Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:34

Бан Ки Мун Ислом Каримовни пахтазорларда мажбурий меҳнатни тўхтатишга чақирди


Бан Ки Мун 2010 йил апрелида ҳам Тошкентга келиб, президент Каримов билан учрашган эди.
Бан Ки Мун 2010 йил апрелида ҳам Тошкентга келиб, президент Каримов билан учрашган эди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 12 июнда Тошкентда президент Ислом Каримов билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукуматини пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишини тўхтатишга ва маҳбусларга нисбатан муносабатни яхшилашга чақирди.

“Президент Каримов қонун устиворлиги муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Лекин китобдаги қонунлар одамларнинг реал ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши керак”, деб билдирди Бан Ки Мун президент Каримов билан учрашганидан сўнг журналистларга берган суҳбатида.

У Ўз сўзи давомида: “Ўзбекистон пахта секторида болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам бериш юзасидан сезиларли силжишларга эришди. Энди эса ўқитувчи, шифокор ва бошқа соҳа вакилларининг пахта далаларига мажбурий жалб қилинишига, маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабатларга барҳам бериш учун кўпроқ иш қилиш керак”, деб айтган.

Ўзбекистон дунёда энг кўп пахта етиштирувчи ва экспорт қилувчи етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолисини мажбурий тарзда пахта далаларида ишлашга мажбур қилиб келаётгани ҳақида бонг уриб келмоқдалар.

Ўзбекистонда шу кунгача пахтанинг 95 фоизи қўлда терилиши муносабати билан бу соҳа жуда кўп ишчи кучини талаб қилаётир. Дунёдаги юздан ортиқ кийим-кечак ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани боис ўзбек пахтасини сотиб олишга бойкот эълон қилган.

Айни пайтда халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Ўзбекистонда минглаб сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳбуслар борлигини айтиб келади. Халқаро ташкилотлар бераётган маълумотларга ишонилса, қамоқхонада улар қайноқ сув билан қийноққа солинади, бу каби маҳбусларнинг қамоқ муддатлари асоссиз равишда узайтириб борилади.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Бан Ки Мунни Марказий Осиё сафари доирасида айни мана шу муаммога кўпроқ эътибор қаратишга ундаб баёнот тарқатган эди.

- Ўзбек расмийлари тез-тез мутлақо куракда турмайдиган айбловлар билан сиёсий маҳбуслар қамоқ муддатини узайтирадилар. Масалан, жазо муддати 4-5 марта узайтирилган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг қамоқ муҳлати бир марта унинг ошхонада сабзини нотўғри арчгани сабабли чўзилган. Ўзбек расмийлари инсон учун ўта таҳқирли бўлган бу тажрибаси билан халқаро ҳуқуқ меъёрларини қўпол равишда бузаяптилар, - деб айтди Озодлик радиосига Ҳюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) эса ўзининг “Ўзбекистон деб номланган қамоқхона” веб-саҳифасида қамоқда қолаётган 13 нафар ҳуқуқ фаоли номини келтирган.

Халқаро ташкилотлар озод этилишини талаб қилиб келаётган сиёсий маҳбуслар орасида Аъзам Фармонов,Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов, Ғанихон Маматхонов номлари бор.

Ўзбекистонда энг узоқ муддат қамоқда сақланаётган сиёсий маҳкум Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Самандар Қўқоновлардир. Уларга дастлаб 5-10 йиллик қамоқ жазоси берилган бўлса, бу муддат тугагач, янги жазо муддатлари қўшилишда давом этмоқда.

БМТ раҳбари Марказий Осиё сафари доирасида 11 июнь куни кечқурун Тошкентга келган эди. Ўзбекистонгa ташрифидан олдин БМТ Бош котиби Тожикистон, Қозоғистон вa Қирғизистонга сафар қилди.

Ўзбекистон сaфaридaн сўнг БМТ Бош котиби Туркмaнистонгa йўл олган.

XS
SM
MD
LG