Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:59

Amnesty International: Бан Ки Мун инсон ҳуқуқлари муаммосини Ўзбекистон ҳукумати юзига солиши керак


Amnesty International 2014 йил 21 октбярь куни Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида қийноқларга қарши ўтказган намойиши.
Amnesty International 2014 йил 21 октбярь куни Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида қийноқларга қарши ўтказган намойиши.

Amnesty International ташкилоти БМТ Бош котиби Бан Ки Мунни, Тошкентга қиладиган сафари давомида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига доир аянчли вазият масаласини кўтаришга чақирди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 9 июнь куни эълон қилган очиқ хатида жаноб Бан Ўзбекистон ҳукуматидан, хусусан, қийноқларни тўхтатиш ва сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилиши керак, дейилади. Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилаётган БМТ раҳбари Тошкентга жума куни келади.


"БМТ Бош котиби Бан Ки Мун жорий ҳафта жума куни Тошкентга қиладиган ташрифи давомида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига доир аянчли вазият масаласини мамлакат раҳбарияти юзига солиши керак", дейилади Amnesty International ташкилоти 9 июнь куни ёйинлаган очиқ хатда.

Йиллардан бери БМТнинг инсон ҳуқуқлари масаласига оид чақириқларини беписанд қилиб келган Ўзбекистон ҳукумати, дейилади яна баёнотда, кечиктирмасдан долзарб ислоҳотларни амалга оширишга ваъда бериши керак.

Amnesty International ташкилотининг Террорчиликка қарши кураш ва Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Жулия Ҳолл Озодлик билан суҳбатда жаноб Бан нафақат бу масалани кўтариши, балки “қуруқ гаплар” билан чекланиб қолмаслиги мақсадга мувофиқ бўларди, дея таъкидлади.

- Нега ҳеч қандай босим Каримов режимини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга ундай олмаяпти, деган савол долзарблигича қолмоқда. Менимча, муаммо илдизи дунё етакчилари, шу жумладан, Бан Ки Мун, АҚШ ҳукумати, Германия ҳукумати, Европа Иттифоқи шу пайтгача қуруқ гапларни амалдаги ҳаракатга йўйиб келишганида. Улар қуруқ гаплар, савол бериш, инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришнинг ўзигина ҳаракат қилиш билан баробар, деб ҳисоблаб келишди. Биз эса, ҳаракат деб аталаётган баёнотларнинг оқибатлари ҳам бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз, дейди Amnesty International вакили.

БМТ раҳбарининг Тошкентга сафари арафасида эълон қилинган очиқ хатда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик идоралари шу кунларда ҳам қийноқларни қўллашда давом этаётгани, сиёсий маҳбусларнинг қамоқ жазолари узайтиралаётгани, инсон ҳуқуқлари фаоллари таъқиб этилаётгани ҳақида эслатилади.

Бан Ки Мунга йўлланган мактубда, хусусан, 31 май куни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари албянси раҳбари Елена Урлаеванинг руҳий ва жисмоний таҳқирланиши, мухолифатдаги “Эрк” партиясининг 16 йилдан бери қамоқда қолаётган фаоли Муҳаммад Бекжон ва яқинда қамоқ жазоси узайтирилглан ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновларнинг тақдири ҳақида гап боради.

Amnesty International вакили Жулия Ҳолл Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир кечиктириб бўлмайдиган учта муаммо БМТ раҳбарининг Тошкентга ташрифи кун тартибига киритлиши лозим, дея ҳисоблашини айтади.

- Биринчидан, бу Ўзбекистонда эндемик тус олган қийноқлар ва бошқа кўринишдаги ноинсоний муносабат масаласидир. Бу мутлақо кечичктирилмасдан ҳал этилиши лозим бўлган муаммодир. Бу муаммо режим тарафидан хаспўшланиб келади ва тарғиб этади. Унга нуқта қўйиш керак. Иккинчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фаолларига фикр эркинлигини изҳор қилиш ва фуқаровий жамият ясай олишларига имкон берилиши масаласидир. Учинчиси, сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши. Ўзбекистонда ноҳақ қамалганлар сони жуда кўп. Булар Amnesty International томонидан виждон тутқунлари деб топилганлар ва сиёсий сабабларга кўра қамоққа ташлангарлардир. Уларнинг шундоқ ҳам узоқ йиллик жазолари турли баҳоналар билан узайтирилмоқда. Бу бегуноҳ одамлар дарҳол озод қилиниши керак, дейди Amnesty International вакили Жулия Ҳолл Озодлик билан суҳбатда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 9-12 июнь кунларига белгиланган Марказий Осиё бўйлаб сафарининг сўнгги нуқтаси ўлароқ, Тошкентга сафар қилади. Тошкентда Баннинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва бошқа расмийлар билан учрашиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG