буён таъмирламаëтганини айтади:

- Бир ой бўлди уже. Ана эрта дейди, ана индин дейди, халқ жуда қийналиб кетди. Больницадан илтимос қилиб бир пақир, икки пақир олиб келиб ичиб турибмиз. Больницанинг ўзини артезиани борда. Больница дарвозасини ёпиб қўйса, кимдир бориб банядан олиб келади, кимдир мойкадан олиб келади. Янги насос оламиз деб аҳолидан пул йиғиб олганига ҳам ўн кун бўлди, лекин сувдан дарак йўқ. Ҳар куни бир мошин водовоз сув олиб келади, лекин бу беш минг аҳолига нима бўлади, дейди Баҳодир ака.

Исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, қудуқдан сув тортадиган насос электр токининг тез-тез ўчиб ёниши оқибатида куйиб қолаяпти:

- Бу муаммо йиллардан буён давом этиб келади. Бизда свет кўп ёниб ўчиб туради. Бир мутахассиснинг айтишича, свет ўчганда насосни секин ўчирадиган ва ёнганда секин ёндирадиган бир аппарати бўлиши керак экан. Шу нарса ҳозирги насосларда йўқ, шунга куйиб қолаверади. Бу нарсаларни одамлардан насос учун пул йиғиб оладиган сувоқова ташкилоти раҳбарлари ўйлаши керакда. Бир қўшним 2017 йилгача сувнинг пулини тўлаб қўйган, энди яна насосга пул бердим¸ деяпти. Одамлар жуда ҳам қийналиб кетди. Маҳалламизда руҳий касалликлар шифохонаси бор. Одамлар ўша ердан сув ташияпти. Ҳар куни жанжал, у ердагилар бўлди келманглар дейди, эшикларини ёпиб қўяди. Этажлик домларда яшайдиганларга¸ айниқса¸ жуда қийин бўлди, дейди маҳалла фаоли.

Янгиер шаҳар сувоқова ташкилоти раҳбари Исроил Маҳкамов Озодлик билан суҳбатда бу муаммо эртага ҳал қилинади, деб ваъда берди:

- Шанхай учта скважинадан сув ичади. Ҳозир улардан биттаси ремонтда. Эртага олиб келиб ўрнатамиз. Автотранспорт воситасида иложи борича сувни ташиб бериб турибмиз, деди Исроил Маҳкамов.

Ташкилот раҳбари насос ремонти учун аҳолидан пули йиғиб олинаётгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди.

Бахмалда ҳам ичимлик суви муаммо

Жиззах вилояти Бахмал туманидаги Озодлик манбаси аҳолига берилаётган ичимлик сувининг ичишга яроқсизлиги, сув тўплаш ҳовузининг абгор ҳолатида эканлиги ҳақида хабар бериб, бу муаммога оид бир қанча суратларни тақдим этди:

"Бахмал тумани сувоқова корхонаси директори ва бошқа лавозимли шахслар айрим пулдор кимсаларга хоҳлаган жойларидан, яъни сув тарқатиш ҳовузига келаётган трубадан, хоҳлаган диаметрдаги шланкадан сув тортиб кетишга рухсат бераверади. Бизнинг чегара ҳудудга сув ҳам Тожикистон томондан келади. Бу сув тозаланмасдан тарқатилади. Пулдорлар томорқа суғориш билан банд, улардан ортган сувни халққа сотишади. Мана сув ҳовузимизнинг аҳволини ўзингиз кўринг ва унга ғайриқонуний уланган шланкаларни ҳам кўринг", деб ёзади бахмаллик манба.

Бахмал туманида яшайдиган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, бу ҳовузга сувнинг тўпланиши қору-ёмғирларга боғлиқ:

- Агар ёмғир ва қор кўп бўлса ҳовузимизда сув ҳам бўлади. Лекин сувни адолатли тақсимлаш йўқ. Сувоқова корхонаси раҳбарлари йиғилган сувни талон-тарож қилиб сотмоқда, деди маҳалла фаоли.

Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида ичимлик сув таъминоти йиллардан буён долзарб муаммо бўлиб келмоқда.

Қишлоқ ҳудудларида ҳозиргача ичимлик сувни ҳовузларда тўплаб ичиш ҳолатлари кузатилади.

Жумладан Озодликка келган мактублардан бирида, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ичимлик сувининг танқислиги боис турли хил касалликлар кўпайгани ҳақида айтилган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг сайловолди дастурида ҳам “бу соҳага харажатни аямаслик керак”, дейилган.

XS
SM
MD
LG