Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:46

Музработда туғруқхона таъмири учун аҳолидан пул йиғилаяпти


Туғруқхонага канализация ўрнатиш ҳаражатлари учун аҳолидан жами 5 миллион сўм йиғиш зарурлигини айтишди.
Туғруқхонага канализация ўрнатиш ҳаражатлари учун аҳолидан жами 5 миллион сўм йиғиш зарурлигини айтишди.

Сурхондарё вилояти Музработ тумани “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган туғруқхонани таъмирлаш учун ҳар бир хонадондан 10 минг сўмдан пул йиғилмоқда. Бундан ташқари ушбу туғруқхонанинг ишчи-хизматчилари ойлигидан ҳам таъмир учун пул ушлаб қолинмоқда. Мутасаддилар бу ҳолатни тасдиқлаб, туғруқхонага канализация ўрнатиш ҳаражатлари учун аҳолидан жами 5 миллион сўм йиғиш зарурлигини айтишди.

Июнь ойининг бошидан буён ушбу туғруқхона ходимлари уйма-уй юриб, аҳолидан таъмир учун пул йиғаяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган музработликка кўра, икки нафар ҳамшира келиб, туғруқхонани таъмирлаш ҳаражатлари учун ёрдам беришни сўраган:

“Ҳар бир хонадондан 10 минг сўмдан йиғишаяпти. Бизникига келганига икки кун бўлди. Ремонт учун ёрдам беринглар, деб сўраяпти. Кимдир бераяпти. Кимдир эса йўқ”, дея хабар қилди исмини ошкор қилмаётганимиз музработлик манба.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Музработ туманининг жами еттита маҳалласи аҳолисига хизмат кўрсатувчи туғруқхонани канализация йўқлиги боис ёпиш ҳақида юқоридан хабар келган.

Туғруқхона раҳбарияти уни сақлаб қолиш учун аҳолидан пул сўрашга қарор қилган.

Ушбу туғруқхона ходимларидан бири, исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, туғруқхона ишчи-хизматчиларидан ҳам пул йиғилмоқда.

“Ҳозиргача маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳолидан жами 2 миллион сўм йиғдик. Кейин дўхтир, ҳамшира борми, ҳамманинг ойлигидан 30-40 минг, бировлардан 50 минг сўм қилиб ушлаб қолишаяпти. Энди беришга мажбурмиз. Бермасак туғруқхонани ёпишади. Ёпилса, ишсиз қоламиз. Шу пайтгача, канализациясиз ишлаб келаётгандик. Бирдан канализация бўлмаса, ёпамиз деб қолишди. Ҳозир уже 1,5 миллион сўмга канализация қувурларини олиб келишди. Ишлар кетаяпти”, дейди туғруқхона ходимларидан бири.

Музработдаги маҳаллалардан бирининг фаолига кўра, аҳоли туғруқхона таъмири учун пулни ўз хоҳиши билан бераяпти:

“Ҳеч кимни мажбурламадик. Фуқаролар ўзи ёрдам бераяпти. Ҳомиладор аёл туғиш пайти район марказига борганидан кўра, ўзимизда туғса яхшику. Шунга фуқаролар ўзлари тушунган ҳолда ёрдам беришаяпти. Бу туғруқхонадан Қўшмон, Денов, Гулистон, Боғиэрам, Файзиобод, Чегара, Қоракамар маҳаллалари аёллари фойдаланиб келаяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз маҳалла фаоли.

Музработ туман тиббиёт бирлашмаси мулозимлари “Гулистон” маҳалласида жойлашган туғруқхонадаги таъмир ишларига бюджетдан ажратилган маблағ билан фақат ҳомийлар берган пуллар сарфланаётганини айтишди.

Шу кунларда нафақат Музработда балки мамлакатнинг турли ҳудудларида тиббий муассасалар таъмири учун пул йиғиш кампанияси кетмоқда.

Жумладан, Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам марказида беморлар ва уларнинг яқинларидан шифохона таъмири учун пул талаб қилинмоқда.

Наманганда эса шаҳар болалар касалхонаси 3 июндан бошлаб 15 кунга таъмир учун ёпилди ва шу муддат ичида ўтказиладиган таъмир ишлари учун дўхтирлар ва ҳамширалар иш ҳақининг бир қисми ушлаб қолинмоқда.

Ўзбекистонда давлат қарамоғида бўлган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда таъмирлаш ишлари шу муассасада ўқийдиган талабаларнинг ота-оналари ва ишчи-ходимлари ҳисобидан амалга оширилиши кўп кузатилади.

XS
SM
MD
LG